Соғлом ҳаёт | 19:24
965
7 дақиқада ўқилади

Соч тўкилиши табиий жараёнми ёки касаллик? Уни қандай даволаш мумкин?

Кўпчилик соч толалари камайишини фақат ташқи кўринишдаги ўзгариш, яъни эстетик муаммо сифатида қабул қилади. Аслида эса бу ҳолат организмда кузатилаётган ички бузилишларнинг илк белгиси бўлиши мумкин. Гормонал мувозанат издан чиқиши, стресс, витамин ва микроэлементлар танқислиги, сурункали касалликларнинг барчаси соч фолликулаларининг заифлашишига олиб келади. Ушбу мақолада соч тўкилиши асосий сабаблари, тўғри ташхис қўйиш йўллари ҳамда даволаш усуллари таҳлил қилинади.

Фото: AP

Инсон бош терисида 100 мингдан 150 минггача соч фолликуласи мавжуд бўлиб, ҳар куни ўртача ҳисобда 50–100 та толанинг тўкилиши табиий янгиланиш жараёни ҳисобланади. Аммо кундалик йўқотишнинг 100 тадан ошиши сочларнинг патологик тўкилаётганидан, яъни организм ички мувозанатида жиддий ўзгаришлар юзага келганидан дарак беради. Ирсий омиллар, гормонал бузилишлар, стресс, нотўғри овқатланиш ёки айрим дори воситаларининг ножўя таъсири соч тўкилишининг турли кўринишларига сабаб бўлиши мумкин:

Нотўғри овқатланиш. Темир, рух, D витамини, биотин (B7), оқсил етишмовчилиги соч фолликулаларини заифлаштиради. Айниқса, кетогеник пархез ёки ўзини-ўзи очликка маҳкум қилиш (масалан, экстремал парҳезлар) ҳам соч тўкилишига олиб келади.

Стресс ва психологик босим. Кучли ҳаяжон, хавотир ёки руҳий босим таъсирида соч илдизлари “дам олиш” ҳолатига ўтади. Яъни улар фаол ўсишдан тўхтайди ва бироз вақт ўтгач, тўкила бошлайди. Бу жараён одатда 2–3 ой ичида юз беради ва кўплаб сочлар илдизи бир вақтнинг ўзида мўртлашади.

Гормонал мувозанат бузилиши. Аёлларда поликистик тухумдон синдроми (PSOS), туғуруқдан кейинги давр, менопауза каби ҳолатлар, эстроген ва тестостерон даражасидаги ўзгаришлар сабабли эркакларда эса диҳидротестостерон (DHT) номли гормоннинг ортиши туфайли соч тўкилади.

Медикаментоз омиллар. Қандли диабет, қалқонсимон без касалликлари, ревматоид артрит, яллиғланишли ичак касалликлари учун мўлжалланган дори воситалари, шунингдек, кимётерапия ёки антидепрессантлар соч ўсишини тўхтатиши мумкин.

Асосий турлари

Ирсий соч тўкилиши (андрогенетик алопесия): Бу турдаги соч тўкилиши наслдан-насл ўтади. Эркакларда 18–25 ёш оралиғида илк белгилари сезила бошлайди. Жараён пешона чизиғининг орқага чекиниши ёки бошнинг тепа (вертех) қисмида соч сийраклашиши шаклида намоён бўлади. Аёлларда 25–40 ёш оралиғида кузатилади, уларда эркакларникидан фарқли равишда соч бутун бош терисида тарқоқ тарзда камаяди. Пешона чизиғи сақланиб қолади, аммо соч умумий зичлиги озаяди. Мазкур турдаги алопесияни бутунлай тўхтатиш қийин бўлса-да, ташхисни эртароқ қўйиш ва тўғри даволаш билан жараённи секинлаштириш, мавжуд сочларни сақлаб қолиш мумкин. Шунинг учун дастлабки белгилар сезилганидаёқ мутахассисга мурожаат қилиш муҳим ҳисобланади.

Стресс ёки касалликдан кейинги соч тўкилиши (телоген эффлувиум): Мазкур ҳолат кўпинча стресс, туғуруқ, жарроҳлик амалиёти, юқори ҳарорат билан кечадиган инфекциялар (масалан, Covid-19) ёки овқатланишдаги етишмовчиликлардан кейин юзага келади. Одатда, бу вақтинчалик бўлиб, организм тиклангач сочлар яна ўз-ўзидан ўсиб чиқади.

Доғли тўкилиш (алопекция ареата): Иммун тизими фаолиятидаги бузилиш туфайли юзага келадиган соч тўкилишининг бир тури бўлиб, кўпинча бош терисида думалоқ шаклдаги, силлиқ ва сочсиз нуқталар пайдо бўлиши билан намоён бўлади. Бунда организм ўзининг соғлом соч илдизларини бегона модда сифатида қабул қилиб, уларга қарши кураша бошлайди. Натижада соч фолликулаларининг фаолияти тўхтайди ва шу соҳада жойлашган сочлар тўкилиб тушади. Бу ҳолат яллиғланишсиз кечади. Кучли стресс, руҳий зарба, жисмоний чарчоқ, инфекциялар, қалқонсимон без касалликлари, витамин D танқислиги, темир етишмовчилиги ва иммунитетдаги ўзгаришлар мазкур турдаги соч тўкилишига сабаб бўлиши мумкин.

Сочни қаттиқ тортиш натижасидаги тўкилиш (трацион алопесия): Турмакланганда соч илдизининг доимий тортилиб туриши ҳам тола тўкилишига олиб келади. Бундай ҳолат болалар, спортчилар ёки ҳар доим сочини қаттиқ боғлаб оладиган аёлларда учраши мумкин.

Дори-дармон ёки заҳарли моддалар таъсиридаги тўкилиш (токсик алопесия): Кимётерапия, кучли дорилар соч илдизларини ҳам шикастламасдан қолмайди. Шунингдек, баъзи антибиотиклар, антидепрессантлар ёки заҳарли моддалар (масалан, симоб, сурма) соч тўкилишига сабаб бўлиши мумкин. Бундай тўкилишлар даволанишдан кейин вақт ўтиб қайта тикланади.

Чандиқли соч тўкилиши. Баъзан терининг юза қисмига инфекция тушса, куйса ёки шикастланса, ўша ерда чандиқ юзага келиб, соч илдизлари бутунлай нобуд бўлади. Мазкур ҳолатда соч ўсиши қайта тикланмайди. Чандиқли алопесия турли тери касалликлари натижасида ҳам пайдо бўлиши мумкин.

Даволаш ва олдини олиш

Соч тўкилишини самарали даволашнинг асосий шарти тўғри ташхис қўйишга боғлиқ. Ташхиссиз даволаш ёки кўр-кўрона қўлланган воситалар натижа бермаслиги мумкин, ҳатто вазиятни янада оғирлаштириш эҳтимоли бор. Шу боис, дерматолог ёки трихологга мурожаат қилиб, соч тўкилишининг турини аниқлаш лозим. Бунда қуйидаги ташхис қўйиш усуллари қўлланади:

Трикоскопия. Махсус микроскоп ёрдамида соч илдизи ва бош терисининг ҳолати таҳлил қилинади. Трикоскопия орқали соч фолликулаларининг зичлиги, ўсиш босқичлари, миниатюралашган (ёйилиб кетган) фолликулалар, яллиғланиш аломатлари бор-йўқлиги аниқланади. Мазкур усул андрогенетик алопесия ва телоген эффлувиумни ажратишда фойдалидир.

Қон таҳлиллари. Лаборатор таҳлиллар орқали организмдаги ҳолатлар аниқланади:

  • Феритин – организмдаги темир захираси. Унинг миқдори кам бўлса, соч илдизлари етарли озиқланмайди.
  • D витамини – иммун тизими ва соч ўсиши учун зарур модда. Дефицит бўлса, алопесия кучаяди.
  • ТSH, Т3, Т4 – қалқонсимон без гормонлари. Гипотиреозга чалинганда ҳам соч тўкилади.
  • DHT (диҳидротестостерон) – эркаклардаги андрогенетик алопесиянинг асосий сабаби. Ушбу гормоннинг ортиқча даражаси соч фолликулаларини сийраклаштиради.

Бош териси биопсияси. Ташхис ноаниқ бўлса, трихолог бош терисидан майда тери парчасини олиб микроскопик таҳлил қилади. Бу усул касалликлар сабабли юзага келган тўкилишларни аниқлашда жуда самарали ҳисобланади.

Соч тортиш тести (pull test). Мазкур оддий текширув орқали шифокор соч тўкилишининг даражасини аниқлайди. Бунинг учун бошнинг бирор жойидан 50–60 та соч толаси енгилгина тортиб кўрилади. Жараёнда 6–8 тадан ортиқ соч толаси қўлга ажралиб чиқса, соч тўкилиши кучли бўлади ва бундай ҳолат қуйидаги муаммолардан дарак бўлиши мумкин:

  • Телоген эффлувиум – стресс, касаллик ёки ҳомиладорликдан кейинги вақтинчалик соч тўкилиши;
  • Анаген эффлувиум – кимётерапия ёки заҳарли дорилар туфайли тўкилиш;
  • Фаол алопесия – соч илдизларига боғлиқ жиддий муаммо (масалан, иммун тизимнинг нотўғри ишлаши).

Фототрикограмма ва денситометрия. Бу текширувлар орқали бош териси кичик бир қисми махсус камера орқали суратга олиниб, компютер дастури ёрдамида таҳлил қилинади. Натижада ҳар бир квадрат сантиметрда нечта соч ўсаётгани, уларнинг диаметри ва ўсиш тезлиги аниқ ўлчанади. Мазкур усуллар соч тўкилишининг динамикасини кузатиш ва даволаниш самарадорлигини баҳолашда фойдали бўлади.

Соч тўкилиши сабаблари турлича бўлгани учун уни даволашда ягона ёндашув мавжуд эмас. Ҳар бир ҳолатда алоҳида ташхис қўйилиши, зарур лаборатор ва инструментал текширувлар ўтказилиши лозим.

Диёрахон Набижонова 

Мавзуга оид