Ўзбекистон | 23:10 / 07.05.2025
4162
5 дақиқада ўқилади

7 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

«Ўзбеккосмос» СССР даврида учирилган космик аппаратнинг Ўзбекистонга қулаш эҳтимолини баҳолади, президент «Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар» дастури бошланишини эълон қилди, Тошкентда ўқувчига шилқимлик қилган ўқитувчи 5 суткага қамалди — ўтган кун давомида Kun.uzʼда ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

СССР вақтида учирилган космик аппаратнинг Ўзбекистонга қулаш эҳтимоли

Сўнгги кунларда СССР томонидан «Венера-8» миссияси доирасида учирилган «Космос-482» сайёралараро космик аппаратнинг ерга қулаши ҳақида маълумотлар тарқалди. Айрим манбалар аппаратнинг қулаш нуқтаси Марказий Осиё давлатлари ҳудудига тўғри келишини тахмин қилмоқда.

Ҳақиқатан ҳам 1972 йил 31 март куни собиқ Совет иттифоқининг «Венера» дастури бўйича «Космос-482» сайёралараро космик аппарати фазога учирилган. Бироқ ракета-ташувчининг якуний босқичи муваффақиятсиз ишлаши оқибатида у Ер орбитасида қолиб кетган.

Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, аппаратнинг ерга қулаши 9-11 май кунларига тўғри келиши мумкин. «Космос-482»нинг аниқ қаерга қулашини айтиш бироз мушкул. «Ўзбеккосмос»га кўра, унинг Ўзбекистон ҳудудига тушиши эҳтимоли эса ҳозирча 0,3-0,5 фоиз оралиғида баҳоланмоқда – яъни 1 фоиз ҳам эмас.

Космик аппаратнинг парашюти борлигига қарамай, у коинотда 53 йил қолганидан кейин парашют ишламаслиги мумкин. Қурилманинг ерга урилиш тезлиги эса соатига 500 километгача етиши кутилмоқда. Бўлаклар топилган тақдирда, бу ҳақда зудлик билан расмийларга хабар бериш ва ҳеч қандай ҳолатда аппарат қолдиқлари билан алоқада бўлмаслик тавсия этилади, чунки улар таркибида хавфли кимёвий моддалар бўлиши мумкин.

«Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар»

Шавкат Мирзиёев раислигида тиббиётнинг бирламчи бўғини ва ихтисослашган муассасаларда хизматлар сифатини янада ошириш, дори воситалари истеъмолини тартибга солиш ҳамда тиббий таълимни такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда «Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар» дастури бошланиши эълон қилинди.

Бунда вилоят ҳокимлари кутиш жойларида қулай ўриндиқларни кўпайтириб, навбатни тартибга келтириш, «она-бола» хоналарини ташкил қилиш, ногиронлиги борлар эркин ҳаракатланиши учун кириш-чиқиш жойлари, хона ва йўлакларда инклюзив муҳит яратиш, қўл ювишга иссиқ суви бор покиза ҳожатхоналар ташкил этиш учун масъул бўлади.

«Оддий қилиб айтганда, тиббиёт муассасасига маданият, тартиб-интизом, файз олиб кириб, одамларга ижобий кайфият улашади», — деди президент.

Бунга ҳар бир вилоят ҳокими 10 миллиард сўмдан ажратади.

Мутасаддиларга бу ишларни бутун республикада тизимли ташкил қилиш, тўқсон кун натижаси бўйича президентга батафсил ҳисобот бериш топширилди.

Шунингдек, давлат раҳбари поликлиникалардаги оилавий шифокорнинг базавий ойлиги 500 доллар, ҳамшираники 300 долларга етказилишини маълум қилди. Оилавий шифокор ва ҳамшира малака сертификати олса, яна шунча устама тўланади.

Агар улар маҳаллада юриб, сурункали касали борларга вақт ажратса, касалликларни эрта аниқлаб, оғир асоратларнинг олдини олса, буларнинг ҳисобига тез ёрдам ва стационарга мурожаатни қисқартирса, шифокорга яна 500 доллар, ҳамширага эса қўшимча 300 доллар берилади.

«Бир сўз билан айтганда, оилавий шифокорлар 1,5 минг доллар, ҳамширалар эса 600–800 доллар ойлик оладиган тизим қиламиз», – деди президент.

10-синф ўқувчисига шилқимлик қилган ўқитувчи

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси 10-синф ўқувчисига шилқимлик қилгани учун маъмурий жазога тортилди.

Суд қарорида келтирилишича, 61 ёшли эркак мактабда физика фани ўқитувчиси бўлиб ишлаган. У ўтган йилнинг ноябридан бошлаб ушбу мактабнинг 10-синфида ўқийдиган ўқувчи қизга шилқимлик қилиб келган.

Хусусан, ўқитувчи ўқувчига турли смайлклар жўнатган. Қизнинг синфдошларидан унинг гаплашиб юрадиган йигити бор ёки йўқлиги тўғрисида суриштириб, ўқувчининг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайдиган шаҳвоний хусусиятга эга бўлган ҳаракатларни бир неча марта содир қилган.

Айбланувчи судда айбига иқрор бўлган ва ўқувчини севишини, ёмонлик қилиш нияти бўлмаганини айтган.

Ўқувчининг онаси эса қизи жорий йилнинг апрел охирлари унга телефон қилиб, мактабда бўлган ҳолатни айтганини билдирган. Аёл қизининг синф раҳбари ва мактаб директори билан қўнғироқлашган. Ўз навбатида мактаб директори онага ошиқча гапирса ёмон бўлишини, ўзлари ҳал қилишини айтган.

Она суддан ҳуқуқбузарга нисбатан қонуний оғир жазо тайинлашни, уни руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштиришни сўраган.

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг қарори билан ўқитувчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилган ва унга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Мавзуга оид