Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон ва Россия махсус хизматлари 9 нафар халқаро террорчилик ташкилоти аъзосини қўлга олди
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Россия Федерал хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда ўтказилган фаол тадбирлар натижасида Россияда 7 нафар ва Ўзбекистон ҳудудида 2 нафар халқаро террорчилик ташкилот аъзоси қўлга олинди.

Фото: Видеодан кадр
Мазкур шахслар Россия ҳудудида бўлган вақтида диний экстремистик оқим таъсирига тушиб, халқаро террорчилик ташкилоти фаолиятида иштирок этган ва ўз сафини турли давлатлардан келган меҳнат муҳожирларини ёллаш ҳисобидан кенгайтириш билан шуғулланган.
Улар яширин йиғилиш ташкил этиб, Telegram мессенжери орқали видео-конференция йўли билан “умумжаҳон халифалиги” деб аталувчи доктрина асосида тизимли ўқитиш ва террорчилик ташкилотига жалб қилиш ишлари амалга оширилган. Уларнинг бу фаолияти хориждаги ғоявий маслакдошлари томонидан мувофиқлаштириб борилган.
Тўпланган материаллар асосида Россия Тергов қўмитаси томонидан уларга нисбатан террористик ташкилот фаолиятини ташкил этиш ва унда иштирок этиш бўйича жиноят иши қўзғатилди.
ДХХ томонидан Қашқадарё вилоятида ўтказилган фаол тадбирлар натижасида айнан шу жамоатнинг яна 2 нафар аъзоси қўлга олинди.
Аниқланишича, бу шахслар ҳам Россиядаги яшириш жамоат аъзолари томонидан телеграм мессенжерида ташкил этилган виртуал гуруҳларга аъзо бўлиб, ХТТнинг ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва амалдаги сиёсий тузумни конституцияга зид равишда ўзгартиришни тарғиб қилувчи материалларини тарқатиб келган.
Шунингдек, уларнинг яшаш хонадонлари кўздан кечирилганда, 4 та уяли алоқа воситаси, 3 дона экстремистлик ғоялари билан йўғрилган адабиётлар, 2 та флеш хотира ва 1 та хорижий давлатга тегишли бўлган сим карта далилий ашёлар сифатида олинди ҳамда экспертизадан ўтказиш учун тегишли ташкилотларга юборилди.
Ҳозирда ҳибсга олинган шахсларга нисбатан тергов ва терговга қадар ҳаракатлар олиб борилмоқда.