Байрам кайфиятидаги «Барса» муаммоли «Интер»га қарши. ЕЧЛ яримфинал ўйини анонси
Чоршанба оқшомида Каталонияда «Барселона» ва «Интер» ўртасида асосий еврокубокнинг иккинчи яримфинал ўйини ўтказилади.
Бир неча ҳафта олдин, Чемпионлар Лигаси яримфинал жуфтликлари маълум бўлганида, «Интер» ва «Барселона» тўқнашуви треблга даъвогар бўлган икки ўта муваффақиятли жамоалар баҳси сифатида баҳоланганди. Аммо қисқа вақт ичида, айниқса, Италияда кўп нарса ўзгариб кетди. «Барселона» бирин-кетин рақибларини ер тишлатиб, ўз режимида давом этаётган бўлса, «Интер» бир ҳафта ичида ҳам Италия кубогидан чиқиб кетди, ҳам А Серияда улоқни Антонио Конте бошқарувидаги «Наполи»га тутқазиб қўйди. Бошқа тарафдан, бу омил аксинча, «Интер » учун қўшимча мотивация сифатида фойда ҳам келтириши мумкин, зеро шундай ажойиб мавсум изсиз кетишини ҳеч ким истамаса керак.
«Интер»
Симеоне Индзаги шогирдлари то баҳоргача Европанинг энг мувозанатли, хатосиз ишлаб турадиган тизимига эга бўлган жамоаси сифатида кўрилаётганди. «Реал», «ПСЖ», «Манчестер Сити» каби клублар плей-оффга чиқиш учун курашаётган паллаларда «Интер» жиддий ротациялар билан, деярли икки хил таркибда ўйнаб, ҳам Чемпионлар Лигаси умумий гуруҳ босқичида пешқадамлардан бири, ҳам Италия чемпионатида яққол етакчи сифатида келаётганди. Айни дамда эса жамоа барча мусобақаларда қаторасига 4 ўйиндан иборат ғалабасиз серия қайд этмоқда.
«Бавария» билан дуранг дастлабки ўйиндаги ғалаба туфайли қониқарли баҳоланса-да, ички аренада «Болоня», «Милан» ва «Рома»га қарши учрашувлардаги мағлубиятлар Индзаги учун деярли икки соврин баҳосига тенг бўлиб чиқиши мумкин. Ёмон томони, бу ўйинларда «Интер» бирорта ҳам гол уролмади – бунгача бутун мавсум давомидаги 49 учрашувда миланликлар шунча ўйинни голсиз ўтказганди.
Италияда мутахассислар «Интер»даги бу пасайишни футболчилардаги жисмоний кўрсаткичлар пасайиши билан боғламоқда ва бунинг сабабларини ахтаришга киришган. Албатта, бу гапларда жон бор, лекин яна бир фактга ҳам кўз юммаслик керак – «Интер» сўнгги бир ойда икки муҳим футболчисиз ўйнашига тўғри келди – Дензел Думфрис ва Маркус Тюрам.
Нидерландиялик қанот футболчиси «Интер»да асосий фигуралардан бири ҳисобланади. Унинг ҳужумдаги фаоллиги жамоа ўйинига ранг-баранглик олиб кириш билан бирга, рақибни айнан шу қанотга жиддий эътибор қаратишга мажбур қилади, яъни рақиб Думфрисга бўшлиқ қолдирмаслик учун ҳам кўпчилик бўлиб олдинга чиқишдан тийилади. У жорий мавсумда 8 гол урди – ҳимоя чизиғи вакиллари ичида Европада энг яхши кўрсаткич. Маркус Тюрам эса Индзаги ҳам тан олганидек, ҳужум чизиғида Лаутарога энг мос тандем ҳисобланади. Керак бўлганда ҳам ҳужумчига айланадиган, шу билан бирга алмашиб, Лаутаронинг ҳам вазифасини бажара оладиган Тюрамнинг ўрнини на Корреа, на Арнаутович боса олади.
«Интер» мухлислари учун яхши хабар – ҳар икки футболчи ҳам, шунингдек, марказда катта ҳажмдаги ишни бажара оладиган Петр Зеленски ҳам тўлиқ тиклангани айтилмоқда. Думфрис ва Зеленски «Рома»га қарши ўйиннинг иккинчи бўлимида кўриниш беришди, Тюрамнинг ҳолати сўроқ остида бўлса-да, у ҳам учрашув қайдномасига киритилиши ва ҳатто илк дақиқалардан майдонга тушиши мумкинлиги айтилмоқда. Шунингдек, дисквалификация туфайли «Рома»га қарши ўйинни Бастони ва Мхитарян ўтказиб юборишганди. Улар ҳам Барселонадаги баҳсда жисмоний томондан етукроқ бўлади. Агар ҳозирча қоғозда кўринаётган бу ўзгаришлар майдонга кўчса, биз сўнгги кунлардаги эмас, аввалги «Интер»ни кўришимиз мумкин. У ҳолда мезбонларга осон бўлмайди.
«Барселона»
«Интер»га симметрик равишда, «Барселона» ҳозир отнинг устида, ҳар бир ўйинда юқорида даражадаги ўйин намойиш этмоқда ва муаммо сифатида ҳам «Интер»нинг терсини айтишимиз мумкин – жароҳатлар ва жисмоний ҳолат панд бериши мумкин.
Биринчидан, «Барселона» шанба оқшомида «Реал»га қарши финалда майдонга тушди. Ўйин эмоция ва курашга нақадар бой бўлганини, 120 дақиқа давом этганини кўпчилик кўрди. Табиийки, бундай ўйинлар футболчилардан қўшимча куч талаб қилади ва тикланиш доимгидек бўлмаслиги мумкин. Қаторасига ўта муҳим ўйинларда майдонга тушиш, унга тайёрланиш мураббийлар штаби учун катта бошоғриқдир.
Иккинчидан, Роберт Левандовски ва Балде ЕЧЛда ҳам шерикларига ёрдам бера олмайди. Айниқса, полшалик ҳужумчининг ўрни билиниши табиий. У «Барселона» таркибида майдонга тушаётганлар ичида Чемпионлар Лигасини ютган ягона футболчи саналади (захирадаги тер Стеген ва Кристиансен қўшилмаганда).
Табиийки, унинг тажрибаси, турли сценарий ва услубларда ҳам фойдали бўла олиши бу мақомдаги ўйинларда энг муҳим факторга айланиши керак эди. Ферран Торрес сўнгги пайтларда анча сермаҳсул ва фойдали ҳаракат қилаётган бўлса-да, Левандовскининг ҳар қандай ўйинда маълум даражадан пастга тушмаслигини яхши биламиз. Ферран эса барибир жамоа ўйинига кўпроқ боғлиқ. Балдега келсак, унинг машғулотларга қайтгани ҳақида маълумотлар бор, аммо тўлиқ ўйинга қай даражада тайёр экани номаълум.
Агар «Барселона» ўзи учун ноқулай сценарийни четлаб ўта олса, яъни барчаси сўнгги дақиқаларда жисмоний ҳолатга ёки Левандовскининг тажрибасига муҳтож бўлиб қолишга олиб келмаса, ўйин борасида рақибидан бир бош баланд. Флик шогирдлари вазиятларни жуда осонлик билан яратмоқда, осон гол уряпти, юқори прессинг ва ташаббускорлик рақиблар ким бўлишидан қатъи назар намоён бўлмоқда.
Шубҳасиз, испанлар бу жуфтликда фаворит, лекин бу даражадаги ўйинда ҳар бир кичик детал катталашиб, ҳал қилувчи мақомга чиқиб қолиши, кутилмаган футболчиларнинг юлдуз мисол порлаб, қаҳрамонлар аксинча, унутилмас хатоларга йўл қўйишини тарих ҳам кўп исботлаб берган.
Ўзаро ўйинлар тарихи
«Барселона» ва «Интер»нинг Европадаги ўзаро ўйинлари ҳақида гап кетганда, шубҳасиз, 2010 йилги яримфиналлар ёдга келади. Сабаби, биринчидан, унгача ва кейин ҳам бу жамоалар ўша даражадаги юқори мақомдаги баҳсда тўқнаш келмаган бўлса, иккинчидан, «Барселона» 2010 йилда энг пикка чиққан, балки футбол тарихидаги энг яхши жамоалардан бири эди. Жозе Моуринио бошчилигидаги миланлик «банда» катта жасорат кўрсатиб, якунда Месси ва шерикларини финал остонасида қолдириб кетиши катта воқеа эди. Миландаги учрашувда мезбонлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, жавоб ўйинида 28-дақиқадан бошлаб бир футболчи кам бўлиб қолган «Интер» ўзи учун керакли ҳисобни ҳимоя қила олган (ўйин 1:0 ҳисобида «Барселона» фойдасига ҳал бўлганди). Қизиғи, ўша мавсумда жамоалар гуруҳ босқичида ҳам тўқнашган ва у ерда «Барселона» устунлик қилганди.
Ушбу жамоалар Чемпионлар Лигасида жами 12 марта тўқнаш келишган. 6 марта «Барселона» ва 2 марта «Интер» ғалаба қозонган бўлса, 4 учрашув дуранг натижа билан тугаган. Тўплар нисбати 17-10.
19.02.2003. 1/8 финал. Барселона – Интер 3:0
19.02.2003. 1/8 финал. Интер – Барселона 0:0
16.09.2009. Гуруҳ босқичи. Интер – Барселона 0:0
25.11.2009. Гуруҳ босқичи. Барселона – Интер 2:0
20.04.2010. 1/2 финал. Интер – Барселона 3:1
28.04.2010. 1/2 финал. Барселона – Интер 1:0
24.10.2018. Гуруҳ босқичи. Барселона – Интер 2:0
06.11.2018. Гуруҳ босқичи. Интер – Барселона 1:1
02.10.2019. Гуруҳ босқичи. Барселона – Интер 2:1
10.12.2019. Гуруҳ босқичи. Интер – Барселона 1:2
04.10.2022. Гуруҳ босқичи. Интер – Барселона 1:0
12.10.2022. Гуруҳ босқичи. Барселона – Интер 3:3
Шу ўринда Италия жамоаларига қарши ҳам «Барселона»да яққол устунликни кўрамиз. Каталонияликлар 75 ўйинда 35 марта ғалаба қозониб, 23 ўйин дуранг билан якунланган. 17 учрашувда Италия вакилининг қўли баланд келган.
Тахминий таркиблар
«Барселона» (4-2-3-1): Шчесни – Мартин, Кубарси, Мартинес, Кунде – де Йонг, Педри – Ямал, Олмо, Рафиня – Торрес;
«Интер» (3-5-)2: Зоммер – Бастони, Ачерби, Дармиян – Димарко, Барелла, Мхитарян, Чалхонўғли, Думфрис –Тюрам, Мартинес.
Яримфиналгача йўл
«Барселона» – 12 ўйин, 9 ғалаба, 1 дуранг, 2 мағлубият. Тўплар нисбати: 37-17
Монако – Барселона 2:1, Барселона – Янг Бойз 5:0, Барселона – Бавария 4:1, Црвена Звезда – Барселона 2:5, Барселона – Брест 3:0, Боруссия Д – Барселона 2:3, Бенфика – Барселона 4:5, Барселона – Аталанта 2:2, Бенфика – Барселона 0:1, Барселона – Бенфика 3:1, Барселона – Боруссия Д 4:0, Боруссия Д – 3:1.
«Интер» – 12 ўйин, 9 ғалаба, 2 дуранг, 1 мағлубият. Тўплар нисбати: 19-5
Манчестер Сити – Интер 0:0, Интер – Црвена Звезда 4:0, Янг Бойз – Интер 0:1, Интер – Арсенал 1:0, Интер – Лейпциг 1:0, Байер – Интер 1:0, Спарта – Интер 0:1, Интер – Монако 3:0, Фейенорд – Интер 0:2, Интер – Фейенорд 2:1, Бавария – Интер 1:2, Интер – Бавария 2:2.
Ҳакам
Учрашувни Клемен Тюрпен бошчилигидаги франциялик ҳакамлар бригадаси бошқариб боради. Тюрпен фаолияти давомида ЕЧЛ доирасида 54 ўйинни бошқарган. Ушбу мавсумда 6 марта, жумладан, плей-оффда «Реал»нинг «Манчестер Сити» (3:2) ва «Атлетико»га (2:1) қарши ўйинларини бошқарган.
42 ёшли ҳакам 2022 йил «Ливерпул» ва «Реал» ўртасида ўтган ЕЧЛ финали, шунингдек, 2020 йил «МЮ» ва «Вилярреал» ўртасидаги Европа Лигаси финалида ишлаган.
Тюрпен шу пайтгача «Барселона»нинг уч учрашувини бошқарган. Энг ёдда қоларлиси, 2018 йилги чоракфиналда Римда мезбонлар «Барселона» устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, камбэк амалга оширган ўйиндир. Ушбу учрашувда Тюрпен «Барселона» дарвозасига пеналти белгилаган. Нариги икки ўйинда «Барселона» «Динамо» Киев ва «Боруссия» Дортмунд клублари устидан ғалаба қозонган.
Тюрпен бошқарган «Интер»нинг ўйинлари сони эса 4 та. Кўк-қоралар «Тоттенҳэм» ва «Милан»га қарши учрашувларда ғалаба қозонган бўлса, «Бавария» ва «Реал»га мағлуб бўлган.
Мавзуга оид

13:50 / 30.04.2025
No Partey, no party. «Арсенал» нега ютқазди?

10:25 / 30.04.2025
«ПСЖ» орзу томон қадам ташлади. «Арсенал» Лондонда мағлуб этилди

16:20 / 29.04.2025
«Арсенал» ва «ПСЖ» яна финалга чиқмоқчи. ЕЧЛ яримфиналидаги интригалар

11:37 / 28.04.2025