Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғазо аннексияси ва Қуддусдаги провокация – “Геосиёсат” муҳокамаси
Исроилда бош вазир Нетаняҳу устидан суд жараёни кетаётган бир пайтда, бош прокурорни ишдан олишга уринишлар бўлмоқда. Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирнинг Ал-Ақсо келишувини бузиши эса оловга ёғ сепгандек бўлди. “Геосиёсат”да Яқин Шарқ масалалари бўйича экспертлар мавзу хусусида ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

— Айни вақтда Ғазодаги вазият қандай?
Фарҳод Каримов: Жуда аянчли. Ғазо ҳудудидаги вазиятни бутун дунё диққат билан кузатмоқда. Бугунги кунда баъзи ахборот манбаларининг хабар беришича, Исроил Ғазонинг тахминан 75 фоизини назоратига олган. Қолган 25 фоизлик жанубий ҳудудда эса тахминан 2 миллионга яқин аҳоли қамалда яшамоқда. Бу ҳудудда ҳозир ҳақиқий гуманитар инқироз юзага келган.
Мен бу минтақада бунга ўхшаш оғир вазиятни илгари кўрмаганман. Ҳозир ҳам кунига 50-60 нафар инсон ҳаётдан кўз юммоқда. Бунга очлик, касаллик ёки Исроил томонидан мунтазам уюштирилаётган ҳужумлар сабаб бўлаётгани айтилмоқда. Мисол учун, июл ойининг ўзида вафот этганлар сони олдинги 6 ойдаги умумий кўрсаткичдан ҳам ошиб кетган.
АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф Ғазога борганида, у ерда гўёки вазият енгиллашаётгандек саҳна яратилган эди. Баъзи гуманитар лойиҳалар бошланганини бутун дунёга намойиш қилишди. Менимча, бунга ҳеч ким ишонмади. Чунки асл ҳолатни биз июл ойида АҚШдаги халқаро конференцияда аниқ кўрдик. Бу ҳолат эса катта резонансга сабаб бўлиб, бир қатор Европа давлатлари Фаластин масаласини кечиктирмай ҳал қилиш, уни расмий тан олиш ва Исроилга босим ўтказиш орқали ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирмоқда. Вазият кундан кунга ёмонлашиб боряпти.
Айни вақтда Нетаняҳуга қарши суд жараёни бўлиб ўтмоқда. Эҳтимол, ушбу суд натижасида ҳукуматда ўзгаришлар бўлиб, ҳарбий ҳаракатлар ва қон тўкилиши тўхташи мумкин. Аммо у ерда ҳам сиёсий ўйинлар кетаётганини кўриб турибмиз. Менимча, Ғазодаги ҳолат ҳозиргача бўлган энг оғир паллага етди.
Шавкат Икромов: 2023 йилда Ғазода уруш бошланган вақтда Исроил ҳукумати катта мақсадларни эълон қилган эди. Улар Ғазода барқарорлик ўрнатиш, асирларни озод қилиш, сўнгра бу ҳудудни тарк этиш ва уни босиб олмаслик ниятида эканликларини билдирган эди. Шундан сўнг, халқаро таҳлилчилар Исроилнинг уруш орқали геосиёсий мақсадлари кўламини кенгайтириш ва минтақадаги таъсирини оширишга қаратилган стратегиясини муҳокама қилишни бошлаган эди. Бироқ вақт ўтиши билан аён бўлдики, Ғазодаги уруш Нетаняҳу учун сиёсий ҳокимиятни сақлаб қолиш воситасига айланган.
Бугунги кунда Исроилнинг ўзида ҳам кўплаб етакчи сиёсатчилар ва мустақил академиклар бу уруш сиёсий мақсадларга хизмат қилаётганини очиқ айтмоқда. Уруш аслида Нетаняҳу ҳукуматининг умрини узайтириш воситасига айланган.
Бошқа томондан, Ҳамас ҳам 18 йил аввал Ғазода барқарорлик ўрнатиш ваъдаси билан ҳокимиятга келган эди. Аммо ҳозирга келиб у 2 миллиондан ортиқ аҳолининг ҳимоясиз қолишига сабаб бўлди. Ҳаммаси аста-секин тактик жиҳатдан енгила бошлаган бўлса-да, стратегик жиҳатдан ғалаба биз тарафда деб, Исроилни халқаро миқёсда яккалатишга эришдик, дея даъво қилмоқда. Бироқ 60 800 кишининг ҳаётига зомин бўлган ва Ғазо аҳолисини оғир инқирозга олиб келган урушда Ҳамас ўз халқини ҳимоя қилиш учун ҳеч қандай реал чораларни кўрмади. Бу рақамлар ҳали яна ўзгариши мумкин.
Исроилда уруш жуда оғир ва мураккаб шароитда давом этяпти. Нетаняҳу бошчилигидаги уруш ҳукуматининг коалицияси парчаланиш арафасида. 2024 йил июл ойида ултра-ортодокс ёшларни армияга жалб қилиш ҳақидаги қарор қабул қилинди. Илгари бу қатлам имтиёзга эга бўлиб, агар улар диний таълим билан шуғулланаётган бўлса, ҳарбий хизматдан озод этиларди. Аммо бу имтиёз бекор қилинди ва натижада Нетаняҳу коалициясидаги ултра-ортодокслар унга қарши чиқа бошлади.
Бундан ташқари, Мудофаа вазирлиги билан ҳам кескин зиддият кучаймоқда. Ҳарбийлар Ғазо аннексиясига қарши экани ҳақида маълумотлар бор.
Халқ орасида ҳам Нетаняҳу ҳукумати танқидга учрамоқда. Шу сабабли, бугунги кунда Исроилда сиёсий барқарорлик йўқ, деган фикрлар кенг тарқалган. Халқаро тақиқлар ва уруш жиноятлари ҳақидаги огоҳлантиришларга қарамасдан, Нетаняҳу Ғазода ҳарбий ҳаракатларини давом эттиряпти.
— Итамар Бен-Гвирнинг Ал-Ақсодаги келишувни бузиши бугунги кунда аҳамиятсизми?
Фарҳод Каримов: Бу ҳолат жуда салбий реакция уйғотади, чунки бу воқеа аллақачон можароли бўлган ҳудудда, глобал ҳамжамият Исроилга бўлган муносабатини ўзгартираётган бир пайтда юз берди. Бу эса очиқ провокация ҳисобланади.
Исроил 1967 йилги Яқин Шарқ урушида Ал-Ақсо мажмуасини Иорданиядан тортиб олганди, шундан сўнг халқаро даражада муайян келишувга эришилган эди. Яъни Ал-Ақсо масжиди қадимий ва муқаддас жой сифатида мусулмонларга берилган, у ерда фақат улар ибодат қилиши лозим эди. Бу жой фақат қуддусликлар учун эмас, бутун мусулмон олами учун муқаддас ҳисобланади. Шу сабабли бу масжиднинг статуси халқаро эътирофга эга бўлган. Айнан Ал-Ақсо туфайли Қуддус халқаро мақомга эга бўлган.
Ушбу мақомни сақлаб қолиш учун мусулмонлар узоқ вақт кураш олиб борган. 1967 йилдаги келишувга кўра, Қуддусдаги муқаддас жойга барча дин вакиллари ташриф буюриши мумкин, бироқ ибодат қилиш ҳуқуқи фақат мусулмонларга берилган. Бу ҳолат 1980 йилларда “статус-кво” сифатида мустаҳкамланди. Яъни ҳам яҳудийлар, ҳам православлар, христианлар ва мусулмонлар бу тартибга кўникиб бўлган эди. Православ ва христианлар бу қоидага қатъий риоя қилади. Бироқ вақти-вақти билан Исроил ҳукумати томонидан бу ҳолат бузиб келинади, айниқса мусулмонлар ибодат қилаётган пайтда исроиллик полициячи ёки ҳарбийлар тинтув ўтказиш важи билан ҳудудга кириб келади. Бироқ шунга қарамай, юқори лавозимли раҳбарлар бундай жойларда ибодат қилишдан тийилган эди. Ҳатто 2021 йилда юз берган тўқнашувларда ҳам энг юқори мансабдор сифатида Қуддус полицияси раҳбари бўлган. Ўша йили 12 кун давомида Ал-Ақсо ёпиб қўйилган эди.
Аммо 2025 йил 3 август куни Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирнинг қилган ҳаракати бундан ҳам каттароқ провокация бўлди. У Ал-Ақсо масжидига нафақат ташриф буюрди ёки зиёрат қилди, балки бу жойни Исроилга тегишли ҳудуд сифатида кўрсатиш мақсадида атайлаб оммавий ахборот воситалари билан борди. Бу ташриф шунчаки зиёрат эмас эди, у Маъбад тоғида ибодат қилди. Бу эса статус-квога мутлақо зид. Бен-Гвирнинг бу ҳаракати айнан олов ичига мой сепиш билан баробар бўлди. Бу ҳаракат мусулмонлар, айниқса араб давлатлари учун қизил чизиқ ҳисобланади. Айнан шундай вазиятда, Исроил билан дипломатик яқинлашув бошланаётган бир паллада, Саудия Арабистони ва бошқа араб мамлакатларининг раҳбарлари бундай ҳолатдан норози бўлиши табиий.
Шавкат Икромов: Агар Итамар Бен-Гвирнинг шахсига эътибор берадиган бўлсак, у илгари судланган, хусусан, терроризмни ва арабларга қарши ирқчилик ҳаракатларини қўллаб-қувватлаганликда айбланган. Бироқ кейинчалик у Нетаняҳунинг ҳукуматига қўшилди ва ҳозирги уруш ҳукуматида асосий шахслар, яъни Смотрич (молия вазири) билан бир қаторда, муҳим ва радикал фигуралардан бири ҳисобланади. Иккаласи ҳам уруш оловини ёқувчи асосий сиёсатчилар сифатида кўрилмоқда. Унинг бу сафарги Ал-Ақсога ташрифи қандай оқибатларга олиб келади, бу ҳозирча номаълум. Аммо шу вазиятдан сўнг дарҳол Исроил ҳукумати расмий баёнот берди. Унда: “Итамар Бен-Гвирнинг ҳаракати Қуддусдаги тартиб-қоидаларга ўзгартириш киритмайди, статус-кво сақланиб қолади. Исроил муқаддас жойлар мақомини тан олади ва бу каби ҳаракатларнинг такрорланмаслиги учун ҳаракат қилади” деган мазмунда баёнот қилинди.
— Нега бош прокурорни айнан Нетаняҳу судланаётган вақтда ишдан бўшатишга уриниш бўляпти?
Фарҳод Каримов: Бу биринчи суд эмас тергов якунланиб, иш судга оширилган. Нетаняҳу ва унинг жамоасига нисбатан олиб борилаётган иш “ҚатарГате” коррупция можароси билан боғлиқ. Аввалроқ унинг икки нафар ёрдамчиси айнан шу иш бўйича ҳибсга олинган эди. Суд жараёнида Нетаняҳунинг ҳам бу ишга алоқадорлиги ҳақида далиллар тақдим этилган. Мазкур ишни эса ҳозирда шахсан бош прокурор назорат остига олган. Дастлаб бу иш билан бошқа прокурор шуғулланаётган эди, аммо кейинчалик бош прокурорнинг ўзи уни шахсан бошқара бошлади ва ортга чекинмоқчи эмас.
Бу ҳолат шуни кўрсатадики, Исроил ҳарбий ҳолатга қарамасдан институтлар ҳали ҳам фаолият юритмоқда. Яъни сиёсий босимларга қарамай ҳуқуқий тизим ишлаяпти. Нетаняҳу халқаро даражадаги сиёсий шахс бўлишига қарамай, прокурор қонунийлик принципи асосида ҳаракат қиляпти. Суд қаршисида у бош вазир бўладими ёки оддий фуқаро, қонун олдида жавобгар. Агар бу коррупция ишида Нетаняҳунинг иштироки исботланса, бу унинг сиёсий фаолиятига жиддий зарба бўлади. Унинг ҳокимияти якун топади, унга нисбатан импичмент эълон қилиниши ва бош вазирлик лавозимидан четлатилиши эҳтимоли катта.
Айни пайтда ҳам Нетаняҳунинг ҳукумати тобора обрўсизланиб бормоқда. Агар бу жараён давом этса, кейинги сайловларда мухолифат кучларининг ғалаба қозониши деярли муқаррар бўлади. Айнан шу ҳолатга йўл қўймаслик учун Нетаняҳунинг атрофидагилар барча куч билан ҳаракат қилмоқда. Эътибор берсак суд жараёни бошланиши арафасида бирданига Сурияга ҳужум уюштирилди. Кейин эса Эронга қарши 12 кунлик қисқа уруш бошланиб кетди. Буларнинг барчаси суд кунига тўғри келмоқда. Айнан суд бўладиган кунга Нетаняҳу бирданига соғлиғи ёмонлашганини айтиб, касалхонага ётқизилди, ошқозон ва ичак билан боғлиқ муаммолар сабабли суд мажлисига қатнашмади.
Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube'да томоша қилишингиз мумкин.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид

20:53 / 06.08.2025
Фаластин борасида Ғарбдаги бўлиниш: сабаблар ва оқибатлар

14:07 / 06.08.2025
«Ғазодаги урушни тўхтатинг!» – истеъфодаги 600 нафар исроиллик ҳарбий Трампга хат йўллади

15:03 / 05.08.2025
Тошкентда Исроил билан ҳамкорликда халқаро геммология маркази очилади

11:28 / 05.08.2025