Ўзбекистон | 12:20
1012
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда ёнғин ва портлаш хавфи сабаб 4 та заправка вақтинча ёпилди

Фото: Сирдарё вилояти ФВБ

Сирдарё вилоятида ёнғин ва портлаш хавфи юқори деб баҳоланган 4 та ёқилғи ва газ тўлдириш шохобчасининг фаолияти вақтинча тўхтатилди.

ЎзА хабарига кўра, бу чора тадбирлар Қашқадарё вилояти Кўкдала туманида содир бўлган фожиали портлашдан сўнг вилоятда хавфсизлик чораларини кучайтириш доирасида амалга оширилмоқда. Мазкур портлаш 4 кишининг умрига зомин бўлганди.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Ички ишлар бошқармаси, Экология, Саноат хавфсизлиги ва бошқа тегишли идоралар ҳамкорлигида ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан 12 та ёқилғи қуйиш ва газ тўлдириш шохобчасида кенг қамровли текширувлар ўтказилди. Уларнинг натижасида 74 та қоидабузарлик ҳолати аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича 119 та банддан иборат кўрсатма берилди.

Текширувлар жараёнида ёнғин хавфига олиб келиши мумкин бўлган 13 та техник жиҳатдан носоз ускуна, мослама ва агрегатлардан фойдаланиш тақиқланди. Хусусан, ёнғин автоматикаси, газ сиқув ускуналари, вентиляция тизимлари, ёнғинга қарши сув таъминотидаги носозликлар алоҳида қайд этилди.

«Ўтказилаётган бу каби ўрганишлар ёнғин ва газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларни олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда»,  дейилади вилоят ФВБ матбуот хизмати хабарида.

Мутасадди ташкилотлар маълум қилишича, мазкур назорат тадбирлари аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин ва портлаш билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда фавқулодда вазиятларга йўл қўймаслик мақсадида доимий тарзда давом эттирилади.

Бундан олдинроқ Тошкент вилоятида бир қанча газ заправкалари фаолияти вақтинча тўхтатилгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид