Покистонда жангарилар йўловчи поездини ўққа тутди ва одамларни гаровга олди
Покистонда «Белужистон озодлик армияси» айирмачилари ичида 400 га яқин киши бўлган поездни ўққа тутди. Жангарилар йўловчилар гаровга олинганини билдиришган ва агар талаблари бажарилмаса, поезддаги одамларни ўлдириш билан таҳдид қилишган.

Фото: Getty Images
Jaffar Express компаниясининг Кветта шаҳридан Равалпиндига йўл олган поездига ҳужум мамлакат жануби-ғарбида, Белужистон вилоятида содир бўлди.
Жангариларнинг ҳаракатлари натижасида поезд ҳаракати тўхтатилган. Таркиб туннелда турибди, деб хабар берган Reuters. AFP агентлиги полиция вакилига таяниб ёзишича, поезд тоғдаги туннел олдида тўхтатилган.
Полиция маълумотларига кўра, туннел яқинида портлаш, шунингдек, отишма овози эшитилган. Поезд тўхтатилган ҳудудда мобил алоқа ва интернет йўқ, дея маълум қилди BBC’га маҳаллий расмийлар.
«Белужистон озодлик армияси» баёнотида айтилишича, жангарилар поездда кетаётган одамларни, шунингдек, ҳужумни қайтаришга уринган хавфсизлик кучларини гаровга олган. Айирмачилар ўз баёнотида агар полиция ва ҳарбийлар чекинмаса, гаровга олинганларни йўқ қилиш билан таҳдид қилмоқда.
Расмийлар гаровга олинганлар ҳақидаги маълумотни ҳали тасдиқламади. Поезд ўққа тутилиши оқибатида машинист яраланган.
Покистон полицияси маълум қилишича, поезд тўхтатилган жойга хавфсизлик кучлари юборилган. Белужистон вилояти ҳукумати вакили маҳаллий Dawn нашрига берган интервюсида хавфсизлик кучларининг жангарилар билан шиддатли отишмалари ҳақида айтиб берган.
Покистон ички ишлар вазири Муҳсин Накви поездга қилинган ҳужумни қоралади ва расмийлар «айбсиз йўловчиларга ўқ узган ҳайвонларга ён бермаслиги»ни айтди.
«Белужистон озодлик армияси» 1970-йиллар бошларида ташкил этилган исёнчи ташкилот бўлиб, у Белужистон мустақиллигини тан олишни талаб қилади ва минтақа ресурсларини тўлиқ назорат қилишга даъво қилади. У АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи давлатлари каби бир қатор мамлакатларда террорчи ташкилот деб топилган.
Ўтган йили ташкилот жангарилари ҳудудда қатор ҳалокатли портлашларни амалга оширганди.
2024 йил ноябрида Кветта темирйўл станциясида поезд портлаши оқибатида ўнлаб одамлар ҳалок бўлган, яна ўнлаб кишилар жароҳатланганди.
Мавзуга оид

13:05
Эрон портидаги даҳшатли портлаш, Канадада фожиага айланган фестивал ва Сувайш каналига «кўз олайтираётган» Трамп — кун дайжести

18:51 / 27.04.2025
Ҳиндистон Покистон билан кескинлик фонида ракеталарини синовдан ўтказди

15:38 / 26.04.2025
Трампнинг янги режаси, Путиннинг сулҳи, Киевнинг талаблари — Геосиёсий ҳафта таҳлили

15:34 / 26.04.2025