Ўзбекистон | 23:30 / 02.08.2025
861
15 дақиқада ўқилади

Кун тартибидаги маиший коррупция ва зарарни қоплаганга озодлик — ҳафта дайжести

Тошкентга учинчи аэропорт, Чорвоққа учинчи йўл қурилади. Ўзбекистон Европадаги давлатнинг визасиз режим таклифини жавобсиз қолдиргани айтилмоқда. Хориждан келганлар ОИВга мажбурий тест топширади. Муҳокамада – маиший коррупция; декларациялаш қонунидан эса ҳамон дарак йўқ. Kun.uz'да – ҳафта дайжести.

Тошкент учун учинчи аэропорт

Тошкент шаҳри жанубида янги халқаро аэропорт қурилади. Бу ҳақдаги режалар жума куни президентга тақдимот қилинди. Маълум қилинишича, Тошкентга авиайўловчилар оқими 2030 йилга бориб 15 миллионга етиши кутиляпти, лекин бунга ҳозирги аэропортнинг қуввати етмайди. Шаҳар ичида жойлашгани сабабли, уни кенгайтиришнинг ҳам иложи йўқ. Шу сабаб Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт қуришга қарор қилинган.

“Бой тажрибага эга компаниялар билан, давлат-хусусий шерикчилик асосида амалга оширилади. Танланган ер майдони Тошкент шаҳридаги мавжуд аэропортдан 17 км узоқликда, Тошкент шаҳрига нисбатан жанубда. Тошкентни Самарқанд билан боғлайдиган мавжуд автомобил йўлига узоқ бўлмаган жойда қурилиши режалаштирилган”,деди транспорт вазири Илҳом Маҳкамов.

Маълумот учун, Тошкент шаҳри билан Янги Тошкент оралиғида “Тошкент-Шарқий” аэропорти ҳам қуриляпти. Июн ойида давлат раҳбари қурилиш ишларини бориб кўрган, ўшанда Uzbekistan Airways раиси Шуҳрат Худойқулов янги аэропорт тез орада очилишини айтганди. Шундан кейин барча чартер рейслар шу аэропортга кўчирилиши режалаштирилган.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов жума кунги тақдимотдан кейин пулли йўллар ҳақида ҳам маълумот берди. Унинг айтишича, Тошкент–Самарқанд пулли йўлини қуриш бўйича халқаро танлов ғолиби аниқланган, қурилиш ишлари шу йилнинг ўзида бошланади. Бундан ташқари, Тошкент–Чорвоқ йўналишидаги ҳозирги автомобил йўлига тегмаган ҳолда, хусусий шерик билан бирга янги йўл қурилиши ҳам кўзда тутилган. Эслатиб ўтамиз, ўтган йили бу борадаги режалар бошқача эди: Тошкентдан Чорвоққа олиб борувчи ҳозирги мавжуд иккита йўлдан биттасини асфалт-бетон қоплама билан қайтадан қуриб, пулли йўлга айлантириш масаласи кўтарилган ва бу жамоатчилик танқидларига сабаб бўлганди.

Визасиз режим таклифи жавобсиз қолганми?

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги визасиз режим жорий қилиш ҳақида Албания киритган таклифни жавобсиз қолдирган. Ижтимоий тармоқларда бу ҳақда Албания собиқ ташқи ишлар вазирига иқтибос келтирилган хабар тарқалди. Хабарда айтилишича, Албания расмийлари визасиз режим таклифи билан Ўзбекистон ва Қозоғистон Ташқи ишлар вазирликларига хат йўллаган, шундан кейин Остонадан эртаси куниёқ жавоб келган, расмий Тошкент эса бу мактубни жавобсиз қолдирган. Маълумот учун, қозоғистонликлар 2022 йилдан бери Албанияга визасиз бориш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон ТИВ шундай воқеа рўй берганини инкор қилмади. Вазирлик Албания номи тилга олинмаган баёнот чиқариб, ҳозирда ўнлаб давлатлар билан ватандошларнинг хорижга чиқишини осонлаштириш бўйича фаол музокара олиб борилаётганини маълум қилди. Баёнотда асосий урғу бу борада эришилган ютуқларга қаратилган. Унга кўра, бугунги кунда Ўзбекистон фуқаролари 34 та давлатга визасиз, яна 42 та давлатга эса соддалаштирилган тартибда виза олиш имкониятига эга.

Албания ҳақидаги хабар муаллифи, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов ТИВ вакили билан мулоқотда бўлганини айтиб, ўз твитини ўчириб юборди. Унинг сўзларига кўра, вазирликдагилар “Албания бўйича жараён аллақачон бошлангани”ни айтишган.

Департамент раҳбариятида истеъфолар

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти раҳбарияти ишдан кетди. Департамент бошлиғи Шамсиддин Соҳибназаровнинг истеъфоси эълон қилинмай, унинг ўрнига президент фармони билан бош прокурорнинг бошқа бир ўринбосари Жаҳонгир Ҳотамов тайинланди. Департамент бошлиғининг биринчи ўринбосари Иноят Шукуров ва департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Муҳаммаджон Рўзматов ҳам ишдан кетди. Уларнинг бўшатилиши “ўз хоҳишига кўра” деб расмийлаштирилган ва иккаласи ҳам департамент органларидан бўшатилган. Маълумот учун, ўтган ҳафта Бош прокуратура Кадрлар бошқармаси бошлиғи Алижон Абдуллаев ҳам “ўз хоҳишига кўра” ишдан олинган эди.

Департаментдаги истеъфолар – коррупцияга қарши курашиш бўйича президент ҳузурида ўтган йиғилишдан кейин рўй берди. Йиғилишда маиший коррупцияга қарши курашиш масалалари муҳокама қилиниб, бош прокурорга тегишли топшириқлар берилди.

“Йил бошидан буён 2431 та коррупция ҳолати аниқланди. Мана шундан 12 таси республика, 171 таси вилоят, 2156 таси туман, яна 92 таси маҳалла даражасида бўлган. Одамлар ҳокимиятдан, банкдан, кадастрдан норози бўляпти. Бюрократия, коррупция туйнуклари тўлиқ йўқолгани йўқ. [...] Охирги 2 йилда ноқонуний ер сотиш бўйича 2700 та ҳолатда 5000 гектар ер талон-торож бўлган; ачинарлиси, бунга ҳокимлик, кадастр ва қурилиш ходимлари ўзи бош бўляпти”,деди Шавкат Мирзиёев.

Коррупцияга қарши курашиш мавзусидаги йиғилишда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов ҳам, унинг ўринбосарлари ҳам иштирок этмагани – эътиборга молик. Эслатиб ўтамиз, апрел ойида ушбу агентлик, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратурага давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларациялаш бўйича қонун лойиҳасини май ойида тайёрлаб тугатиш топшириғи берилган эди. Шундан кейин бу борада янгилик бўлмади.

Зарарни қоплаганга – озодлик

“Тошшаҳартрансхизмат”нинг 7,5 йилга қамалган собиқ раҳбари Анвар Жўраев ярим йил ўтиб озодликка чиқди. Бу янгиликни эшитган одам, агар яхши гумонда бўлса, “аввалги судларда нотўғри айблов қўйилган экан-да” деб ўйлаши мумкин. Лекин ундай эмас: амалдорга қўйилган айблов ўзгармаган. Унда нега қўйиб юборилди? Бу саволга жавобан Олий суднинг маълум қилишича, Анвар Жўраевнинг озод қилинишига Жиноят кодексининг 167-моддаси асос бўлган. Бу моддага кўра, Ўзбекистонда давлат мулкини талон-торож қилганлар, агар ўғрилаган пулларини жойига қайтариб қўйса, қамалмайди.

“Тошшаҳартрансхизмат”ни 4 йилдан кўпроқ бошқарган Анвар Жўраев 2024 йил бошида ишдан олиниб, терговга тортилганди. Кейинчалик суд уни Жиноят кодексининг талон-торож қилиш ва бошқа моддалари билан айбдор деб топиб, 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилди. Жўраев судда ўзига қўйилган айбловларни тўлиқ рад этган. Kun.uz'нинг аниқлашича, икки ой олдин Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси унга берилган жазони 4,5 йилга озодликни чеклашга алмаштирган. Олий суд изоҳига кўра, жазонинг енгилроғига алмаштирилишига етказилган зарарлар қоплангани сабаб бўлган.

Энергетика ва бюджет

Ўзбекистонда истеъмолчилар сифатли ва барқарор электр энергиясини олиш ҳуқуқига эга. Ҳар ҳолда, қонунда шундай ёзилган. Сенатор Сайёра Абдукаримова энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга ана шу қонунни эслатиб қўйишга қарор қилди. Сенатор Тошкент шаҳрида тинмай свет ўчаётганига изоҳ беришни талаб қилиб, вазирга сўров юборган. 3-4 соатлаб давом этаётган узилишлар аҳоли ҳаётига салбий таъсир қиляпти, бизнеслар катта молиявий зарар кўряпти, светофорларнинг ўчиши эса хавфсизликка таҳдид солмоқда, дейилади сенаторнинг вазирга юборган хатида.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги шу ҳафта эълон қилган фискал стратегиядан маълум бўлишича, ҳукумат келаси йилдан бошлаб электр энергияси учун субсидия ажратишни тўхтатмоқчи. Табиий газ ва иссиқлик таъминоти учун эса, сўнгги икки йилда тарифлар бир неча баробар ошганига қарамай, субсидия ажратиш давом этади. Аввалроқ бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров энергетика соҳасига 2028 йилдан бошлаб субсидия ажратиш тўхталишини айтганди. Энди эса бу гап энг камида чала айтилгани маълум бўляпти. Фискал стратегияда газ ва иссиқлик таъминотини 2028 йилда ҳам субсидиялаш (бу икки йўналишга жами 9 трлн сўм) кўзда тутилган.

Ҳужжатдан кўриш мумкинки, бир томондан, энергетикани субсидиялаш қисқаради, лекин бошқа томондан, айни шу соҳа асосий ўрин тутадиган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича фискал мажбуриятлар ортади. ДХШ битимлари бўйича тўғридан тўғри давлат бюджетининг гарданига тушадиган харажатлар 2025 йилда 9,3 трлн сўм, 2027 йилда эса 11,7 трлн сўмни ташкил этиши кутиляпти. Бу триллионлардан ташқари, давлат компанияларининг мажбуриятлари ҳам бор. Бу мажбуриятлар уч йил ичида 2,5 баробарга ошиб, 2027 йилда 27,6 трлн сўмга етиши мумкин. Бундай кескин ўсиш – ишлаб чиқарилган электр энергияси кафолатли тарзда сотиб олинадиган янги электр станцияларининг ишга тушиши билан боғлиқ. Бу ўринда, кафолатли харид нархи кўпинча жамоатчиликдан сир тутилаётганини ҳам таъкидлашга мажбурмиз. Эслатиб ўтамиз, охирги пайтларда халқаро молия ташкилотлари Ўзбекистон ҳақидаги ҳисоботларида айнан ДХШ мажбуриятлари билан боғлиқ рискларга алоҳида эътибор қаратяпти.

Дайжестимизнинг энергетикага оид қисмини иссиқхоначилар узоқ кутган катта янгилик билан якунлаймиз. Хабарингиз бўлса, бутун Ўзбекистон бўйлаб катта маблағ эвазига қурилган иссиқхоналар нураб, хароба бўлиб ётгани ҳақида Kun.uz бир ой олдин иккита кўрсатув эълон қилган эди. Қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича ўтказилган чоршанба кунги селекторда бу муаммога ҳам эътибор қаратилиб, иссиқхоналарга қишки мавсумда газ кафолатли ҳажмда берилиши, газ учун олдиндан тўлов октябрдан мартгача 50 фоизга туширилиши эълон қилинди. Бундан ташқари, минглаб иссиқхоналарнинг солиқ тўловлари 1 январгача узайтирилди. 2028 йилгача иссиқхона ишчилари учун ижтимоий солиқ 12 фоиздан 1 фоизга тушириладиган бўлди.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига янги раҳбар тайинланди. Эъзозхон Каримова вазир ўринбосари – Низомий номидаги педагогика университети ректори сифатида иш бошлаганидан уч ой ўтиб, вазир лавозимига кўтарилди. У тайинловдан олдин парламентда ўзининг ислоҳотлар дастурини тақдим этгани, шундан кейин депутатлар унинг номзодини маъқуллаб бергани айтилди. Лекин доимгидек, бундай йиғилиш эфирга узатилгани йўқ, яъни жамоатчилик янги вазирнинг дастуридан бехабар қолди. Эслатиб ўтамиз, аввалги вазир Ҳилола Умарова Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари этиб тайинланган эди.

Қонунчилик палатасида жонли эфирга узатилмасдан қабул қилинган яна бир қарор бор. 31 июл куни имзоланган қонунга асосан, ички ишлар ва миллий гвардия ходимларининг қонуний талабларини бажармаганлик учун жариманинг минимал миқдори 5 баробарга оширилди. Аввал бу модда бўйича фуқаролар БҲМнинг 1 бараваридан 12 бараваригача жаримага тортилган бўлса, эндиликда орган ходимларига бўйсунмаганларни БҲМнинг 5 бараваридан 12 бараваригача жарима кутади. Бир йил ичида такрор содир этилганда, жарима аввалгидек БҲМнинг 15 бараваригача эмас, 30 бараваригача бўлади. Эслатиб ўтамиз, орган ходимининг қонуний талабини бажармаслик деганда – ҳуқуқбузарликни тўхтатмаслик, ҳужжатини тақдим этмаслик, идорага чақирилганда вақтида бормаслик ва бошқа ҳолатлар тушунилади.

Хориждан қайтганларни ОИВ текширувидан ўтказиш ҳақидаги қонун Сенат тасдиғидан ўтди. Президентга юборилган қонунга кўра, узлуксиз 90 кун ва ундан кўпроқ вақт хорижда бўлиб қайтган, 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган барча шахслардан мажбурий равишда ОИВга тест олинади. Маълумотларга кўра, дунёнинг ҳеч қайси давлатида бунақа тартиб йўқ. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги халқаро ташкилотлар ҳам бундай амалиётларни қўллаб-қувватламайди. Қонун имзоланган тақдирда, у айнан қандай ишлаши ҳукумат қарорида белгиланади. Бунда, хорижга чиқиб келган ватандошнинг уйига тиббий ходим ва профилактика инспектори келиб, оила билан суҳбат ўтказиши ва 3 кун ичида ОИВга тест топшириши ҳақида огоҳлантириб кетиши кўзда тутилган. Агар ватандош текширувдан ўтишни рад этса, оқибати нима бўлади, буниси маълум эмас.

Тошкентда ноқонуний кетаётган ўнлаб қурилишлар тўхтатилди. Пойтахт ҳокимлиги бу қурилишларни амалга ошираётган компанияларнинг айримларини “виждонсиз” деб атади, чунки улар тегишли ҳужжатларни олмай туриб, қурилишни ҳам, квартира сотишни ҳам бошлаб юборган. Рейдлар давомида шаҳар бўйлаб 59 та объектдаги ишлар тўхтатилиб, электр таъминотидан узиб қўйилди. Табиийки, одамлардан: “Айнан қайси объектлар ноқонуний экан?” деган саволлар ёғилди. Бунга жавобан ҳокимлик шунчаки рўйхатни эълон қилиб қўя қолмасдан, ўз сайтида ташкилотнинг номини киритиш орқали, унинг қурилиши тўхтатилганми-йўқми, текшириш имконини яратди. Kun.uz 30 июл ҳолатига рўйхатдаги 55 та субъектни аниқлади. Расмийларга кўра, улар ҳужжатларини олганидан кейин, қонуний равишда қурилишини давом эттириши мумкин.

Самарқандда ноқонуний қурилган 12 қаватли машҳур бинони бузиш бошланди. Бу ҳақдаги суд қарорини ижро этишга киришилган. Объект эгаси Фурқат Халилов ижтимоий тармоқларда кўзёши билан чиқиш қилиб, 10 йиллик меҳнати ҳавога учаётганидан шикоят қилди. У аввалроқ Kun.uz'га берган интервюсида орзусидаги иморат учун 3 млн доллардан ортиқ пули кетганини айтганди. Эслатиб ўтамиз, 12 қаватли меҳмонхона ноқонуний қурилган бўлиб, экспертлар уни сейсмик хавфли деб хулоса берган. Антиқа иншоот ўтган йиллар давомида туристик объектга ҳам айланиб қолганди.

Дайжестимизга саноат корхоналаридаги экологик ҳодисалар билан якун ясаймиз. Андижоннинг Булоқбоши туманида “Саноат-энергетика гуруҳи”га қарашли нефт заводида авария рўй бериб, каналга нефт оқиб кетди. Шу туманнинг бошқа бир нуқтасида текстил фабрикаси оқава суви билан канални оппоқ кўпикка тўлдирди. Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида эса пудратчиси очиқланмаган кондан газ сизиб чиқди. Энергетика вазирлигига кўра, газ қудуғи аҳоли пунктларидан узоқда бўлиб, у ердан олтингугуртсиз, тоза метан газ чиқяпти. Жароҳатланганлар йўқлиги айтилди. Шунингдек, Навоий шаҳри ҳавосини ифлослантиришда гумонланган 20 дан ортиқ корхона фаолияти вақтинча тўхтатилди, “Навоийазот” ҳам жарима ва компенсация тўлаши белгиланди. Бўстонлиқда эса яна ўрмон ёнғини рўй берди: Бурчмулла ўрмон хўжалигида чиққан ёнғинни ўчиришда яна ҳарбий вертолётлардан фойдаланишга тўғри келди.

Муаллиф – Комрон Чегабоев
Доимий бошловчи – Бобур Акмалов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова
Тасвирчи – Шоҳруз Абдурайимов

Мавзуга оид