Урушнинг янги босқичи — 9-кун
Эрон ракеталари Исроил шаҳарларига зарба берди, жавобан Тел-Авив Теҳрон ядровий объектларини нишонга олди. Дипломатлар жиддий музокараларга ундар экан, уруш сиёсий саҳнага ҳам кўчмоқда. Женевада музокаралар келишув нуқтаси узоқлигини кўрсатмоқда, Трамп эса Эронни Европа билан эмас, АҚШ билан музокарага ундаяпти.

Сўнгги 24 соатда Эрон томонидан Исроилнинг Ҳайфа, Тел-Авив, Бер-шева каби шаҳарларига камида 22 та ракета учирилди. Маълумотларга кўра, нишонлар Исроил Мудофаа кучлари билан ҳамкорлик қилувчи IТ компанияси ва Microsoft’нинг минтақавий офиси жойлашган технопарк биносига зарар етказган.
Исроил эса тунда Эронга қарши зарбаларда 50 дан ортиқ ҳарбий самолётлардан фойдаланган. TSAHAL Эроннинг ядровий қурол дастурига алоқадор объектларга зарбалар берганини иддао қилган, жумладан: ракета ишлаб чиқариш объектларига ва Эрон ядро дастурининг “муҳим компонентини” ишлаб чиқарадиган майдонга зарба берилганини айтди.
21 июн ҳали кун ёришмаган бир вақтда Тел-авивда будилниклардан аввал сирена овозлари чалинди, дастлабки маълумотларга кўра, Эрон камида 6 та ракета учирган.
20 июн куни Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ва Германия, Франция ҳамда Британия ташқи ишлар вазирлари Женевада учрашди. Айни пайтда Европа ташқи ишлар вазирлари журналистларга Эронни Исроил ҳаво ҳужумларини тўхтатишни “кутмасдан” ядровий музокаралар олиб боришга ундаганликларини айтишди.
“Биз Эрон ташқи ишлар вазирига барча томонлар, жумладан, АҚШ билан музокаралар олиб боришни кўриб чиқишни таклиф қилдик”, деди Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноел Барро. У шунингдек Эронда режимни куч билан ўзгартиришга қарши чиқиб “Ташқаридан режимни алмаштириш хавфли ва халқ ўз тақдирини ўзи ҳал қилиши керак”, дея қўшимча қилди. Ароқчи музокараларга очиқлиги, лекин Исроил агрессияси вақтида бунинг иложи йўқлигини айтди.
Жума куни Европа ташқи ишлар вазирлари эронлик ҳамкасби билан учрашганидан кўп ўтмай Доналд Трамп бу учрашувга муносабат билдириб: “Эрон Европа билан гаплашишни истамайди”, деди. Трамп Европанинг иштирокига шубҳа билан қаради ва “бу масалада улар ёрдам бера олмаслигини” айтди.
Эслатиб ўтамиз Трамп Эрон масаласидаги сўнгги қарорини 2 ҳафта ичида қабул қилишини айтган эди.
Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида сўзлаган Путин, Москва Теҳрондаги иттифоқчиларидан воз кечгани ҳақидаги танқидларни рад этди. У Исроилда рус тилида сўзлашувчиларнинг кўплиги ва Москва Эроннинг тинч ядровий дастурини қўллаб-қувватлаётганини тилга олиб, Россиянинг - ҳам Эрон, ҳам Исроил билан яқин алоқалари борлигини таъкидлади.
Жума куни Исроил-Эрон уруши сабаб БМТ хавфсизлик кенгашининг махсус сессияси чақирилди. Сессияда ҳар икки давлатнинг БМТдаги расмий элчилари сўзга чиқди ва ўз позицияларини қатъий ифода этдилар. Исроил томони мақсад Эроннинг ядро қуроли яратишининг олдини олиши ва бу амалга ошмагунча ҳужумлар давом этишини билдирди.
Эрон эса бу ҳужумларни халқаро ҳуқуқни бузиш, деб баҳолади ва АҚШнинг эҳтимолий аралашувидан жиддий хавотир билдирди. БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш глобал тинчлик учун бу “белгиловчи лаҳза” эканини таъкидлади.
Исроил-Эрон уруши уруш нафақат ҳарбий амалиётлар билан балки дипломатик майдондаги мураккабликлар билан давом этяпти.