Кувайтда қум бўрони сабабли авиақатновлар бекор қилинди
Фуқаро авиацияси бошқармаси директори ўринбосари Имод ал-Жалвий парвозлар кўриш даражаси яхшиланиши билан тикланишини айтди.

Фото: Anadolu Agency
Кувайт фуқаро авиацияси маъмурияти кучли қум бўронлари сабабли мамлакатда авиақатновлар тўхтатилганини маълум қилди.
Хабар қилинишича, Кувайт халқаро аэропорти маҳаллий вақт билан соат 14:20дан бошлаб парвозлар учун ёпилган.
Фуқаро авиацияси бошқармаси директори ўринбосари Имод ал-Жалвий парвозлар кўриш даражаси яхшиланиши билан тикланишини айтди.
Қум бўрони футболга ҳам таъсир қилди. Кувайт футбол федерацияси 23 май куни «Казма» ва «Ас-Салимия» клублари ўртасида ўтказилиши керак бўлган Амирлик кубоги учрашуви 24 май кунига кўчирилганини маълум қилди.
Май ойи бошларида Ироқда қум бўронлари оқибатида беш мингдан ортиқ одам жабрлангани хабар қилинганди.