Жаҳон | 08:46
1348
2 дақиқада ўқилади

Германия Россия туфайли пиёдаларга қарши миналарга қайтишни муҳокама қилмоқда

Бундестаг ташқи сиёсат қўмитасидаги ҳукмрон ХДИ/ХСИ блокининг вакили Родерих Кизеветтер Германиянинг пиёдаларга қарши миналарни тақиқлаш бўйича конвенциядан чиқишини ёқлади. Германия ташқи ишлар вазирлиги бундай режалар йўқлигини маълум қилди.

Фото: AP

Германия Россия таҳдиди туфайли пиёдаларга қарши миналарни тақиқлаш халқаро конвенциясидан вақтинча чиқиши керак. Бу ҳақда Бундестагнинг ташқи ишлар бўйича қўмитасидаги Христиан-демократик ва Христиан-социал иттифоқлари (ХДИ/ХСИ) консерватив блоки вакили Родерих Кизеветтер маълум қилди. Германияда ҳукмрон коалицияга ХДИ/ХСИ блоки етакчилик қилади.

«Мен Оттава шартномасидан вақтинча чиқиш тарафдориман. То Россия ўзига қўшни давлатларнинг мавжуд бўлиш ҳуқуқини тан олмагунига қадар», — деди Кизеветтер ZDF телеканалига берган интервюсида.

«Конвенциядан аллақачон чиқиб кетган давлатлар Россия ҳаракатлари туфайли ўзини хавф остида ҳис қилмоқда. Бундай қурол тури Оттава шартномасида тақиқланган, чунки ундан кенг кўламли ҳарбий муваффақиятларга жуда тез эришиш учун фойдаланиш мумкин. Агар биз бу давлатлар бошдан кечираётган хавфсизлик хавотирларини қабул қилсак ва тушунсак, тўғри қилган бўламиз», — дея қўшимча қилди сиёсатчи.

Кизеветтернинг эслатишича, Германия ва Россия умумий чегарага эга бўлмаса-да, Литвада Бундесвернинг зирҳли танк бригадаси жойлашган. Сиёсатчининг фикрича, унга Россия Федерацияси таҳдид қилмоқда. «Германия ўзидан сўраши керакки, бу бизни Литвада нишон остига қўядими ва биз тўхтатувчи куч йўқлиги сабабли заиф бўлиб қоляпмизми», деди депутат.

Мавзуга оид