Жаҳон | 22:56 / 23.05.2025
2716
2 дақиқада ўқилади

Хитойлик тайконавтлар очиқ космосда 8 соатлик миссияни амалга оширди

Улар «Тянгун» станцияси модулига чиқиндилардан ҳимояланиш ускуналарини ўрнатишга муваффақ бўлди.

Фото: Xinhua

Хитой орбитал космик станциясида бўлиб турган «Шэнчжоу-20» экипажи тайконавтлари очиқ космосга чиқиш бўйича ўзларининг биринчи миссиясини муваффақиятли якунлади.

Баёнотга кўра, экипаж командири Чэн Дун ва муҳандис Чэн Сзунжуй станциядан ташқарига чиққан, экипажнинг учинчи аъзоси Ван Цзе эса операцияни ичкаридан мувофиқлаштириб турган.

8 соатли миссия доирасида тайконавтлар биринчи марта «Тянхэ» асосий модулини тарк этган ва космик чиқиндилардан ҳимоя қилувчи қурилмаларни ўрнатган. Қайд этилишича, бу «Тянгун» дастури доирасида очиқ космосга 21-марта чиқиш ҳисобланади. «Шэнчжоу-20» экипажи олти ой давомида орбитада бўлади.

АҚШ Хитойга Халқаро космик станция дастурида иштирок этишга рухсат бермаганидан кейин мамлакат ўзининг космик станциясини қурган. «Тянгун» станцияси битта асосий ва иккита лаборатория модулидан иборат. Шунингдек, «Сюнтян» орбитал телескопини ҳам қўшиш режалаштирилган.

«Тянхэ» асосий модули 2021 йил 29 апрелда, лаборатория модуллари эса 2022 йилнинг июл ва октябр ойларида орбитага чиқарилган. Натижада, станция Т-симон конструкцияга эга бўлган.

Тайконавтлар станцияга «Шэнчжоу» космик кемалар серияси ёрдамида етказилади, таъминот эса «Тянчжоу» транспорт модуллари ёрдамида амалга оширилади. Станцияда мунтазам равишда учта тайконавт ротация асосида фаолият юритади.

Мавзуга оид