Жаҳон | 13:19 / 08.07.2025
1045
2 дақиқада ўқилади

Харкивда бир сутка ичида дронлар ҳужумидан 82 киши жабрланди

7 июл куни эрталаб Россия қўшинлари Харкивга 10 та дрон ёрдамида икки марта зарба берди. Натижада бир аёл ҳалок бўлди, 82 киши жароҳат олди ёки ўткир шокни бошдан кечирди.

Фото: Patrick Muzart/ZUMA/picture alliance

7 июл, душанба куни соат 21:00 ҳолатига кўра, Россия учувчисиз учоқларининг Харкивга уюштирган ҳужумлари натижасида жароҳатланганлар сони 82 кишига етди. 34 ёшли аёл ҳалок бўлди, деб хабар берди Харкив вилоят прокуратураси Telegramʼда.

Унинг постида айтилишича, Россия Қуролли кучлари Харкивга икки марта зарба берган — соат 05:20 дан 05:40 гача ва 10:20 дан 10:30 гача. Зарбалар биринчи навбатда "Герань-2" русумидаги (Shahed'нинг рус аналоги) 10 та дрон томонидан амалга оширилди. Объектлар Харкивнинг Шевченко, Холодногорский ва Слободский туманларидаги фуқаролик объектлари бўлган, дея хабар беради вилоят прокуратураси.

Жабрланганлар орасида - саккиз нафар бола: икки қиз ва икки ўғил, дея қўшимча қилди идора.

Аввалроқ маҳаллий ҳокимият Харкивнинг Шевченко туманидаги кўп қаватли бинолардан бирига Россия учувчисиз учоғи урилгани натижасида 8-қаватда ёнғин чиққани ҳақида хабар берган эди. Слободский туманида зарбалар турар жой биносига қаратилган.

Украинанинг аҳоли сони бўйича иккинчи шаҳри сўнгги бир ой ичида кучли ўққа тутилди. 7 июнга ўтар кечаси Россия Қуролли кучлари шаҳарга кенг кўламли уруш бошланганидан бери энг кучли ҳужумни уюштирди – Украина расмийларига кўра, Харкивга деярли 50 та дрон, иккита ракета ва тўртта авиабомба учирилган. Уч киши ҳалок бўлди. Ўша куни россияликлар шаҳарнинг марказий қисмига бошқариладиган ҳаво бомбаларини (КАБ) ташлади, натижада яна олти киши ҳалок бўлди ва 40 дан ортиқ киши жароҳат олди.

Мавзуга оид