Жамият | 18:05
3802
7 дақиқада ўқилади

«Pr premier-avto» МЧЖ раҳбарига ҳукм ўқилди

Ушбу автосалон арзонга машина олиб беришни ваъда қилиб, қисқа муддат ичида 150 дан ортиқ одамни чув туширган ва 2,5 млрд сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштирган. 1 август куни ЖИБ Чилонзор туман судида автосалоннинг 3 нафар вакилига ҳукм ўқилди. Kun.uz мухбири суд йиғилишидан репортаж тайёрлади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

«Pr premier-avto» 2022 йилда автомобиллар ва енгил моторли транспорт воситаларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи фирма сифатида давлат рўйхатидан ўтган. Шунга қарамай, автосалон оғир юк автомобиллари савдоси билан ҳам шуғуллангани айтилмоқда.

Автосалон одамларга 1,5 ойдан 3 ойгача бўлган муддатда машина чиқариб беришни ваъда қилган. Мижозларни ишонтириш учун «Ўзавтосаноат» билан шартномаси борлигини айтган. Арзонлиги ва бошқа қулай шартларига ишонганлар эса бирйўла 2-3 та автомобилга ҳам тўлов қилган. Суд ҳукми олдидан бир неча жабрланувчи ушбу фирмага қандай алдангани ҳақида сўзлаб берди.

«Тошкент шаҳри Чилонзор туманида жойлашган “Pr premier-avto” автосалонини OLX сайти орқали кўриб, уларнинг манзилига бордим. Улар йиллик 8 фоиз насия савдо бўйича машина чиқариб беришларини айтишди. Шундан кейин мен Cobalt автомашинасига 62 миллион 500 минг сўм миқдорида бошланғич тўлов қилиб, қолганини йиллик 8 фоиз ставкаси бўйича 3 йил муддатда тўлаш учун шартнома туздим. Кейин уларнинг ходимлари “Kaпиталбанк”да тўлов қилдиришди ва 2 ой муддатда машинамизни чиқариб беришни айтишди. Орадан шунча муддат ўтиб сўрасак, баъзи эҳтиёт қисмлари етишмаётгани сабабли машиналар кечикаётгани ҳақида маълумот беришди.

Яна озгина кутдик. 3 ой, 4 ой. Бўлмади. Охири борганимизда, “Pr premier-avto” автосалони ёпилганини кўрдик», – дейди Самариддин Абдусалимов.

Бухоролик Аваз Тоштемиров ҳам алданганлардан бири. Унга машина 90 кунда топширилиши айтилган.

«2023 йил 13 декабр куни “Pr premier-avto” автосалонига Cobalt машинаси учун 46 миллион 851 минг пул тўлаган эдик. “90 иш куни мобайнида оласизлар”, деди. 89-кунгача алоқада бўлдик. 90-куни алоқа узилди», – дейди у.

Жабрланувчи машинанинг ойлик тўловлари арзон чиққани ҳамда банк орқали тўлаётгани учун автосалонга ишонган.

Бошқа бир жабрланувчи Нурбек Ибодуллаев эса автосалон фаолиятини ярим йилча кузатган. Аммо бу уни автосалон тузоғидан сақлаб қололмаган ва у ҳам шартнома тузган.

«Ижтимоий тармоқлар орқали кўрдим, шартлари ёқди. Кейин 2023 йил феврал ойида Cоbalt учун 50 млн сўм тўладим. 45 иш кунида чиқади дейишганди. Мана, 1 йилдан бери сарсон бўлиб юрибмиз. 5-6 ой кузатгандим. Ёпилмаганидан кейин тўғри ишлаяпти экан, деган фикр билан тўлов қилгандим», – дейди у.

Суд иши давомида судланувчилар айбига иқрорлик билдирди. Судя Сарвар Мамадиев томонларни эшитиб, ҳукм ўқиди. Унга кўра, автосалон вакиллари Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а», «в» бандлари билан айбли деб топилди. Шу билан судланувчилар Диёра Одиловага 6 йил, Музаффар Аҳмаджоновга 8 йил ва автосалон таъсисчиси ҳамда раҳбари бўлган Шаҳло Матрасуловага 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Судланувчилар жазосини умумий тартибли колонияларда ўтайдиган бўлди.

Бундан ташқари, улардан солидар тартибда жабрланувчиларга етказилган зарар тўлиқ ундирилиши белгиланди.

«Pr premier-avto»нинг қилмишларидан 150 дан ортиқ киши жабрланган бўлса, судя уларнинг 130 нафарини тинглаганини айтди. Зарар миқдори эса 2,5 миллиард сўмдан ортиқ. Бошқа ишларни қўшиб ҳисоблаганда 5 миллиард сўмдан ошади. Ҳозирги пайтда қолган ишлар бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Суд ҳукмидан кейин яна бир жабрланувчи билан суҳбатда бўлдик. У шартнома шубҳали тузилганини билганини айтган.

«2024 йилда ижтимоий тармоқ орқали ўша рекламаларни кўрдим. “Ҳалол насия савдо, қўшимча фоизлари йўқ” деб мақташганди. Кейин бордим. Ўша автосалон олдида юк автомашиналари ҳам, енгил машиналар ҳам турарди.

Кейин менга ҳар хил машиналар рўйхатини кўрсатиб, “Ўзавтосаноат” билан шартномамиз бор, 50 кунга қолмасдан машиналарни чиқариб беряпмиз, деб ваъда беришди. Фоизи ҳам жуда кам эди, 10 фоизга бормасди. Графикларини чиқариб беришди. Шунда Gentra автомобилига 56 миллион тўлагандим. Қолганини автомобил чиққанидан кейин тўлайдиган бўлдим. Икки ойга қолмасдан чиқади, дейишганди.

13 мартда тўлаган бўлсам, 14 март куни қайтиб келдим. Шартномани яхшироқ ўрганиб чиқдим-да, менга ёқмади, шубҳаландим. Шартномани бекор қиламан, пулимни қайтаринглар, дедим. Улар пулларим “Ўзавтосаноат”га ўтиб кетганини айтишди.

Ўша Музаффар дегани ўзини директорман деганди. Энди қайтариш учун 20 кун кутишим кераклигини айтди. Ҳозир кераклигини айтгандим, ариза ёзиб кетишимни сўраб, пул 20 кунда қайтарилишини билдирди. 20 кун кўплиги, менга пулларим ҳозир кераклигини айтганимда “10 кун ичида қилиб берамиз, қўнғироқ қилиб туринг”, деди», дейди навбатдаги жабрланувчи.

Шундан кейин судланувчи Музаффар жабрланувчига масалани Диёра ҳал қилишини айтган. Диёра Одилова эса пулни Ҳайит байрамигача қайтаришини ваъда қилган. Ҳайит келганда эса автосалон таг-туги билан йўқолиб қолган. Барча нарсаларини йиғиштириб кетишган. Жабрланувчи шу заҳоти 102 га хабар берган. Машинасидан хабар олгани келаётган яна 10 га яқин киши ҳам автосалон устидан ариза ёзиб берган.

«Лекин жиноят иши қўзғатилмади. Анча кутдик. Кейин ички ишлар вазирига жамоавий ариза ёздик. Шундан кейин жиноят иши қўзғатилди. Унгача ҳамма машиналар бир кечада олиб чиқиб кетилди. Участкавой ҳам ҳеч қанақа чора-тадбир кўрмаган экан.

Маҳалла нозирига айтилганди. Ариза ёзиб берганимиздан кейин дарҳол чора кўриши керак эди. Ўша машиналарни ўзи кўрди. Офис бўм-бўш, компютерлар, cаll-маркази бор эди. Cаll-марказида бир 15-20 та жой қилинган, йигит-қизлар ўтирарди», – дейди жабрланувчи.

Суд ҳукмидан кейин шахсини сир тутишни сўраган жабрланувчи одамларни жалб қилган, банкка олиб бориб тўлов қилдирган автосалоннинг бошқа ходимларини ҳам жазолаш кераклигини айтди.

Шаҳзод Ўроқбоев,

Kun.uz

Мавзуга оид