Ўзбекистон | 18:00 / 13.05.2025
2464
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик 14 нафар фахрийнинг ҳаётига оид «Хотира нури» китоби тақдим этилди

Ушбу ғоя муаллифи — Шаҳноза Мирзиёева. У Ўзбекистоннинг турли ҳудудларига бориб, китоб қаҳрамонлари билан шахсан учрашди ва фахрийларга уларнинг хотиралари сақланган ушбу китобни туҳфа қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ёш ижодкорлар, Ўзбек тили ва адабиёти институти талабаларининг қаламига мансуб қаҳрамонлик ҳикоялари тўплами — «Хотира нури» китоби тақдим этилди.

«Хотира нури» — бу оддий, аммо жуда муҳим ғоядан туғилган китоб: фахрийларнинг жонли тарихини сақлаб қолишга улгириш. Ушбу ғоя муаллифи — Шаҳноза Мирзиёева. Айнан у лойиҳани ташаббус сифатида илгари сурган.

«Хотира нури» — бу шунчаки хотиралар тўплами эмас. Бу — авлодлар ўртасидаги мулоқот. Китобда Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудидан биттадан, жами 14 та ҳикоя жамланган. Лойиҳа кейинги йил давомида барча тирик фахрийларни қамраб олиб, уларнинг ҳаётий йўлларини «хотира китоби»га киритиш, миллий қаҳрамонлик архиви яратишни режалаштирган.

Қайд этилишича, лойиҳа доирасида талаба ёшлар жалб этилган. Талабалар фахрийларнинг уйига боришган, улар билан суҳбатлашган, тинглашган ва ёзиб олишган. Айнан шу суҳбатлар китобнинг асосига айланган.

Шаҳноза Мирзиёева Ўзбекистоннинг турли ҳудудларига бориб, китоб қаҳрамонлари билан шахсан учрашди ва уларга президент номидан «Ғалабанинг 80 йиллиги» эсдалик медалларини топширди. Фахрийларга уларнинг хотиралари меҳр билан сақлаб қилинган ушбу китобнинг ўзини ҳам туҳфа этди.

«Бу китоб ўтмиш ҳақида эмас. Бу — келажак ҳақида. Шундай бўлсинки, ёшлар билсин, авлодлар боғланиши узилмасин, ҳикоялар яшасин ва илҳом берсин», — дейилади хабарда.

Олдинроқ Ғалаба боғи ҳудудида «Хотира нури» мажмуаси очилгани тўғрисида хабар берилганди. У гулли дарахтлар, буталар ва ёрқин гулзорлар билан ўралган. Бу жойда хотира, ҳурмат ва миннатдорчилик туйғулари акс этган ўзига хос муҳит яратилган. Мажмуанинг марказида жойлашган ёдгорлик очиқ саҳифадек ясалган китоб шаклида бўлиб, у абадий мерос ва ҳаётини Ватан учун фидо қилганлар хотирасини ифодалайди. Яшил ҳудуд уч томондан ёдгорлик томон олиб борувчи сайр йўлаклари билан безатилган. Монумент макети устида мамлакатнинг етакчи ҳайкалтарошлари ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси талабалари ишламоқда.

Рақамли платформа — бу фахрийлар ҳақидаги фото, видео ва аудио материаллардан иборат архив базасидир. У «хотира китоби»да келтирилган ҳикояларни бойитади. Замонавий технологиялар орқали илк бор Ўзбекистонда очиқ осмон остида рақамли музей яратилмоқда. Ҳар бир ташриф буюрувчи марказий монументга ўрнатилган интерактив QR-код орқали бу бой хотираларни тинглаши, кўриши ва ҳис қилиши мумкин бўлади.

Мавзуга оид