Германия армияси аскарлари сони кетма-кет иккинчи йил камаймоқда
2024 йил охирларига кўра, Германия Қуролли кучларининг шахсий таркиби 181 минг 150 кишини ташкил этган. Бундесвернинг режаси бўйича ҳарбий хизматчилар сони 203 минг кишига етказилиши керак.

Фото: AP
Германия Қуролли кучларидаги (бундесвер) ҳарбий хизматчилар сони кетма-кет иккинчи йил қисқармоқда ва 203 минглик мақсадли кўрсаткичдан пастлигича қолмоқда, деб хабар беради FAZ газетаси.
«Ўтган йили янги келган аскарлар сони ошганига қарамай, бундесвер ҳарбий хизматчилари сони яна бироз қисқарди. Германия Мудофаа вазирлиги матбуот котибининг маълум қилишича, йил охирида ҳарбийлар сони 181 минг 150 кишини ташкил этган», — дейилади хабарда.
2023 йилда эса ушбу кўрсаткич 181 минг 500 кишини, 2022 йил охирида эса бундесвер ҳарбий хизматчилари сони 183 мингдан ортиқни ташкил этган.
Шу билан бирга, 2024 йил бундесвер учун янги ҳарбий хизматчиларни ёллаш борасида омадли келган: 20,3 минг инсон хизматга кирган — бу ундан олдинги йилга нисбатан тахминан 8 фоизга кўп.
Германия канцлери Олаф Шолцнинг бундесвер учун 100 миллиард евролик махсус жамғармани ташкил этиш таклифи 2022 йилда маъқулланганди. Шолцнинг сўзларига кўра, Германия Қуролли кучлари модернизациядан кейин Европадаги энг катта доимий армияга айланади.
Ўтган йилнинг ёзида Германия мудофаа вазири Борис Писториус Қуролли кучларни ривожлантириш режасини тақдим этганди — унда шахсий таркиб сонини 181 минг кишидан 203 минг кишига ошириш, шунингдек, ҳар йили 15 мингга яқин янги ҳарбий хизматчиларни ёллаш таклиф қилинган.
Декабрда эса НАТО бош котиби 5 йилдан кейин Россия билан урушга тайёргарлик кўришга чақирганди. Марк Рютте Брюсселдаги чиқиши давомида мудофаани мустаҳкамлаш бўйича ҳозирги саъй-ҳаракатларни етарлича эмас деб баҳолаб, «Ҳозир Украинада содир бўлаётган воқеалар биз билан ҳам юз бериши мумкин», деган.
Мавзуга оид

18:28 / 15.05.2025
Британия ва Германия ҳамкорликда янги қурол яратади

15:50 / 15.05.2025
Ўзбекистонлик ёш мутахассислар Германиядаги корхоналарга ишга жалб этилади

21:23 / 14.05.2025
Германияда уч нафар украиналик ҳибсга олинди

09:15 / 14.05.2025