Иқтисодиёт | 15:01
1122
2 дақиқада ўқилади

АҚШ бир килограммлик олтин қуймаларга божлар жорий қилди

АҚШ бир килограммлик олтин қуймалари импортига божлар жорий қилди, бу эса жаҳон қимматбаҳо металлар бозорига жиддий таъсир қилади ва Швейцарияга зарба беради.

Фото: Karl Mathis/dpa/picture alliance

8 август, жума куни Financial Times газетаси АҚШ Божхона ва чегара назорати хизмати буйруғига таяниб, АҚШ халқаро савдода қўлланадиган бир килограммлик олтин қуймалари импортига божлар жорий қилгани тўғрисида хабар берди.

АҚШ расмийлари бундай турдаги қуймалар 39 фоизлик бож тўланадиган божхона кодексига мувофиқ таснифланиши керак, деган қарорга келди. FT таъкидлашича, бу қарор «саноатдаги олдинги тахминлардан кескин фарқ қилади», унга кўра бундай турдаги қуймалар тарифларга бўйсунмайди.

Бундай бир килограммли қуймалар дунёдаги энг йирик металлар фючерс бозорида, Ню-Йоркдаги Comex биржасида энг кўп сотув шакли бўлиб, Швейцария олтин қуймаларининг АҚШга экспорт қилинадиган асосий қисмини ташкил қилади.

Сўнгги 12 ой ичида Швейцария АҚШга 61,5 миллиард долларлик олтин экспорт қилди, деб ёзади FT. Нашр ҳисоб-китобларига кўра, айни миқдорга энди қўшимча 24 миллиард долларлик бож тўланади. Ўтган ҳафта АҚШ Швейцариядан импорт қилинадиган маҳсулотларга 39 фоизлик бож жорий қилди. Олтин қуймаларининг ҳам унга бўйсуниши «жаҳон олтин қуйма бозорини ўзгартириш ва Швейцарияга яна бир зарба бериш» билан таҳдид қилади, дейди FT билан суҳбатлашган таҳлилчилар.

Мавзуга оид