Ўзбекистон | 13:39
2270
2 дақиқада ўқилади

Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилган Андижондаги мактаб директори 41 млн сўм жаримага тортилди

Марҳамат туманидаги 42-мактабнинг эндиликда собиқ директори З.Мамажонова ишидан айрилишдан ташқари 41 млн 200 минг сўм жарима ҳам тўлайдиган бўлди. Меҳнат инспекциясининг аниқлашича, у ўқитувчиларни таъмирлаш ишларига мажбурлаб, акс ҳолда дарс соатларини камроқ тақсимлаш билан таҳдид қилган.

Видеодан кадр

Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 42-мактаб ўқитувчилари таъмирлаш ишларига мажбурий жалб қилинганини Бандлик вазирлигининг меҳнат инспекцияси тасдиқлади.

Вазирлик матбуот котиби Гулноза Алимованинг маълум қилишича, мактаб директори З.Мамажонова мактаб биносини таъмирлаш ишларига ўқитувчиларни мажбуран чақириб, акс ҳолда педагогларга дарс соатлари кам тақсимланишини айтган.

Инспекция 4 август кунги ўрганиши хулосасига асосан, мактаб директори З.Мамажоновага Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 2-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари (41 млн 200 минг сўм) миқдорида жарима қўлланди.

Ушбу моддага кўра, таълим ташкилотининг педагог ходимини мажбурий меҳнатга жалб қилиш – БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача жаримага сабаб бўлади.

Аввалроқ Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси директорнинг фамилиясини очиқламасдан, у ишдан олинганини маълум қилганди.

“Мактаб жамоаси билан суҳбатда улар томонидан ушбу ҳашар ихтиёрий равишда амалга оширилгани таъкидланса-да, устозларни ўз лавозим мажбуриятидан ташқари ишларни бажариш ҳолатини назоратга олмагани сабабли мактаб директори З.М. эгаллаб турган лавозимидан озод этилди”, дейилади ММТБ ахборотида.

2 август кунги воқеа видеолари ижтимоий тармоқларда 3 август куни тарқалган ва кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Мавзуга оид