Таиландда Сибир куйдиргисидан биринчи ўлим ҳолати қайд этилди
Касаллик тарихида у хом мол гўшти истеъмол қилгани кўрсатилган.

Фото: Bangkok Post
Таиландда эркак Сибир куйдиргисидан вафот этди, деб хабар бермоқда Bangkok Post.
«Беморнинг ўнг қўлида жароҳат бор эди, ўнг қўлтиқ остидаги лимфа тугунлари эса шишиб кетганди. Касаллик тарихида у хом мол гўшти истеъмол қилгани кўрсатилган. Дастлабки ташхис септик шокка ишора қилган, Тиббиёт фанлари департаментининг лаборатория тадқиқотлари бўлса Сибир куйдиргисини келтириб чиқарадиган Bacillus anthracis бактерияси мавжудлигини кўрсатди», — дейилади хабарда.
Таиланд Касалликларни назорат қилиш департаменти ушбу ҳолат мамлакат шимоли-шарқидаги Мукдахан провинциясида юз берганини тасдиқлаган. 53 ёшли эркак инфекцион касалликни диний байрам вақтида еган мол гўштидан юқтириб олгани тахмин қилинмоқда.
2 май куни Мукдахан провинциясида яна бир кишида Сибир куйдиргиси аниқланган.
«Аниқланган ҳолатлардан бири ўлим билан якунланди. Ижобий натижа ОТ-ТЦР усули орқали тасдиқланди. Эҳтимолий яна икки беморнинг тест натижалари эртага эълон қилиниши кутилмяпти», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, мамлакатда 638 киши ўзларининг лаборатория таҳлили натижаларини кутмоқда. Уларнинг 36 нафари чорва молларини сўйиш билан шуғулланган, 472 нафари хом гўшт истеъмол қилган, 130 нафари улар билан алоқада бўлган.
Аввалроқ Питтсбург университети олимлари Сибир куйдиргисининг сўнгги босқичларини даволашда ютуққа эришиб, ҳужайраларнинг якуний шикастланишини қайтариш имкониятига эга усулни ишлаб чиққани тўғрисида хабар берилганди.
Мавзуга оид

19:45 / 28.04.2025
Таиландга борадиганлар учун янги талаб жорий этилди

17:41 / 25.04.2025
Таиланд полициясига тегишли самолёт қулаши оқибатида олти киши ҳалок бўлди

20:02 / 18.04.2025
Таиланд Мянмада қулликдан озод этилган 7 минг кишини ватанига юборди

19:39 / 18.04.2025