Жаҳон | 13:06 / 01.08.2025
2231
4 дақиқада ўқилади

Трампнинг махсус вакили Нетаняҳу билан учрашди. У Ғазога ҳам бормоқчи

Исроилга ортаётган халқаро босим фонида АҚШ махсус вакили Стив Уиткофф Тел-Авивга келди. У Нетаняҳу билан “сулҳ музокараларини сақлаб қолиш ва ҳуманитар инқироз“ни муҳокама қилди. Уиткофф бугун Ғазога ҳам бориб, озиқ-овқат етказиб беришни тезлаштиришга ҳаракат қилади.

Фото: Исроил бош вазири офиси

31 июл куни Тел-Авивга келган АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан учрашди. Уиткоффнинг келишидан бироз ўтиб, АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг Truth Social тармоғида шундай ёзди:

«Ғазодаги гуманитар инқирозни тугатишнинг энг тез йўли – ҲАМАС таслим бўлиши ва гаровдагиларни озод қилишидир!!»

Reutersʼнинг ёзишича, у суҳбатда Ғазо бўйича сулҳ музокараларини сақлаб қолиш ва Исроилнинг ҳарбий ҳужуми сабаб юзага келган ҳуманитар инқирозни ҳал этишга уринди.

Уиткофф Ғазодаги вайронагарчилик ва ёрдамнинг чекланиши сабаб Исроилга тобора кучайиб бораётган халқаро босим остида келган. Хусусан, шу кунларда глобал очликни кузатувчи ташкилот Ғазо ҳудудида очарчилик бошланганидан огоҳлантирмоқда.

Учрашувдан сўнг юқори мартабали исроиллик расмийси «АҚШ ва Исроилда гаровдагиларнинг ҳаммасини озод қилиш, ҲАМАСни қуролсизлантириш ва Ғазо секторини демилитаризация қилиш зарур» деган тушунча шаклланаётганини айтган.

Умуман олганда, Reuters манбаси Уиткофф ва Нетнаяҳу музокаралари бўйича расмий тафсилот бермаган, бироқ Исроил ва АҚШ ёрдамни ошириш устида ҳамкорлик қилишини, жанглар эса давом этишини айтди.

Оқ уй маълум қилишича, Уиткофф бугун, 1 август куни Ғазога бориб озиқ-овқат етказиб беришни текширади ва ёрдамни тезлаштириш бўйича якуний режани ишлаб чиқади.

«Махсус элчи ва [АҚШнинг Исроилдаги] элчи президентни дарҳол хабардор қилади ва озиқ-овқат ва ёрдам тарқатиш бўйича якуний режани тасдиқлаш учун брифинг ўтказади», деди Оқ уй матбуот котиби Каролин Левитт.

Трамп пайшанба куни мухбирлар саволига жавоб берар экан, Ғазодаги вазиятни «даҳшатли нарса» деб атади: «Ҳа, у ерда бўлаётган нарса даҳшатли. Одамлар жуда оч қолган», деди. Шунингдек, АҚШнинг очликни юмшатиш учун ажратаётган молиявий ёрдамни ҳам эслатиб ўтди. Республикачи конгрессмен Тейлор Грин Исроилнинг ҳужумини геноцид деб атаган эди.

Исроилнинг ҳужумлари давом этмоқда

Ғазо тиббиёт расмийлари айтишича, пайшанба куни Исроил ўқ отиши оқибатида камида 23 одам ҳалок бўлган. Шу жумладан, Нетзарим йўлагида ёрдам олиш учун йиғилганлардан 12 киши ҳам. Исроил армияси эса фақат огоҳлантириш учун ўқ узилганини ва қурбонлар аниқланмаганини билдирди.

Исроил ҳужуми бошланганидан буён очлик ва тўйиб овқатланмасликдан 156 киши ҳалок бўлган, уларнинг кўпи сўнгги ҳафталарда вафот этди.

Кучли ва очиқ халқаро босим фонида Исроил якшанба куни Ғазода ҳарбий амалиётларни кунига 10 соат тўхтатишини ва озиқ-овқат ва дори конвойлари учун хавфсиз йўлаклар белгилашини эълон қилди. БМТнинг Ҳуманитар ишларга координаторлик идорасига кўра, дастлабки икки кунда кўпроқ озиқ-овқат киритишга эришилган, бироқ ҳажм «ҳали етарли эмас».

Бундан ташқари, Ғазо аҳолиси озиқ-овқат олишга ҳаракат қилганда исроиллик аскарлар томонидан хавф остида қолмоқда. Уруш бошланганидан бери Ғазода 60 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, 150 мингга яқин инсон жароҳатланган.

Мавзуга оид