Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди
Президент Шавкат Мирзиёев 11 август куни яширин иқтисодиётга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, кузатилмаётган иқтисодиёт улуши 2019 йилдаги 45-50 фоиздан ҳозирда 35 фоизга тушди. Лекин ҳали буни янада камайтириш зарур. Тақдимотда шу борадаги устувор вазифалар муҳокама қилинди. Мутасаддилар яширин иқтисодиётга сабаб бўлаётган омиллар ва уларни бартараф этиш чоралари бўйича ахборот берди.
Бунда энг самарали йўл илғор технологиялар асосида янгича ёндашувларни жорий қилиш экани таъкидланди. Масалан, Тошкент шаҳрида жамоат транспорти тўлиқ автоматлашган тўловга ўтказилгани натижасида, аслида, йўловчилар сони 30 фоизга кўп экани кўринган. Ёки рақамлаштирилган деҳқон ва буюм бозорларида тушум 2-3 карра ошаяпти.
Шундай тизимни қишлоқ хўжалиги, қурилиш, транспорт, савдо ва хизматлар каби яширин иқтисодиёт улуши юқори бўлган соҳаларда ҳам жорий қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. Лицензия ва рухсатнома бериш жараёнлари ҳамда муддатларини қайта кўриб чиқиб, инсон омилини кескин қисқартириш ва барча қадамларни тўлиқ рақамлаштириш вазифаси қўйилди. Тадбиркорлар кўп дуч келадиган солиқ, банк, божхона, коммунал, сертификатлаш каби соҳаларда коррупцияга йўл очаётган омилларга чек қўйиш зарурлиги айтилди.
Нақдсиз ҳисоб-китобларни рағбатлантириш, тўлов тизими операторларини кўпайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Давлат раҳбари фақат назоратни кучайтириш билан яширин иқтисодиётни жиловлаб бўлмаслигини, аҳоли ва тадбиркорларнинг солиқ маданиятини ошириб, тўғри ишлаганларни рағбатлантириш йўлидан бориш кераклигини таъкидлади.
Солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва рақамлаштириш, бизнесга қўшимча енгилликлар бериш, меҳнат муносабатларини яхшилаш бўйича топшириқлар берилди.
Мавзуга оид

23:51 / 11.08.2025
Якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун махсус ҳуқуқий режим жорий этилади

19:43 / 09.08.2025
Шавкат Мирзиёев Озарбойжон президентини тарихий келишув билан табриклади

22:00 / 08.08.2025
Тошкентда бу йил 374 км электр тармоғи, 11 та нимстанция ва 62 та трансформатор янгиланади

20:44 / 08.08.2025