Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Муаммолар гирдобидаги қурилиш сектори. Сенат Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборди
Ўзбекистонда қурилиш сектори билан боғлиқ вазият жиддийлигича қоляпти. Сенатор Эркин Гадоев тақдим қилган маълумотларга кўра, техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилмаган, аниқ ҳисоб-китоби йўқ лойиҳаларга ташқи қарз жалб қилиш ҳолатлари кузатилган. Шунингдек, 2024 йил ва 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида кўп квартирали уйларнинг техник ҳолати билан боғлиқ 8 мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари содир этилган.

Фото: Kun.uz
2 август куни ўтказилган Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлисида ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш ва қурилишларни тартибга солиш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.
Сенатор Эркин Гадоевнинг маълум қилишича, айрим ҳудудлардаги инфратузилмани ривожлантириш ва қурилишларни тартибга солишда соҳага оид қонун ҳужжатларига тўла риоя қилинмаслиги, ноқонуний, айниқса, кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларда ўзбошимчалик билан амалга оширилаётган қурилишлар ва умумий фойдаланиш жойларини тўсиб олиш каби ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар талаб даражасида эмас.
Шунингдек, халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳаларда қурилиш ишларини бошлашгача бўлган тайёргарлик жараёнида техник-иқтисодий асосларни тасдиқлаш ва молиялаштириш шартларини келишишдаги кечикиш ҳолатлари қурилиш ишларининг белгиланган муддатларда бошланишига тўсқинлик қиляпти.
Таъкидланишича, техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилмаган, аниқ ҳисоб-китоби йўқ лойиҳаларга ташқи қарз жалб қилиш ҳолатлари мавжуд.
Хусусан, тиббиёт соҳасини ривожлантириш мақсадида жалб қилинган умумий қиймати 300 млн долларга тенг 3 та лойиҳа бўйича техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилмагани сабабли халқаро молия институтлари маблағларидан бир йил ва ундан ортиқ муддатдан бери фойдаланилмасдан келинмоқда.
Масалан, 2024 йил майдаги қарз битимига асосан Тошкент шаҳрида 120 ўқув ўрнига эга бўлган қиймати 70 млн долларлик тиббиёт олий таълим масканини барпо этиш лойиҳалари бўйича техник-иқтисодий асос ҳанузгача ишлаб чиқилмаган.
Шунингдек, 2024 йил ва 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида кўп квартирали уйларнинг техник ҳолати билан боғлиқ 8 мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари содир этилган. Шундан, 431 та таянч конструкциялар, 2,6 мингта тўсиқ конструкциялар бузилган, 3,3 мингдан ортиқ кўп квартирали уйларга туташ майдонларда ноқонуний қурилмалар қурилган, 1,8 мингдан ортиқ умумий фойдаланишдаги жойлар ўзбошимчалик билан тўсиб олинган.
Қурилиш ташкилотлари томонидан белгиланган қонун ва қоидаларга риоя этилмагани оқибатида 2024 йил ва 2025 йилнинг ўтган даври давомида ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки бошқа қурилмаларни бузишга доир фуқаролик судларида кўрилган 11 мингдан ортиқ ишдан 8,3 мингтаси (75 фоизи) қаноатлантирилиб, ноқонуний қурилмаларни бузиш тўғрисида суд қарорлари чиқарилган.
2023−2024 йилларда кўп квартирали уйлар қурилишида лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишдан тортиб фойдаланишга топширишгача бўлган жараёнларда 5,5 мингта ҳолатда қонунчилик талаблари бузилган.
Жумладан, 102 та кўп квартирали уй қурилишида сифатсиз ва лойиҳа ҳужжатларида кўрсатилган маркадан паст мустаҳкамликдаги бетон материаллари ишлатилган.
Кўп квартирали уйларга 139 та ҳолатда лифт ўрнатишга оид қонун ҳужжатлари талаблари бажарилмаган.
Бундан ташқари, қурилиши якунланмаган ҳамда шаҳарсозлик норма ва қоидаларига зид қурилган 74 та объект Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан фойдаланишга қабул қилинган. Масалан, Тошкент шаҳри Яшнобод тумани Паркент кўчасидаги 9 қаватли 182-кўп квартирали уй “First Development Group ” МЧЖ томонидан ўта сифатсиз қурилган бўлса-да, фойдаланишга қабул қилинган. Оқибатда хонадон сотиб олган 102 нафар фуқаронинг ҳаёти хавф остида қолиб, уларнинг ҳақли эътироз билан масъул идораларга мурожаат қилишларига сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, II ва ундан юқори тоифадаги объектлар қурилишида бетон қуйиш жараёнида маҳсулотнинг сифатлилигини текширишга лаборатория мутахассиси жалб қилган ҳолда синов намунасини олиш учун пудратчи, техник назоратчи ва пудратчи ички назоратчисининг мажбуриятлари аниқ белгиланмаган.
Архитектура-шаҳарсозлик кенгашларининг фаолият юритиш тартиби тўлиқ электрон тизимга ўтказилмагани сабабли 185 та ҳолатда объектларнинг лойиҳа ҳужжатларига чегаралар ва муҳофаза ҳудудлари, «яшил ҳудуд», автотураргоҳ ва болалар майдони ташкил этишга оид талаблар ҳисобга олинмасдан ижобий хулоса берилган.
Қурилиш объектига таъминотчи ташкилотлар томонидан етказиб берилган қурилиш материалларининг сифати ва талабга жавоб бериши пудратчи ташкилот томонидан ўрганилмаяпти.
Масалан, қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган объектларда 402 та ҳолатда пудратчининг ички назорати олиб борилмаган. Оқибатда 223 та ҳолатда фасад ва ободонлаштириш ишлари, 181 та ҳолатда ички девор ва пардозлаш ишлари сифатсиз бажарилган, 277 та ҳолатда бино пойдевори, колонналарни арматура билан боғлаш ҳамда том-ёғоч конструкциялари лойиҳа ҳужжатлари бузилган ҳолда бажарилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш ва қурилишларни тартибга солиш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан юборилаётган ушбу парламент сўровининг асосий йўналишлари сифатида:
Биринчидан, аҳоли пунктларининг бош режа ҳамда шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишда белгиланган вазифалар ижросини жадаллаштириш.
Иккинчидан, халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳаларни жадаллаштириш ҳамда ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш чораларини кўриш.
Учинчидан, 2025 йилги инвестиция дастури доирасида ижроси тармоқ жадвалидан ортда қолаётган айрим лойиҳалар бўйича кечикиш сабабларини таҳлил этиш ҳамда уларнинг ўз вақтида ва сифатли топширилишини таъминлаш.
Тўртинчидан, ноқонуний қурилишлар, шунингдек, кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларда ўзбошимча қурилишлар ва умумий фойдаланиш жойларини тўсиб олиш каби ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш.
Бешинчидан, ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш ва қурилишларни тартибга солишда соҳага оид қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлаш.
Олтинчидан, қурилиш-таъмирлаш ишларида сифатли материаллардан фойдаланилиши юзасидан назоратни ташкил этишда давлат назоратчиси билан бирга пудрат ташкилотининг ҳам вазифалари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилаш.
Еттинчидан, ҳудудий архитектура ва шаҳарсозлик кенгашлари томонидан объектларнинг лойиҳа ҳужжатларига чегаралар ва муҳофаза ҳудудлари, «яшил ҳудуд», автотураргоҳ ва болалар майдони ташкил этишга оид талабларга зид равишда ижобий хулоса берилишининг олдини олишга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш, бу борада уларнинг масъулиятини кучайтириш.
Саккизинчидан, архитектура-шаҳарсозлик кенгашларининг фаолиятини тўлиқ электрон тизимга ўтказиш бўйича чора-тадбирларни белгилаш.
Тўққизинчидан, қурилиш объектига таъминотчи ташкилотлар томонидан етказиб берилган қурилиш материалларининг сифат назорати ва талаб даражасининг пудратчи ташкилот томонидан ўрганилиши юзасидан кўрилаётган чоралар ва юқорида қайд этилган бошқа масалалар бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш сўрови қўйилмоқда.
Муҳокама якунида ушбу мақсадда Сенатнинг Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.
Мавзуга оид

19:07
Ўзбекистон Халқаро метрик конвенцияга қўшилмоқчи. Бу нима беради?

23:00 / 01.08.2025
Вояга етмаган шахс «судланмаган» деб ҳисобланиши белгиланмоқда

14:13 / 30.07.2025
Тошкентда ўнлаб кўп қаватли уйлар қурилиши тўхтатилди: рўйхат (янгиланди)

11:37 / 30.07.2025