Жамият | 14:44
6631
1 дақиқада ўқилади

Бухорода бош ҳисобчи ва ўринбосари «откат» билан қўлга тушди

Олот тумани тиббиёт бирлашмаси масъуллари давлат маблағлари эвазига 40 млн сўм «откат» олишга уринган.

Фото: ДХХ

ДХХ хабарига кўра, у Ромитан туманида кийимдан ташқари нотўқима маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи МЧЖдан бирлашма эҳтиёжлари учун 400 дона ётоқ чойшабларини сотиб олиш бўйича шартнома тузган. 

Бош ҳисобчи ўзининг ўринбосари билан ўзаро тил бириктириб, мазкур шартномада товар нархини ошириб кўрсатиш орқали, яъни ҳар бир чойшабни 90 минг сўмдан эмас, балки 190 минг сўмдан ҳисоблаб, умумий харажатлар суммасини 76 млн сўм қилиб кўрсатган. 

Натижада ортиқча ҳисобланган 40 млн сўм “откат”ни МЧЖ иш юритувчисидан талаб қилган.

ДХХнинг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ва ИЖҚК департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда улар олдиндан 32 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. 

Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 25,167-моддаси 2-қисми “в,г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид