Жаҳон | 13:56 / 17.05.2025
2209
2 дақиқада ўқилади

АҚШ 1 миллион ғазоликни Ливияга кўчириш режасини ишлаб чиқмоқда — ОАВ

Оқ уй маъмурияти Ғазо секторидаги 1 миллион аҳолини доимий равишда Ливияга кўчириш режасини ишлаб чиқмоқда. АҚШ Давлат департаменти NBC News нашри ҳукуматдаги манбаларига таяниб тарқатган ушбу маълумот «ҳақиқатга тўғри келмаслиги»ни айтди.

Фото: Bashar Taleb / AFP - Getty Images

NBC News нашри ўз манбаларига таяниб АҚШ президенти маъмурияти Ғазо секторидан 1 миллионгача фаластинликни доимий равишда Ливияга кўчириш режасини ишлаб чиқаётганини хабар қилди.

Режа жиддий кўриб чиқилган, ҳатто Трамп маъмурияти уни Ливиянинг раҳбарияти билан муҳокама қилган. Ушбу кўчириш эвазига АҚШ ҳукумати ўн йиллар аввал музлатиб қўйилган миллиардлаб доллар маблағни Ливияга қайтариб бериши мумкин, деб айтган уч манба.

Ҳозирча якуний келишувга эришилмаган, Исроил ушбу музокаралар борасида хабардор қилинган.

Нашрнинг ёзишича, Давлат департаменти ва Миллий хавфсизлик кенгаши мақола чоп этилишидан аввал бу борада изоҳ беришдан бош тортган, мақола чиққандан сўнг эса Давлат департаменти вакили «бу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги»ни айтган.

Аввалроқ Қатардаги АҚШнинг энг йирик ҳарбий базаси — Ал-Удейдга ташриф буюрган Доналд Трамп Ғазо учун «жуда яхши ғояси» борлигини айтганди.

«Агар АҚШ бу ҳудудни ўз назоратига олса ва эркинлик зонаси қилса, мен бундан фахрланардим», - деганди Трамп.

ҲАМАС ҳаракатининг юқори мартабали вакили Басим Наим айтишича, ташкилот фаластинликларни Ливияга кўчириш бўйича ҳеч қандай музокарадан хабардор эмас.

«Фаластинликлар ўз юртида чуқур илдиз отган, улар юртига содиқ ва эрларини, оилаларини ва фарзандларининг келажагини ҳимоя қилиш учун охиригача курашишга тайёр. Ғазолик ва фаластинлик аҳоли — Фаластин номидан қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга ягона томон», - деган Ҳамас расмийси.

Ушбу хабарлар юзасидан Исроил ҳукумати ҳам, Ливия расмийлари, шунингдек, Ҳафтар бошчилигидаги армия вакиллари ҳам изоҳ бермаган.  

Мавзуга оид