Ўзбекистон | 18:17 / 19.06.2025
3728
2 дақиқада ўқилади

Президент Яккабоғдаги «Янги Ўзбекистон» массивини кўздан кечирди

Қашқадарё вилоятидаги 18 гектар майдонни эгаллаган массивда 54 та беш қаватли уй қурилиб, 1 минг 400 та хонадон аҳолига тақдим этилади.

Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилояти, Яккабоғ туманида барпо этилган «Янги Ўзбекистон» массивини бориб кўрди.

Аҳоли фаровонлиги ва турмуш маданиятини оширишга қаратилган мазкур массив илғор шаҳарсозлик ечимлари асосида қурилган. Кўп қаватли уй-жойлар кўркамлиги, тартиблилиги ва ободлиги билан туман қиёфасини ўзгартириб юборди. 18 гектар майдонни эгаллаган массивда 54 та беш қаватли уйлар қурилиб, 1 минг 400 та хонадон аҳолига тақдим этилади.

Иншоотлар нафақат замонавий архитектураси, балки аҳоли учун яратилган инфратузилманинг қулайлиги билан ҳам ажралиб туради. Ҳар бир уй замонавий коммуникация тармоқлари, атрофи эса болалар майдончалари ва автотураргоҳлар билан таъминланган.

Шу билан бирга, ҳудудда қурилган уч қаватли “Эко бозор” барпо этилган. У орқали маҳаллий деҳқонлар ўз маҳсулотларини тўғридан-тўғри истеъмолчиларга етказиш имконига эга. Бу эса ҳам сифат, ҳам нарх жиҳатидан одамларга маъқул бўлмоқда. Бозорда 640 та иш ўрни яратилган.

Давлат раҳбари ушбу экобозорда яратилган шароитларни кўздан кечирди, сотувчи ва харидорлар билан мулоқот қилди.

– Бозорлар тўкинлик, фаровонлик ва халқнинг маданиятини кўрсатади. Яккабоғда шундай обод маскан бунёд этилгани қувонарли. Халқимизнинг харид қобилияти, бозор маданияти ошяпти. Шунга муносиб бундай қулай савдо марказларини кўпайтириш керак, – деди президент.

Алоҳида эътиборга молик жиҳати, массивдаги инфратузилма иншоотларига қуёш панеллари ва гелиоколлекторлар ўрнатилган. Бу эса энергия тежамкорлиги ва узлуксизлиги, экологик хавфсизликни таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

Аҳолининг дам олиши, болалар ва ёшларнинг фаол вақт ўтказиши учун ҳам қулайликлар яратилган. Хусусан, сайилгоҳлар, болалар боғчаси, спорт майдонлари, соғломлаштириш масканлари ҳамда сервис нуқталари ягона концепция асосида барпо қилинган.

Мутасаддиларга шу концепция асосида бошқа туман марказлари ва массивларни ҳам ривожлантириш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Мавзуга оид