Жаҳон | 07:34 / 26.06.2025
3306
3 дақиқада ўқилади

Медведев: Европа Иттифоқи - Россия учун «тўғридан тўғри таҳдид»

Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши ҳам мамлакат учун хавф туғдиради — Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари.

Фото: Anadolu Agency

Ҳозирги Европа Иттифоқи Россия Федерацияси учун Шимолий Атлантика алянсидан кам хавф туғдирмайди. Бу ҳақда Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев маълум қилди.

«Бугунги кунда бир вақтлар Европа кўмир ва пўлат ҳамжамияти негизида яратилган собиқ Европа Иттифоқи моҳиятан мавжуд эмас. Бу сиёсатлашган глобалист, маълум вақтдан бери эса — қаттиқ русофоб ташкилот. Россиядан қасос олишни орзу қилган ташкилот», — деб ёзди Медведев Telegram-каналида.

Сиёсатчининг сўзларига кўра, европалик сиёсатчилар «Европа кучлари ўртасида урушлар ва келишмовчиликларни истамайдиган иқтисодий гигант сифатида Европа Иттифоқи ғоясини бутунлай йўқ қилди».

«Энди унинг (Европа Иттифоқи) асосий мафкураси русофобия бўлиб, улар майда муаммоларини ҳал қилиш учун хаёлий «Россия таҳдиди»ни яратди. Аста-секин, лекин ишончли тарзда, Европа Иттифоқи ўзини ўзи таъминлайдиган ҳарбий блокка айланмоқда», - деб ҳисоблайди Медведев.

Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосарининг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи алоҳида мақсадни ҳам кўзламоқда – Киевни «Россия учун дахлсиз бўлиб қоладиган даражада» қуроллантириш.

«Бугунги кунда Брюссел Россиянинг ҳақиқий душманидир. Бундай бузуқ шаклда Европа Иттифоқи бизга Шимолий Атлантика алянсидан кам хавф туғдирмайди. Шунинг учун: «Ҳамма жойга қўшилинг, аммо НАТОга эмас», деган хотиржам шиорни ўзгартириш керак», деди Медведев. У Европа Иттифоқи «Россия учун тўғридан тўғри таҳдид» эканлигига эътибор қаратди.

«Биз бунга шундай муносабатда бўлишимиз керак. Ҳар ҳолда, унинг бизга бўлган ёндашувлари ўзгармагунча», — дея таъкидлади сиёсатчи.

Медведевнинг фикрича, Украинанинг Европа Иттифоқига эҳтимолий кириши ҳам мамлакат учун хавф туғдиради.

«Бу хавфни икки йўл билан чеклаш мумкин: а) ё Европа Иттифоқининг ўзи Киев квази-давлати принципиал жиҳатдан унга керак эмаслигини тушуниши керак; б) ёки Европа Иттифоқига ҳеч ким қўшилмаслиги лозим», деб таъкидлайди у.

Мавзуга оид