Ўзбекистон | 11:11
10999
2 дақиқада ўқилади

“Тезлик жуда юқори бўлган” – Навоийдаги даҳшатли ЙТҲга изоҳ берилди

Навоий вилоятида икки нафар ёшлар етакчиси ҳалок бўлган ЙТҲда машина катта тезликда бошқарилгани маълум бўлди. Ҳайдовчи ўзи билан бир йўналишда кетаётган юк машинасини қувиб ўтишда бошқарувни йўқотган ҳамда машина ағдарилиб кетган.

Фото: Видеодан кадр

Навоийда содир бўлган ЙТҲ бўйича изоҳ берилди. ЙҲХХ ахборот хизмати бошлиғи Зойир Йўлдошовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, автоҳалокатга юқори тезлик сабаб бўлган.

“Ҳайдовчи ҳаракат қоидаларини бузиб, юқори тезликда ҳаракатланган. Оқибатда ўзидан олдинда бўлган автомашинани қувиб ўтаётганда йўл четига чиқиб кетиб, ағдарилган.

Мантиқан қараганда ҳам йўл ҳаракати қоидалари бузилиши оқибатида автоҳалокат содир бўлади. Агар одамлар қоидага амал қилса, тирик қолган, бошқаларнинг ҳам ҳаётига раҳна солмаган бўларди. Шунинг учун ЙҲХХ қоидабузарликка қарши курашади, тезликни чекловчи радарлар ўрнатади. Ҳуқуқбузарларга маъмурий жарималар қўллайди.

Агар жамоатчиликда қоидабузарлик қилишдан тийилиш, керак бўлса, қоидабузарлардан нафратланиш тушунчаси шаклланмас экан, бахтсизликларни камайтириб бўлмайди”, дейди Зойир Йўлдошов.

Мазкур ЙТҲда оқибатида Кармана тумани Фарҳод маҳалласи ёшлар етакчиси Улуғбек Облақулов ва ушбу туманнинг Мирсаид Баҳром маҳалласи ёшлар етакчиси Муҳриддин Баҳронов воқеа жойида вафот этган.

Шунингдек, ЙТҲга учраганлар орасида Кармана тумани Ёшлар ишлари бўлими шуъба мутахассиси Валижон Қосимов ҳам бўлган. Ҳозирда у шифокорлар назорати остида қолмоқда.

Аввалроқ Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ушбу ЙТҲда ҳалок бўлган ёшлар етакчиларининг ота-онаси ва яқинларига моддий ҳамда маънавий кўмак кўрсатилишини билдирганди

Мавзуга оид