Жаҳон | 15:11 / 17.06.2025
8393
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Хоманаий Исроил зарбаларидан бункерда яшириняпти

Эрон олий раҳбари Исроил амалиёти бошланганидан бир неча соат ўтиб ерости бункерига кириб кетган. Хоманаий жойлашган иншоот Теҳрон шимоли-шарқида жойлашган, дея хабар берди Iran International.

Фото: REUTERS

16 июн, душанба куни Iran International агентлиги манбаларга таяниб хабар беришича, Эрон олий раҳбари Али Хоманаий Исроилнинг Ислом Республикасига қарши операцияси бошланганидан бир неча соат ўтиб ерости бункерига кириб олган. Уларнинг маълумотларига кўра, Хоманаий паноҳ топган объект Теҳроннинг шимоли-шарқида, Лавизан туманида жойлашган.

Бошпанада олий раҳбар билан бирга унинг оила аъзолари ҳам бор. Нашрнинг қайд этишича, Исроилга қарши олдинги амалиётлар чоғида – 2024 йилнинг апрел ва октябр ойларида ҳам Хоманаий ушбу бункерда бўлган.

Шу билан бирга, Iran International манбаларидан бирига кўра, Исроил 15 июн куни яҳудий давлатидан 2,3 минг км узоқликда жойлашган Машҳад аэропортига Хоманаий ўзини ҳеч қаерда хавфсиз ҳис қила олмаслигини кўрсатиш учун зарба берган.

АҚШ президенти Доналд Трамп Исроилнинг Эрон олий раҳбари Али Хоманаийни ўлдириш режасига вето қўйди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди. «Эронликлар битта америкаликни ўлдирдими? Йўқ. Улар шундай қилмагунча, сиёсий раҳбариятдан (Эрон) ҳеч кимни йўқ қилиш ғояси ҳатто столда ҳам йўқ», деди исми сир қолиш шарти билан журналистларга АҚШ маъмуриятининг юқори мартабали амалдори.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Американинг Fox News каналига бу маълумотни қуйидагича изоҳлади: «Ҳозир ҳеч қачон бўлмаган суҳбатлар ҳақида жуда кўп ёлғон хабарлар бор ва мен бунга қўшилмоқчи эмасман. Айтишим мумкинки, биз қилишимиз керак бўлган ишни қиляпмиз ва қилишимиз керак бўлган ишни қиламиз. Менимча, Қўшма Штатлар АҚШ учун нима яхши ёки нима ёмон эканини билади».

Аввалроқ The Wall Street Journal исмини ошкор этмаган исроиллик мулозимга таянган ҳолда Хоманаийга ҳужум қилиш «тақиқланмагани»ни айтган эди. WSJ манбаси қўшимча қилишича, Исроил агар бу Эрон ядровий дастурини йўқ қилишга ёрдам берса, Эрондаги ҳар қандай эҳтимолий нишонларга зарба бериши мумкин.

Мавзуга оид