Молия | 23:17 / 09.08.2025
1116
3 дақиқада ўқилади

Нефт – дунё иқтисодиётининг юраги

Нефт нархлари июн охиридан бери биринчи марта баррелига 66 доллардан пастга тушди. Бу ҳолат АҚШнинг қатор мамлакатларга бож киритиши ва ОПЕК+ давлатлари қазиб олишни ошириши ҳақида эълон қилгани ортидан рўй беряпти.

Фото: CartoonStock

Нефт – глобал савдо занжирининг “двигатели”. Унинг нархи ёки таъминотидаги ўзгариш бутун дунё бўйлаб маҳсулот нархлари, етказиб бериш тезлиги ва ишлаб чиқариш ҳажмига таъсир қилади.

Нефт иқтисодиёт учун нимани англатади?

Нефт шунчаки бир ёқилғи эмас – у сиёсий қурол, геосиёсий позиция, иқтисодий барқарорлик ва стратегик манба ҳисобланади. Энергетика хавфсизлиги, саноат ишлаб чиқариши, транспорт инфратузилмаси, ҳатто кундалик ҳаётимиздаги кўплаб қулайликлар бевосита нефтга боғлиқ.

Дунёдаги умумий энергия истеъмолининг қарийб 30 фоизи айнан нефтдан олинади. АҚШ, Хитой, Ҳиндистон каби йирик иқтисодиётлар, ҳатто яшил энергияга сармоя қилаётган Европа давлатлари ҳам ҳали-ҳануз нефтга қарам.

Нефт – фақат ёқилғи эмас

Одатда нефтни бензин, дизел ёки газ билан тенглаштириш одатий ҳол. Аммо бу табиий бойликнинг ҳаётимиздаги роли бундан анча кенг. Нефтдан қуйидаги маҳсулотлар олинади:

  • пластмасса (қадоқлар, идишлар);
  • синтетик каучук (шиналар, спорт анжомлари);
  • кийим-кечак саноати (полиэстер, нейлон);
  • тозалик ва гигиена воситалари (совун, ювиш воситалари);
  • гўзаллик маҳсулотлари (кремлар, парфюмерия);
  • озиқ-овқат қўшимчалари (бензоатлар, синтетик ароматизаторлар).

Яъни, ҳар куни фойдаланадиган маҳсулотларимизнинг асосида ҳам нефт ётади. Шунинг учун нефт нархидаги ўзгаришлар, узилишлар ёки санкцияларнинг таъсир кўлами кенг.

Нефт – фақат имконият дегани эмас

Нефт давлатларга бойлик, саноат ривожи, экспорт даромади каби кўплаб имкониятларни яратади. Аммо бу бойликни бошқара олмаган, диверсификациялашмаган иқтисодиётлар кўпинча сиёсий беқарорлик, санкциялар ёки ҳарбий интервенцияларга дуч келганда, иқтисодиёти ҳаддан ташқари нефтга қарамлиги маълум бўлиб қолади.

Ироқ, Ливия, Сурия ёки Венесуела каби мамлакатлар улкан нефт захираларига эга. Лекин бу мамлакатлардаги бугунги ҳолат табиий захиралар фаровонлик калити эмаслигини кўрсатади.

Энергия манбаларининг диверсификацияси (қуёш, шамол, водород, атом энергия) ҳар бир мамлакат учун муҳим аҳамиятга эга.

Мавзуга оид