Жаҳон | 10:20
1431
2 дақиқада ўқилади

Мерц Трамп билан Украина ҳаво мудофаасини кучайтиришни муҳокама қилди

Германия канцлери АҚШ президентини телефон орқали суҳбатда Украинага ҳарбий ёрдамни давом эттиришга чақирди. Германия Россия ўққа тутаётган Украина ҳаво мудофаасини кучайтириш учун АҚШдан Patriot тизимларини сотиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Фото: NATO/UPI Photo/Newscom/picture alliance

Германия канцлери Фридрих Мерц 4 июл, жума куни эрталаб АҚШ президенти Доналд Трамп билан телефон суҳбатида Оқ уй раҳбарини Украинага ҳарбий ёрдамни давом эттиришга чақирди. Бошқа масалалар қаторида Украина ҳаво мудофаасини кучайтириш имкониятлари муҳокама қилинди, деб ёзади Германиянинг Der Spiegel ҳафталик нашри.

Бу маълумотни Reuters агентлигига Германия ҳукумати расмий вакили Штефан Корнелиус тасдиқлади. Унинг журналистларга айтишича, Германия Россиядан ўққа тутишнинг кучайиши фонида Украина ҳаво мудофаасини кучайтириш учун АҚШдан Patriot қурилмаларини сотиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Der Spiegel нашри ёзишича, телефон орқали суҳбат чоғида Трамп Мерцга ҳеч қандай ваъда бермаган. Бундан ташқари, ҳафталик хабарига кўра, Германия канцлери ва Америка президенти халқаро савдо масалаларини муҳокама қилган.

Бироздан кейин АҚШ президенти украиналик ҳамкасби Володимир Зеленский билан телефон орқали гаплашди. Зеленский бу суҳбатни «муҳим ва самарали» деб атади. Унинг сўзларига кўра, томонлар «ҳаво ҳужумидан мудофаа масалаларини муҳокама қилиб, Украина осмонини ҳимоя қилишни кучайтириш устида ишлашга келишиб олди».

Бундан ташқари, мудофаа маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқариш ва сармоя киритиш имкониятлари муҳокама қилинди. «Биз АҚШ билан тўғридан тўғри ҳамкорлик қилишга тайёрмиз ва бу хавфсизлик учун, айниқса, учувчисиз учоқлар ва унга алоқадор технологияларга нисбатан жуда муҳим, деб ҳисоблаймиз», деди Украина президенти.

Мавзуга оид