Ўзбекистон | 12:44
1010
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Болгария меҳнат миграцияси бўйича битим имзолаши мумкин

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олим Абдуллаев Болгария ташқи ишлар вазири ўринбосари Мария Ангелиева билан учрашув ўтказди.

Фото: dunyo.info

ТИВ маълумотига кўра, томонлар сиёсий ва консуллик йўналишларидаги мулоқотни фаоллаштиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар ҳамда ўзаро қизиқиш уйғотадиган масалаларни тизимли асосда кўриб чиқишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Учрашув давомида меҳнаткашлар, хусусан Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар орасида виждонсиз иш берувчилардан жабрланганларни қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Болгария томони меҳнат миграцияси бўйича доимий мулоқотни йўлга қўйишга тайёр эканини таъкидлади ҳамда яқин келажакда ушбу йўналишда икки томонлама битимлар имзоланиши мумкинлигини билдирди.

Шунингдек, томонлар Ўзбекистон ва Болгария ўртасидаги Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг олтинчи йиғилишини ўтказиш зарурлигини қайд этдилар.

Ташриф доирасида Болгария парламентининг Меҳнат қўмитаси раиси Денца Сачева, ички ишлар вазири ўринбосари Любомир Йосифов ҳамда Болгария Савдо-саноат палатаси раиси Цветан Симеонов билан кенгайтирилган таркибдаги учрашувлар ҳам бўлиб ўтди.

Музокараларда меҳнат миграцияси, ноқонуний миграцияга қарши курашиш, қўшма ўқув марказларини ташкил этиш, шунингдек, савдо-иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва қўшма лойиҳалар билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Томонлар икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини алоҳида таъкидлаб, эришилган келишувларни амалиётга татбиқ этишга тўлиқ тайёр эканликларини билдирдилар.

Мавзуга оид