Жаҳон | 23:39 / 03.07.2025
6405
2 дақиқада ўқилади

Россия Афғонистон Ислом Амирлигини расман тан олган биринчи давлат бўлди

Москва Кобул билан савдо-иқтисодий йўналишда, хусусан, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилма лойиҳалари соҳаларида ҳамкорлик учун катта истиқболларни кўрмоқда.

Фото: ТАСС

Россия Афғонистон Ислом Амирлигини расман тан олди. Бу ҳақда президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов маълум қилди.

«Тан олди», — дейди Кабулов бу борадаги саволга жавобан.

Қайд этилишича, 3 июл куни РФ ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко Афғонистон элчисидан ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилиб олган.

Ташқи ишлар вазирлиги Россия Федерациясининг Афғонистон ҳокимиятини расман тан олиши икки давлат ўртасидаги турли соҳаларда самарали ҳамкорликка янги туртки беришини таъкидлади. ТИВга кўра, Москва Кобул билан савдо-иқтисодий йўналишда, хусусан, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилма лойиҳалари соҳаларида ҳамкорлик учун катта истиқболларни кўрмоқда.

Шу тариқа, Россия «Толибон» ҳукуматини расман тан олган биринчи давлат бўлди. Толиблар Афғонистонни 2021 йил августидан буён, АҚШ қўшинлари чиқиб кетиши билан Афғонистон Республикаси қулатилганидан бери бошқариб келмоқда.

2021 йил октябр ойида Владимир Путин Россия «Толибон»ни террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқариш бўйича қарор қабул қилишга яқинлиги, аммо буни биринчи навбатда БМТ Хавфсизлик Кенгаши қилиши кераклигини айтганди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги «Толибон»ни террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқариш масаласи ишлаб чиқилаётганини маълум қилганди.

Жорий йилнинг апрел ойида эса Россия Олий суди Бош прокуратуранинг «Толибон» фаолиятига қўйилган тақиқни тўхтатиб туриш тўғрисидаги даъвосини қаноатлантирди ва ҳаракатни террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқаришга қарор қилди.

Мавзуга оид