Жаҳон | 09:36 / 04.07.2025
2458
2 дақиқада ўқилади

Ню-Йоркда мусулмон номзод демократлар праймеризида ғалаба қозонди

Сиёсатчи ишчилар ҳуқуқлари ва шаҳарда арзон яшаш учун курашишга ваъда берди ва Трампни ишчиларга ҳужумлар учун танқид қилди.

Фото: picture alliance

Ню-Йоркда Демократик партиянинг бирламчи сайловида ғалаба қозонган мусулмон номзод Зоҳран Мамданий шаҳарни аҳолининг барча қатламлари учун арзон қилиш ва синфий тенгсизликка барҳам бериш ниятида эканини айтди. «Мен ишчилар синфи учун курашаман. Менинг курашим бу шаҳарда яшашга қурби йўқ бўлганлар учун», — дея таъкидлади у сайловолди ташвиқоти тадбирларидан биридаги нутқида.

Мамданийга кўра, унинг кампанияси Қўшма Штатлардаги энг қиммат шаҳар — Ню-Йоркни ҳамма уй-жой сотиб олиши ва ўзини хавфсиз ҳис қилиши мумкин бўлган жойга айлантиришга қаратилган. У шаҳарнинг ижтимоий тузилишини йўқ қилишга уринишда айблаган АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятининг қаршилигига қарамай, бу курашни давом эттиришига ишонтирди.

Сиёсатчи Трамп аввалроқ уни депортация қилиш билан таҳдид қилганини эслатди. «Доналд Трамп менга ҳужум қилмоқда, чунки у эътиборни ишчиларга қарши урушидан чалғитмоқчи. Лекин биз унга имконият бермаймиз», — деди Мамданий.

Унга кўра, Трампнинг айбловлари аҳоли эътиборини яшаш, озиқ-овқат ва уй-жой нархининг ошиши каби долзарб муаммолардан чалғитишга уринишдир. Унинг қўшимча қилишича, Трамп сайловолди ваъдаларини бажармаган ва нафақат Ню-Йорк, балки бутун мамлакат бўйлаб ишчилар синфи манфаатларига хиёнат қилган. Мамданийнинг таъкидлашича, ҳақиқий ечимлар ўрнига Трамп синфий тенгсизлик ва ижтимоий келишмовчиликни кучайтирмоқда.

«Бизнинг ню-йоркликлар сифатида авторитаризмга қарши туриш ва ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масъулиятимиздир», дея қўшимча қилди у.

Мавзуга оид