Жаҳон | 17:38 / 22.06.2025
12526
2 дақиқада ўқилади

Фордодаги уран АҚШ ҳужумидан олдин бошқа жойга кўчирилган – ОАВ

Washington Post нашри сунъий йўлдош тасвирлари ва таҳлилларга таяниб, АҚШ зарбаларидан уч кун аввал Эроннинг Фордо ядро иншооти яқинида ғайриоддий фаолият кузатилганини қайд этди. Эрон ОАВлари эса Фордодаги бойитилган ураннинг катта қисми аввалроқ бошқа жойга кўчириб юборилганини ёзди.

Фото: Maxar Technologies/AFP/Getty Images

АҚШ зарбасидан икки кун аввал Фордо ядро ёқилғисини бойитиш мажмуаси атрофида сунъий йўлдош тасвирлари «ғайриоддий юк машиналари ҳаракатини» қайд этган. Бу ҳақда Maxar Technologies сунъий йўлдош компанияси тасвирларига таяниб Washington Post маълум қилди.

Хусусан, 19 июнь куни ер ости ҳарбий мажмуа томон олиб борувчи йўлда 16 та юк машинаси кузатилган. 20 июндаги тасвирларда уларнинг аксарияти объект марказидан тахминан 1 км шимол-ғарбга кўчирилгани кўрсатилган. Объект кириш қисмида эса бульдозерлар ва бошқа юк машиналари ҳам жойлаштирилган.

Лондондаги Open Source Centre таҳлилига кўра, Эрон бу иншоотни бўлажак зарбага тайёрлаётган бўлиши мумкин эди. Бу ҳаракатлар АҚШнинг Фордога берган авиазарбаси олдидан эҳтиёткор ҳарбий-техник чоралар бўлганига ишора қилмоқда.

Эроннинг Меҳр ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Фордодаги бойитилган ураннинг катта қисми АҚШ ҳужумидан аввалроқ бошқа жойга кўчириб юборилган.

«Уран қаерга кўчирилгани аниқ айтилмаган. Манбалар бу ҳаракатни АҚШ зарбаси хавфи ортиб бораётган пайтда амалга оширилган эҳтиёт чораси сифатида изоҳламоқда», дейилади агентлик Теҳрон расмийларига таяниб тарқатган хабарида.

Шунингдек, агентлик Фордодан ташқари зарба берилган Исхафон ва Натанзда ҳам ҳаёт «одатдагидек давом этаётгани»ни хабар берди.

«АҚШнинг кеча уюштирган ҳужуми янгилик эмас, чунки айни шу ядровий объектлар ўтган ҳафтада ҳам нишонга олинган эди. Албатта, Атом энергияси ташкилоти зарарнинг тафсилотларини эълон қилиши керак.

Исфаҳон вилояти ва ҳужумлар бўлган шаҳарлар ҳаёти одатдагидек давом этмоқда. Кеча эшитилган товушлар илгари ҳам мудофаа амалиётлари ёки айрим зарбалар пайтида эшитилиб турган эди. Янги нарса сезилмади. Исфаҳон ва Натанз шаҳарларида ҳаёт ўз меъёрида кечмоқда,» деган Исфаҳон вилояти вакиллари ассамблеяси раҳбари Хожатулислам Муҳаммад Тақий.

Мавзуга оид