Ўзбекистон | 08:20 / 01.08.2025
654
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон университетлари саудиялик ёшлар учун грантлар ажратиши мумкин 

Ўзбекистон бош консули Сирожиддин Шамсуддинов Саудия Арабистони Таълим вазирлигининг Жидда бўлими бош котиби Манал бинти Муборак билан учрашди.

Фото: Дунё

Самарқанддаги Имом Бухорий илмий-тадқиқотлар маркази, Тошкент халқаро ислом академияси ва давлат раҳбари ташаббуси билан пойтахтда барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази каби маърифий масканлар фаолияти қайд этилди. Шунингдек, Бош консулхона ҳузурида "Ўзбек тилини ўргатиш маркази"ни очиш таклифи билдирилди.

Саудия Арабистони Таълим вазирлигининг Жидда бўлими бош котиби ўз навбатида, мазкур ташаббусни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирди.

Бош котиб Манал бинти Муборакнинг айтишича, Саудия Арабистони Ўзбекистоннинг ислом цивилизациясининг бешиги сифатидаги ўрнидан келиб чиқиб, мамлакат билан ҳунармандчилик, амалий санъати буюмларини ясаш, хаттотлик, ёғоч ўймакорлиги, миниатюра санъати, каштачилик ва гилам тўқиш соҳаларида ҳамкорлик ўрнатишдан манфаатдор.

"Ушбу йўналишдаги ҳамкорлик доирасида Саудия ёшлари ва мураббийлари учун Ўзбекистонга қисқа муддатли ўқув курслари ва мастер-класслар ташкил этишни таклиф қиламиз", – деди у.

Мулоқот чоғида, шунингдек, Жидда, Макка ва Мадинадаги олий таълим муассасаларида Ўзбекистон фуқаролари учун, Ўзбекистоннинг тиббиёт, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва муҳандислик йўналишларидаги университетларида саудиялик ёшлар учун грантлар ажратиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.

Мавзуга оид