Жаҳон | 23:36 / 10.08.2025
900
2 дақиқада ўқилади

Қодиров Чеченистонга кетма-кет икки кун дронлар ҳужуми бўлганини айтди

Чеченистонда дрон ҳужуми охирги марта ўтган йилнинг 12 декабрида қайд этилганди. 

Фото: kremlin.ru

9 ва 10 август кунлари Чеченистон дронлар ҳужумига учради, деб маълум қилди республика раҳбари Рамзон Қодиров.

«Шёлковский ва Надтеречний туманларида иккита учувчисиз учар қурилма аниқланди. Ҳар икки жисм ўз вақтида аниқланди ва ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ёрдамида йўқ қилинди. Жароҳатланганлар ва вайронгарчиликлар бўлмади», — деб ёзди у ўз Телеграм каналида.

Ҳар икки туман республика шимолида Ставропол ўлкаси, Шимолий Осетия ва Доғистон чегараларида жойлашган. 

Россия мудофаа вазирлиги республикада уриб туширилган дронлар ҳақида маълумот бермади. Вазирлик маълумотига кўра, 10 августга ўтар кечаси Ставропол ўлкасида 8та дрон йўқ қилинган.

Чеченистонда охирги марта ўтган йилнинг 12 декабрида дронлар ҳужуми қайд этилганди.

Мавзуга оид