Жаҳон | 18:04 / 18.06.2025
17194
10 дақиқада ўқилади

Эрон ва Исроилнинг ҳарбий салоҳияти: кимда қандай қуроллар бор?

Эрон армияси катта ва доимий ҳарбий кучга таянади. Аммо унинг ҳарбий техникалари эскирган ва прокси кучлари заифлашган. Исроил эса яширинлик, замонавий ерусти ва ҳаво кучларига таянади. Хўш, бу давлатларда қанча армия ва қандай ҳарбий техникалар бор? Бугун шу ҳақда сўз юритамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

2025 йил 13 июнь куни тонгда Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Эроннинг ҳарбий ва ядровий объектларига кенг кўламли ҳужум уюштирди: 200 дан ортиқ ҳарбий самолёт Эрон бўйлаб 100 га яқин нишонга зарба берган. Натижада Эроннинг кўплаб юқори мартабали ҳарбий қўмондонлари, ядровий лойиҳалар устида ишлаётган олимлар ва юзлаб тинч аҳоли вакиллари вафот этди. Исроилнинг ҳужуми ҳамон давом этмоқда, Нетаняҳу бу ҳужумлар 14 кунга мўлжалланганини айтганди.

Исроил ҳужум бошлаган кун – 13 июннинг ўзида Эрон 100 дан ортиқ баллистик ракеталардан фойдаланиб, жавоб зарбасини берди. Тел-Авив ва Исроилнинг ҳарбий объектларига йўналтирилган зарбаларнинг аксари «Темир гумбаз» ёрдамида тутиб қолинган. Эроннинг кейинги зарбалари эса энг ишонилган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ҳам заифлигини кўрсатиб берди. Эроннинг ҳар кунлик ракета зарбалари ортидан Исроилда ҳам йўқотишлар ва зарарлар ортиб бормоқда.

Геосиёсий дунёнинг диққат марказида турган ушбу уруш фонида бир қанча хорижий нашрлар Эрон ва Исроил ҳарбий салоҳиятини солиштириб кўрди.

Инсоний кучлар ва ҳарбий харажатлар

Эрон ва Исроил бир-биридан 1000 км узоқликда жойлашган, икки давлат орасида Иордания ва Ироқ бор. Яъни баллистик ракеталар ҳам, дронлар ва жанговар самолётлар ҳам ушбу давлатлар устидан учиб ўтади.

Рақамлар бўйича қараганда, Эрон устун кўринади: аҳолиси 88 миллион, ҳудуди 1,6 миллион квадрат километр. Исроилда эса атиги 9 миллион аҳоли ва 22 минг квадрат километр майдон бор. Бироқ мутахассисларга кўра, ҳарбий нуқтайи назардан бу рақамларнинг аҳамияти катта эмас.

Эрон армияси икки қисмга бўлинган: одатий ҳарбий кучлар – асосий вазифаси чегара ҳимояси ва анъанавий ҳарбий операциялар ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси. Инқилобий корпус ўз ичига элита Қудс кучларини, стратегик ракета қўмондонлигини ва кибер кучларни олади.

  • Қуролли кучлар — тахминан 600 минг аскар ва стандарт ҳарбий жиҳозлар.
  • Инқилобий корпус — тахминан 200 минг киши, турли элита бўлинмаларга бўлинган.
  • Шунингдек, 350 мингдан зиёд захирадаги ҳарбийлар.

Аҳолиси кам бўлса-да, Исроил армияси ҳам етарлича катта:

  • 170,000 фаол аскар;
  • 400,000 мингдан зиёд захирадаги кучлар.

Бу Эронникидан кам, аммо Исроил кучлари минтақадаги урушлар орқали жанговар тажрибаси кўпроқ, дея кўрилади.

Global Firepower маълумотларига кўра, Эроннинг урушга лаёқатли аҳолиси сони 41 миллиондан ошади, Исроилда эса 3 миллиондан кўпроқ. Иккала давлатда ҳам мажбурий ҳарбий хизмат мавжуд, Исроилда аёллар учун ҳам ҳарбий мажбурият бор.

Ҳарбий харажатлар борасида Исроил устун, дейиш мумкин. Сўнгги маълумотларга кўра, Эрон йиллик ҳарбий бюджети 15 миллиард доллардан ошган. Исроил эса Ғазодаги ва қўшнилари билан уруш фонида ҳарбий харажатларини 20 фоиздан кўпроққа ошириб, 30 миллиард долларга етказган.

Ҳарбий техникалар ва уларнинг қудрати

Қуруқликдаги қўшинлар борасида:

  • Эронда 10,5 мингдан кўпроқ жанговар танк, 6 798 та артиллерия қуроли, 640 та зирҳли транспорт воситалари, 55 та ҳарбий вертолёт мавжуд.
  • Исроилда эса 400 та жанговар танк, 530 та артиллерия қуроли, 1,2 мингга яқин зирҳли транспорт бор.
Каррар – Эрон армиясининг энг кучли танки

Ҳарбий-ҳаво кучлари:

  • Эрон: 335 та жанговар самолёт, уларнинг 23 таси муҳофизлар корпусига тегишли. 7 та ҳужум вертолёти.
  • Исроил: 345 та жанговар самолёт, 43 та ҳужум вертолёти.
Исроил ҳарбий ҳаво кучларига қарашли F-35I қирувчиси

Денгиз кучлари:

  • Эронда 17 та тактика сувости кемаси, баъзи манбаларда 25 та дейилган. 68 та патруль ва соҳил қўриқлаш кемалари, 12 та десант кемаси ва бошқа ёрдамчи воситалар бор.
  • Исроилда эса 5 та сувости кемаси, 49 та патруль ва соҳил кемалари мавжуд.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимида эса Исроилда яққол техник устунлик бор.

Исроилнинг Iron Dome ҳаво хужумидан мудофаа тизими

Хусусан, Исроилда

  • Iron Dome (Темир гумбаз): қисқа масофали ракеталарни аниқлаб ва йўқ қилувчи тизим; 10 та батарея мавжуд.
  • David's Sling: 40–300 км оралиғидаги ракеталарни тутади.
  • Arrow System: 2,4 минг км масофадаги баллистик ракеталарни тутиши айтилади.

Эронда:

  • 2025 йил бошида Азарахш қисқа масофали IP/радар тизими жорий этилди.
  • Узоқ масофали тизимлар: Россиянинг S-200, S-300, Эроннинг Бавар-373.
  • Ўрта масофали: MIM-23 Hawk, Хитойдан HK-2J, маҳаллий Ҳурдад-15.
  • Хитой ва Россиянинг қисқа масофали мудофаа ракеталари.

АҚШ стратегик тадқиқотлар маркази маълумотларига кўра, Эронда камида 12 хил турдаги, 2 минг кмгача учадиган баллистик ракеталари мавжуд. Исроилда эса 4 хил турдаги, 6 минг кмгача учадиган баллистик ракеталар мавжуд.

Эроннинг “Зулфиқор” баллистик ракетаси

Ҳарбий соҳа мутахассисларига кўра, Эроннинг ҳарбий техникаси чалкаш ҳолатда: Совет Иттифоқи ва 1979 йилгача АҚШ томонидан етказиб берилган жиҳозлар, шунингдек, яқин йиллардаги Россия техникалари мавжуд. Аммо Эрон турли турдаги дронлар, айниқса «Shaheed» ҳужумчи дронларини ишлаб чиқиш бўйича илғор ҳисобланади.

Исроилнинг ер, денгиз ва ҳаво кучлари эса АҚШ ва Европанинг замонавий технологияларига, шунингдек, мустаҳкам ички ҳарбий саноатига таянади. Бу саноат Исроилга тўлиқ ҳарбий техникани мустақил ишлаб чиқиш, қуриш ва таъмирлаш имконини беради — натижада у бир вақтнинг ўзида бир нечта фронтларда уруш олиб боришга имкон топмоқда.

Ядровий салоҳият: Исроилнинг атом бомбалари

Исроил Яқин Шарқдаги ягона ядро қуролларига эга давлат сифатида қаралади, гарчи у бу ҳақда расман тасдиқ бермаган бўлса ҳам. Arms Control Assoсiation ҳисоботига кўра, Исроилда 90 та ядровий жанговар каллак мавжуд. Лекин Исроил расмийлари буни тан олмаган.

Ядро қуролларига эга давлатлар

Эронда эса расман ядро қуроли йўқ, лекин ривожланган ядровий дастурга эга. Оятуллоҳ Хоминаий 2000 йилларда ядровий қурол ишлаб чиқаришни диний фатво билан ман этган эди. Лекин Эрон расмийлари 2025 йил май ойида Эрон ядровий доктринасини ўзгартириш билан таҳдид қилган.

Хусусан, Эрон ядро дастури сўнгги йилларда сезиларли даражада ривожланган. AP нашрининг ёзишича, улар уранни деярли қурол даражасигача бойитишга муваффақ бўлган. Агар сиёсий қарор қабул қилинса, бир неча ой ичида бир нечта ядровий бомба ишлаб чиқаришга етарли даражада бойитилган уранга эга. Аммо бу уранларни ракеталар ёки бошқа ташувчи воситаларга жойлаштириш учун яна кўп вақт талаб қилинади. Исроил эса бунга йўл қўймаслик ниятида аллақачон Эроннинг ядро ишлаб чиқариш ва баллистик ракета объектларига зарбалар бермоқда.

Иттифоқчилар: АҚШ ва прокси гуруҳлар

Ҳарбий имкониятларни солиштиришда эътиборга олиниши лозим бўлган муҳим жиҳат – ҳамкорлар. Икки давлат учун ҳам иттифоқчилар муҳим роль ўйнайди, айниқса Исроил учун.

Исроилнинг асосий иттифоқчиси ва ҳимоячиси ҳисобланган АҚШнинг минтақада кучли ҳарбий мавжудлиги бор. Хусусан:

  • Араб денгизида 60 та қирувчи самолётга эга авиаташувчи кема,
  • Бой араб давлатларида жойлашган юзлаб самолётлар, минглаб аскарларга ҳарбий базалар.
USS Dwight D. Eisenhower — АҚШнинг Яқин шарқда жойлашган энг катта авиаташувчиси

АҚШ давлат котиби Марко Рубио урушда Исроил «бир томонлама ҳаракат қилгани» ва АҚШ ҳарбий ҳаракатларда қатнашмаганини айтди. Шунга қарамай, АҚШ Эрон томонидан отилган баллистик ракеталарни тутиб қолишда Исроилга катта ёрдам бермоқда. Сўнгги кунларда Эрон осмонида АҚШ разведкачи дронлари ҳам уриб туширилгани айтилмоқда. Бундан ташқари, Буюк Британия ва Германия ҳам Исроил мудофаасига ёрдам бераётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Эронга содиқ прокси гуруҳлар – Ливанда "Ҳизбуллоҳ" ва Яманда ҳусийлар. Лекин сўнгги бир йил ичида АҚШ ва Исроил ҳарбий операциялари натижасида бу кучлар жиддий даражада заифлашган. Ҳатто "Ҳизбуллоҳ" расмийлари бу урушга аралашмаслигини айтиб чиқди.

Барча олдинги ҳарбий қарама-қаршиликларда Исроилга муҳим ёрдам берган АҚШ бу сафар ҳам иттифоқчисини ёлғиз қолдирмаслигини аниқ бўлиб турибди.

P.S. Алоҳида қайд этиб ўтиш керак, аслида Эрон ва Исроилнинг ҳарбий салоҳиятига доир маълумотларнинг барчаси ҳарбий сир ҳисобланади ва бирор марта расман очиқланмаган.

Умуман дунёдаги барча давлатларнинг ҳарбий салоҳияти, эга бўлган қурол-яроғ ва техникаларига доир маълумотлар – ҳукумат ҳисоботлари, пресс-релизлар ва фото-ҳисоботлар, профессионал ҳарбий-таҳлилий нашрлар ҳамда ақл марказлари берган таҳлилий маълумотлар, ОАВларга сиздирилган разведка маълумотлари ва кузатувлардан фойдаланиб шакллантирилади. Шу сабабли унда рақамлар тахминий тусга эга, махфий ва ишлаб чиқариш жараёнидаги қуроллар ҳақида маълумотлар бўлмаслиги мумкин.

Мавзуга оид