Жамият | 15:23 / 04.05.2025
16791
4 дақиқада ўқилади

“Ёпилган иш” ёхуд отган ўқи ўзига қайтган терговчининг иқрори

“Бу хабар мени эсдан оғдирай деди, ғазабимдан қалтирардим. Терговчи инсайти билан дарров тушундим — бола алдамаяпти. Аммо бу гал у менинг ўз жигарим, синглимнинг фарзанди. Ва мен... 10 йил аввал “ёпган” ишимнинг айни тасвири олдимда турибди – энди бу оғриқни ҳис қилиш менинг навбатим эди”. Kun.uz’нинг “Ҳаётий ҳикоялар” рукнида собиқ терговчининг надоматли ҳикояси.

Мен у пайтда ҳали ёш, жонкуяр, қонунга ишонган, адолатга шаксиз ишонган терговчи эдим. Илк ишларим майдароқ жиноятлар, безориликлар ва ҳоказолар билан боғлиқ бўлган.

Илк йирик ишим — ўгай отанинг қизига нисбатан қилган жинсий зўравонлиги ҳолати бўлганди. Бефарзандлик сабаб ажрашган эркак аёлни қизи билан қабул қилади ва ундан кейин турмушлари давомида яна 2 фарзанд кўришади. Қиз ўсмир ёшга етганда ўгай ота томонидан жинсий зўравонликка учрайди. Эркак буни тан олди, маст ҳолатда бўлганини айтди. Она гапиришгаям ҳоли йўқ – фақат йиғлади, 2 боласи етим бўлишини истамаслигини, лекин эрини кечирмаслигини гапирди.

Боланинг кўзларидаги қўрқувни ҳозиргача унута олмайман. Текширувда ҳамма нарса ойдин эди. Далиллар, шифокор хулосаси, боланинг сўзлари – ҳаммаси аниқ. Ота айбдор.

Бироқ ишни ёпдим.

Ҳа, ўзим қўлим билан. Сабаби: у келиб, оғзимга сиққанча пул таклиф қилди. “Оилам пароканда бўлади, нима деган одам бўламан, эл орасида номим чиқади, қизнинг шаъни булғанади, келажаги барбод бўлади. Мени жазолашингиз мумкин, лекин айбимни шундай ҳам билиб турибман. Икки боламни отасиз қилманг, илтимос”, деди. Пул мен ўйлаганимдан ҳам кўпроқ эди, шуни кўриб ақлимни йўқотдим. Камига эса ўзимни “Ишни ёпсам, балким қизчанинг ҳаёти яхши бўлиб кетар”, деб ўзимни овутдим.

Иш ёпилди. Ота жазосиз қолди.

Қиз эса онаси билан жим кетди. Уларга жим юришни мен ўргатдим. Билишимча, аёл қизининг бувиси билан яшашини истади, ўзи эса турмушини давом эттирди.

Йиллар ўтди, мен бу воқеани эсимдан ҳам чиқариб юбордим. Ишимда кўп ўсишлар бўлди, ҳаёт ўз ўзанида давом этаверди.

Орада қўшни туманга узатилган кенжа синглим эри билан келишолмай турмушдан ажралди. 2 яшар қизчаси билан уйимизга қайтди. Уч йилча ўтиб танишлар орқали бир эркакка турмушга чиқди. Жияним ҳам уни “дада” дея бошлади. Биз ҳам хотиржам эдик, бахтидан тинди деб. Аввалига ҳаммаси яхши эди, синглимнинг қизи мактабга чиқди, яна бир қиз кўрди, рўзғоридан умуман нолимасди. Лекин бир куни жияним синглимга “ухлаётганимда дадам хонамга киради...” деган гапни айтибди. Ранги оқариб кетган синглим бир аҳволда эди буларни менга айтаётганда.

Бу хабар мени эсдан оғдирай деди, ғазабимдан қалтирардим. Терговчи инсайти билан дарров тушундим — бола алдамаяпти. Аммо бу гал у менинг ўз жигарим, синглимнинг фарзанди. Ва мен... 10 йил аввал “ёпган” ишимнинг айни тасвири олдимда турибди – энди бу оғриқни ҳис қилиш менинг навбатим эди.

Бу сафар энди мен ўз боламдай бўлган жигаримнинг ҳимоясида эдим. У эркак қамалди, жазосини оляпти. Лекин бу билан ўтмишда бўлган айбимни юволмадим. Энди ҳар кеча мен ўша қизалоқни ўйлайман, ўзимни кечира олмайман, уни топгим ва нимадир дегим, узр сўрагим келади.

Ҳозир мен ишимни ўзгартириш арафасидаман. Терговчи бўлиш — далил-исботлар орасида юриш эмас. Бу — ҳар бир инсон тақдири учун, ҳатто сен танимайдиган бола учун ҳам тўғри қарор қабул қилиш масъулияти. Бу менинг кечикиб англаган эътирофим. У бир боланинг ҳаётини тиклай олмас, аммо бошқаларни жароҳатланишдан сақлаб қолиши мумкин.

Мавзуга оид