Жаҳон | 20:34 / 03.07.2025
2828
2 дақиқада ўқилади

Украинанинг Ҳаркив шаҳрида солиқлар ва йиғимлар бекор қилинди

Мэр Россия томонидан ўққа тутилаётган шаҳарда бизнес ва одамларни шу тарзда ушлаб туришга ҳаракат қилаётганини айтди.

Фото: president.gov.ua

Украинанинг Ҳаркив шаҳри аҳолиси жамоат транспортидан бепул фойдаланади ва урушдан кейин ҳам шундай қилади. Корхоналар эса деярли солиқ тўламайди. Шу ва бошқа бир қатор йўллар билан маҳаллий маъмурият шаҳардаги одамларни ушлаб туришга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда шаҳар мэри Игор Терехов айтди.

2022 йил май ойидан Ҳаркив аҳолиси жамоат транспортидан бепул фойдаланмоқда, ер ёки кўчмас мулк учун солиқлар йўқ, баъзи тадбиркорлар учун ягона солиқ бекор қилинган.

«Одамлар бу ерда қолиб, ишлаши учун барча солиқ ва йиғимларни бекор қилдик», деди Терехов.

Унинг сўзларига кўра, Ҳаркив корхоналари урушга қарамай, деярли бошқа жойга кўчмаган. У рус дронлари томонидан ҳужумга учраган, аммо барибир қолишга қарор қилган компанияларни мисол қилиб келтирди.

«Кимдир кўчиб кетди, кимдир филиал очди - ҳа, шундай бўлди. Кимдир кўчиб, кейин қайтиб келди. Рақамларни айтмайман, лекин биз буни шаҳар бюджетида салбий таъсирини сезяпмиз. Кундалик ўққа тутиш шаҳар иқтисодиётига зарба беряпти. Кўпинча корхоналар вайрон бўлади, лекин эгалари шаҳарни тарк этмайди ва қайта тиклаб олади», деб қўшимча қилди у.

Терехов ҳукумат томонидан солиқ компенсацияси бўйича келишув борлигини қўшимча қилди. Унинг таъкидлашича, йилига 2 миллиард гривна жамоат транспорти харажатлари учун компенсация шаклида берилишига қарамай, бу тартиб уруш тугаганидан кейин ҳам давом этади. Чунки шаҳарда Донецк, Луганск, Херсон ва Запорижжя вилоятларидан кўчирилган 206 минг киши истиқомат қилади.

Умуман олганда, унинг маълумотларига кўра, ҳозир Ҳаркивда 1,3 миллион киши истиқомат қилади. Россиянинг кенг миқёсли босқинидан олдин шаҳарда 2 миллионга яқин одам яшаган.

Мавзуга оид