Ўзбекистон | 11:23
7920
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда дарахт босиб қолган бир киши вафот этди

17 май кунги кучли довулдан кейин шифохонага дарахт босиб қолган икки бемор олиб келинганди.

Фото: ФВВ

Тошкентда содир бўлган кучли шамол оқибатида дарахт фуқарони босиб қолди. Бу ҳақда Milliy телеканалининг «Миллар» дастурида хабар берилди.

Шифокор Мурод Қодировнинг сўзларига кўра, шифохонага дарахт босиб қолган икки нафар бемор олиб келинган. Улардан бири оғир аҳволда олиб келинган ва шифохона қабулхонасида вафот этган.

«Иккинчи беморимизда бош-мия жароҳати мавжуд. Узоқ муддатли жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Ҳозирда беморнинг аҳволи стабил-оғир, реанимация бўлимида даволанмоқда», – деди шифокор.

Лавҳада, шунингдек, дарахтлар Spark ва автобус устига қулаб тушгани ҳам айтилади.

Эслатиб ўтамиз, 17 май куни соат 19:00 атрофида Тошкентда об-ҳаво кескин ўзгарганди. Тўсатдан мусаффо осмон қоронғилашди, кучли шамол чанг-тўзонларни олиб келди. Кўчалардаги чанг, барг ва чиқиндилар ҳавога кўтарилди. Баъзи жойларда томлар учди, дарахтлар қулаб тушди.

Бу вақтда Тошкент шаҳри ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича дунёнинг йирик шаҳарлари орасида биринчи ўринга чиқди. ССВ бу вазиятда имкон қадар очиқ ҳавода юрмасликка чақирди. Зарурат сезганда «103» хизматига қўнғироқ қилиб, тиббий ёрдам олишлари мумкинлигини билдирди. Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси ҳам чанг пайти ташқарига чиқмасликни, кўчага чиққанда тиббий ёки респиратор тақишни сўради. Уйда ҳаво намлагичлардан фойдаланиш ёки хонага ҳўл сочиқ илиб қўйиш, кўпроқ сув ичиш тавсия этилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқа хизматлар дарахтлар билан биргаликда дарахтлар ва уларнинг шохлари қулаши оқибатларини бартараф этаётгани, жабрланганлар ҳақида маълумот йўқлигини хабар қилди.

Мавзуга оид