Ўзбекистон | 09:24 / 18.05.2025
25013
4 дақиқада ўқилади

Мутахассис Тошкентда кузатилган чанг бўрони сабабларини маълум қилди

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳрида 17 май куни кечга яқин чанг бўрони кузатилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бахтиёр Пўлатов шаҳар аҳолисини безовта қилган бу табиий ҳодиса бўйича мутахассис фикри асосида тушунтириш берди.

Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти докторанти Батир Халмуратовнинг фикрига кўра, Тошкентда чанг бўронининг юзага келишига бир нечта омиллар сабаб бўлган. Энг асосий сабаб – салқин шимолий ҳаво оқими ва жанубдан кириб келаётган иссиқ ҳаво массасининг тўқнашуви, босимнинг ноодатий ортиши ва кескин шамол кучайишидир. Бу ҳаво массалари ўртасидаги кескин ҳарорат фарқи кучли шамолни келтириб чиқарган.

Кучли шамол ўз навбатида қуриган тупроқдан ва очиқ ер майдонларидан чанг заррачаларини кўтариб, ҳаво муҳитига тарқатди. Натижада шаҳарнинг турли нуқталарида кўриш масофаси қисқариб, нафас олиш қийинлашган. Об-ҳаво шароитини ўрганувчи экспертлар бу ҳолатни «фронтал тўқнашув» деб атайди. Яъни совуқ ва иссиқ ҳаво массалари бир жойда тўқнашганида атмосфера беқарорлашиб, кучли шамол ва чанг кўтарилиши эҳтимоли кескин ортади. Айнан шу жараён Тошкентда булутли осмон, чақмоқ ва қисқа муддатли ёғингарчилик билан бирга кечди.

Тошкентда чанг бўрони пайтида Нукус шаҳрида ҳаво нисбатан барқарор эди. У ерда фақат салқинлик ва енгил шамол кузатилган. Мутахассисларнинг қайд этишича, Нукусда чанг бўрони кузатилмаганига сабаб шамол тезлигининг етарлича кучли эмаслиги, тупроқнинг намлиги ёки чангга бой бўлмаган ҳудудлар устидан шамол ҳаракатлангани бўлиши мумкин.

Нималар бўлди?

17 май куни соат 19:00 атрофида Тошкентда об-ҳаво кескин ўзгарди. Тўсатдан мусаффо осмон қоронғилашди, кучли шамол чанг-тўзонларни олиб келди. Кўчалардаги чанг, барг ва чиқиндилар ҳавога кўтарилди. Баъзи жойларда томлар учди, дарахтлар қулаб тушди. Аэропорт вақтинча самолётларни қабул қила ва жўната олмади.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

IQAir сервисига кўра, Тошкент яна бир бор ҳаво сифати бўйича жаҳон антирейтингида етакчи ўринни эгаллади. Ўзбекистон пойтахти бошқа шаҳарларни катта фарқ билан ортда қолдирди. Соат 21:30 га келиб шамол сусайиб, вазият яхшилана бошлади.

Энергетика вазирлигига кўра, Тошкент шаҳрида 8,5 минг, Тошкент вилоятида 10,3 минг абонент вақтинча электр энергиясидан узилиб қолди.

Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва бошқа хизматлар дарахтлар ва уларнинг шохлари қулаши оқибатларини бартараф этиш билан шуғулланди. Ижтимоий тармоқларда дарахтлар машиналар устига қулаб тушгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Тошкент ҳокимлигининг хабар беришича, воқеа жойига шаҳар ободонлаштириш хизматлари тезкорлик билан жўнатилган: «Қулаб тушган дарахтларни арралаш ва олиб чиқиш, кўчалар, йўлаклар ва ҳовлиларни тозалаш, шунингдек, йўл қопламаларини ювиш ва ифлосланиш оқибатларини бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда».

Санитария-эпидемиологик осойишталик қўмитаси уйда қолиш, деразаларни ёпиш, намликни ошириш (юзаларни нам латта билан артиш, намлагичдан фойдаланиш), кўпроқ суюқлик ичиш, кўчада ниқоб тақишни тавсия қилди.

Қўмита ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги нафас олиш қийинлашганда тиббий ёрдамга мурожаат қилишни тавсия этди.

Мавзуга оид