Жаҳон | 22:25 / 14.06.2025
15746
2 дақиқада ўқилади

Исроил Эроннинг энергия инфратузилмасига зарба берди

Жумладан, нефт заводи ва йирик табиий газ кони ўққа тутилди.

Фото: Фото: Vahid Salemi / AP / ТАСС

14 июн куни тушдан кейин Эрон энергетика инфратузилмаси объектлари Исроил армияси томонидан ўққа тутилди. Бу ҳақда Эроннинг Fars давлат агентлиги ва Iran International нашри хабар берди.

ОАВ маълумотларига кўра, мамлакат жануби-ғарбидаги Канган портида жойлашган Фажр-Жом нефтни қайта ишлаш заводига зарба берилган. Бундан ташқари, Жанубий Парс газ конидаги инфратузилмага зарар етказилган. Дастлабки маълумотларга кўра, у дрон томонидан ҳужумга учраган.

Iran International таъкидлаганидек, Жанубий Парс дунёдаги энг йирик табиий газ кони ҳисобланади ва ундан нафақат Эрон, балки Қатар ҳам фойдаланади. Ҳужумдан кейин конда ёнғин чиққан.

Эрон оммавий ахборот воситаларининг сўнгги хабарларига кўра, кондаги ва нефт заводидаги ёнғинлар аллақачон ўраб олинган.

Бир кун аввал Эрон ядро иншоотлари Исроил ҳарбий ҳаво кучлари томонидан ҳужумга учраган эди. Оқибатда Эроннинг Исфахон шаҳридаги ядровий иншоотлардан биридаги уранни қайта ишлаш заводига катта зарар етди.

14 июн куни Исроил армияси вакили Эроннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими йўқ қилингани ва мамлакат осмони Исроил томонидан тўлиқ назоратга олинганини хабар қилди.

Мавзуга оид