Жамият | 12:11 / 15.05.2025
24950
7 дақиқада ўқилади

“Акромжон эмас, Ҳамидбекман” – хавфли жиноятчининг 15 йиллик сири   

Уни атрофидагилар йиллар давомида Акромжон деб келди. Ҳатто турмуш ўртоғи ҳам ҳақиқатдан бехабар эди: бир ёстиққа бош қўйиб юрган умр йўлдоши аслида турмадан қочиб кетган, Ўзбекистонда қидирувда бўлган, терроризмда айбланётган жиноятчи эканлигини билмасди. Мақолада 15 йил қочқинликда яшаган, охири ватан соғинчи туфайли Ўзбекистонга қайтиб келган ана шу маҳбус ҳақида ҳикоя қиламиз.

Сунъий интеллект чизган сурат

Голливуднинг қамоқдан қочиш ҳақидаги кинолари жуда кўп. Уларда маҳбус бирор усулда, масалан, туннел қазиб ёки канализация орқали қамоқхонадан қочиб кетади. Бизнинг “қаҳрамонимиз” эса 2005 йил 13 май куни Андижонда бўлган воқеалардаги ҳолатдан фойдаланган ва турмадан қочиб кетган. 

Сериали жиноятлар ва 20 йил қамоқ

1976 йилда Сирдарё вилоятида туғилган Ҳамидбек Юсуфжанов бир неча бор судланган. У 16 ёшидаёқ, яъни 1992 йилда жиноятга қўл уриб, 3 йилга озодликдан маҳрум қилинган. 1996 йилда эса Нукус ҳарбий гарнизон судининг ҳукми билан яна 3 йил озодликдан маҳрум қилинган. Бироқ 1996 йил 7 августдаги амнистия актига кўра жазодан озод этилган. Гулистон шаҳар судининг 1996 йил 17 октябрдаги ҳукми билан эса 4 йилга қамалган.

Ҳамидбек Юсуфжанов кўп ўтмай навбатдаги жиноятга қўл урган. Унинг бу сафарги жинояти анча жиддий, яъни қотиллик билан боғлиқ эди. У Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти судининг 2004 йил 31 майдаги ҳукми билан жазони оғирлаштирувчи ҳолатларда қотиллик, босқинчилик, мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш жиноятларини содир қилишда айбли деб топилган. Суд ҳукми билан Ҳамидбек Юсуфжановга 20 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазонинг дастлабки 3 йилини турмага қамаш тарзида ўтаттириш белгиланган.

Турмага босқин  

Ҳамидбек Юсуфжанов 2004 йил 8 октябр куни Андижон шаҳридаги турмага, ҳозирги Андижон вилояти ИИБ 3-сонли Тергов ҳибсхонасига олиб келинади. Маҳбус шу тариқа ўзига тайинланган жазони ўтай бошлайди.

Аммо 2005 йил 12 май куни Ҳамидбек Юсуфжановнинг ҳаёти ўзгариб кетади: айни шу куни тунда “Акромийлар” диний экстремистик оқим аъзолари у сақланаётган турмага бостириб киришади. Жиноятчилар тўдаси бунгача Андижон вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ маъмурий биносига қуролли ҳужум уюштириб, у ердан ўқотар қуроллар ҳамда ҳарбий юк автомашинасини қўлга киритганди.

Экстремистик оқим аъзолари турмада сақланаётган шериклари билан бирга бошқа маҳбусларни ҳам озод қилишади. Улардан бири Ҳамидбек Юсуфжанов эди.

“Улар ҳокимиятни эгаллашларини айтишди. Камерадаги нарсаларимни йиғиштириб, барча маҳбуслар қатори турмадан чиқдим. Турмадан чиқаётган вақтимда бир нечта ИИБ ходимлари яраланиб ётганини кўрдим. Шунда турмага қуролли ҳужум уюштирилганини билдим.

Турмадан чиққанда террорчилар йўлни тўсиб олишди. Улар барча ўнг томондаги кўча орқали ҳаракатланиши, Андижон вилояти ҳокимияти томонга бориш кераклигини тушунтирди”, деган Ҳамидбек Юсуфжанов кейинчалик судда.

Дарахтзорда ўтган 2 кун 

Террорчилар билан бирга бориш хавфли эканини кўпчилик, жумладан, Ҳамидбек Юсуфжанов ҳам билиб турарди. Шу сабабли, у Андижон вилояти ҳокимлиги томонга қараб юраётган маҳбуслар гуруҳидан қочишни режалаштиради ва бир нечта маҳбуслар гуруҳдан ажралиб қолишни ва қочишни уддалашади.

Шу тариқа, Ҳамидбек Юсуфжанов террорчилар тўдасидан қочиб, Қирғизистонга ўтиб кетади: 2005 йил 13-14 май кунлари Қирғизистон давлат чегараси атрофидаги дарахтзорда ухлайди. 15 май куни айланма йўллар орқали Ўш шаҳрига, 16 май куни эса Ўзган шаҳрига ўтиб кетади.

“2005 йилнинг июн ойига қадар Ўзган шаҳридаги бозорда ҳаммолчилик билан шуғулландим. Ушбу шаҳарда жойлашган масжидда яшаб келдим. Июн ойида Бишкек шаҳрига бордим. У ерда фуқаролар билан жанжаллашиб, тан жароҳати етказганим сабабли 2 ой қамоқхонада ўтирдим. 2005 йил сентябр ойида қамоқдан чиқиб, ноябргача Бишкек шаҳрида ҳаммолчилик қилдим”, деган Ҳамидбек Юсуфжанов.

Акромжонга айланган Ҳамидбек

Ҳамидбек Юсуфжанов 2005 йил ноябр ойида айланма йўллар орқали Қозоғистоннинг Олмаота  шаҳрига борган. Дастлаб у ерда кунлик ишлар билан шуғулланиб юрган. Кейинчалик шаҳардаги ресторанлардан бирида ишлаган.

У ҳаммага ўзини Акромжон деб таништирарди. Чунки бу пайтда у Ўзбекистонда қидирувга берилганди ва асл исмини айтса барчаси ошкор бўлиб қолиши мумкин эди.

 2006 йилнинг январ ойида Ҳамидбек Юсуфжанов Олмаотада оила қурган. Ўша йил декабр ойида эса қиз фарзандли бўлган. Бир қарашда унинг ҳаёти изига тушиб кетгандай эди. Бироқ орадан йиллар ўтиб ватан соғинчи уни қийнай бошлайди.

Орадан роппа-роса 15 йил ўтганида, яъни 2020 йилнинг май ойига келибгина қочоқдаги маҳбус “Мен Акромжон эмасман, Ҳамидбекман” дея айтади.

“Йиллар ўтиб қилган ишимдан пушаймон бўла бошладим, ватанимни соғиндим. Охири ҳудудий профилактика инспекторини чақириб, унга исмим Акромжон эмас, аслида Ҳамидбек эканини айтдим. Шундан сўнг туман прокуратураси ва ИИБ ходимлари келиб, бармоқ изларимни олишди. Улар Ўзбекистонда менга нисбатан қидирув эълон қилинганини, терроризм жиноятини содир этганликда айбланаётганимни маълум қилишди”, деган ўз кўрсатмасида Ҳамидбек Юсуфжанов.

Шунингдек, у террорчилик ҳаракатларида қатнашмаганини, “Акромийлар” аъзоларини танимаслигини, турмадан иложи йўқлиги учун чиқиб кетганини айтган. Қилган ишидан пушаймонлигини билдирган Ҳамидбек Юсуфжанов суддан ўзига енгиллик сўраган.

Қамоққа қайтган маҳбус

Ўрганиш давомида Ҳамидбек Юсуфжанов ҳақиқатан ҳам “Акромийлар” диний экстермистик оқимига аъзо эмаслиги, Андижон воқеаларида иштирок этмагани тасдиқланган.

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти судининг 2021 йил 21 апрелдаги ҳукми билан Ҳамидбек Юсуфжановга “Андижон воқеалари” билан боғлиқ ҳолатда Жиноят кодексининг 7 та моддаси, яъни қотиллик, жиноий уюшма ташкил қилиш, оммавий тартибсизликлар, ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини, портловчи моддаларни, портлатиш воситаларини ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда эгаллаш, терроризм, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш, қўпорувчилик жиноятлари бўйича қўйилган айбловлар исботини топмагани учун олиб ташланган.

Ҳамидбек Юсуфжанов қамоқдан қочиш жиноятини содир қилганликда айбли деб топилган. Аммо жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетгани сабабли бу жавобгарликдан ҳам озод қилинган.

Бироқ 15 йиллик қочоқликдан сўнг Ҳамидбек Юсуфжановни барибир қамоқ жазоси кутиб турганди. Чунки у турмадан қочишдан олдин, яъни 2004 йилда тайинланган 20 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосини ҳали тўлиқ ўтамаганди. Айни шу сабабли у қамоққа қайтарилган ва ҳозирги кунда жазо муддатини ўтамоқда.

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Суд материаллари асосида тайёрланди.

Мавзуга оид