Жамият | 21:53 / 10.07.2025
9822
6 дақиқада ўқилади

“Медгородок”даги каби воқеа такрорланмаслигига кафолат борми?

Тошкентда иссиқ сув қувури босим билан синаш пайтида ёрилиб кетди. Хайриятки, талафотлар фақат моддий, бахтли тасодиф сабаб ҳеч кимга жиддий шикаст етмади. Сал қолса, осмонга учган тротуарнинг бетон плитаси одамни босиб қолиши ҳеч гап эмасди. Хўш, шаҳарда инсонлар ҳаёти тасодиф ихтиёрига ташлаб қўйилганми? Kun.uz бу ҳақдаги саволлар билан масъулларга юзланди.

10 июл куни Шайхонтоҳур тумани Фаробий кўчасида тротуар остидан ўтган иссиқ сув қувури ёрилиб, портлашга олиб келди. Воқеа куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида, қувурларни одатий босим остида синаш вақтида рўй берди.

Кузатув камераларидан олинган видеолардан кўринишича, тротуарда турган пиёдадан бир неча қадам нарида тротуарнинг бетон плитаси отилиб, ўткинчи автомобилни босиб қолишига бир бахя қолган – агар портлаш светофорнинг қизил фазасида рўй берганида, шундай бўлиши тайин эди.

Бошқа бир видеода портлаш натижасида ҳосил бўлган қуюқ чанг ичидан бир неча киши жон ҳолатда, бошини чангаллаганча югуриб чиқаётгани кўринади.

ФВВ ахборотига кўра, уч киши енгил жароҳатланган. Бир неча автомобил ва бинога зарар етган. Kun.uz мухбири воқеа жойида бўлиб, гувоҳлар ва масъуллар билан суҳбатлашди.

Veolia Energy'нинг Олмазор тумани бўлим бошлиғи Бахтиёр Расуловга кўра, етказилган зарарлар компаниянинг суғурта бўйича ҳамкори томонидан қоплаб берилади.

“Қишда ёрилиб кетмаслиги учун, қувурлар 30-40 йилдан бери мана шу тарзда синаб келинади. Тажрибамда бундай ҳолатлар аввал ҳам бўлган. Бир неча йил олдин сал нарироқда ҳам шундай портлаб, сув баландга отилган. Юнусободда ҳам ёрилиб, фонтан бўлиб кетган.

Ўзи 16 атмосфера босимга синамоқчи эдик, лекин унгача чиқмади, 12,6–12,8 атмосферада ёрилиб кетди. Ҳар битта трубанинг хизмат муддати бор, бир неча ўн йил. Биз муддатидан олдин уни алмаштира олмаймиз, чириган жойлари бор-йўқлигини мана шунақа обпрессировка билан синаб оламиз. Мана, ҳозир чириган жойи чиқди.

Бунақа синов бутун шаҳар ҳудудида бўлади. Зарар етказилган ҳолатлар бўйича актлар тузамиз, суғуртамиз бор, шу суғурта компанияси тўлаб беради, фақат далолатнома асосида.

Белгиланган тартиб бўйича, синов ўтказилаётганда маълум бир масофаларда ходимларимизни жойлаштирамиз. Бу ерда ҳам ходимимиз турган, у одамларга: “Нарироққа ўтинглар, бу ерда синов бўляпти” деб айтдим деяпти. Нима учун бу ходимларни қўямиз? Сабаби, ёрилиб кетса, зудлик билан иссиқ сувни ўчиришимиз керак”, – деди Бахтиёр Расулов.

Kun.uz мухбири воқеадан кейин Veolia Energy Tashkent офисида бўлиб, компания бош муҳандиси ўринбосари Икромжон Исоқов билан суҳбатда бўлди.

Шунақа портлаши эҳтимоли бор экан, бунақа ишлар тунги вақтда, кўчада одам кам бўлган вақтда қилиниши керак эмасми?

— Бундай синовларни кечқурун ўтказиш бундан-да хавфли. Қоронғи вақтда бугунгидек ҳодиса бўлса, авария ҳолатини аниқлаш, бартараф этиш чўзилади. Шунинг учун кундуз куни қилинади.

Биз синовлар ўтказилиши ҳақида 1 ой олдин расмий манбаларимизда огоҳлантириш берамиз. Қайси кўчада, қачон синовлар ўтказилиши бўйича эъло чиқарганмиз.

Шу портлаган жойда бирор одам турганида, бетон плитанинг тагида қолар эди. Синовдан олдин хавфли жойларни ленталар билан ўраб чиқиш керак эмасми? Бу борада норматив ҳужжатларда қандай талаблар бор?

— Хавфли жойларда бизнинг ходимлар туришади. Бугун ҳам туришган. Қувурларни босим бериб синаш бўйича 2004 йилда тасдиқланган қоидалар бор: қанақа тартибда ўтиши керак, ҳаммаси ёзилган. Биз шу тартиб бўйича ишлаганмиз. Энди шу тартибни ўзгартиришни кўриб чиқяпмиз.

Бу ҳодисаям сабабчи бўлиб, тегишли қоидаларни ўзгартириш бўйича ўз таклифларимизни берамиз. Таклифларимиздан бири – қувурни юқори босимда текширмасдан, ўрнига ултратовуш аппаратлари билан текшириш.

Синов пайтида босим секин-секин, муайян вақт интерваллари билан ошириб борилганми? Каттароқ портлаш бўлганига қараганда, бирданига юқори босим берилгандек кўриняпти.

— Қоида бўйича ҳар 1 дақиқада босим 1 атмосферага кўтариб боришади. Қоидаси шунақа. Биз синовда босимни максимал 16 атмосферагача кўтаришимиз керак эди, лекин 12,6 атмосферада шу жой ёрилган.

Бундан ташқари, қоида бўйича, синовдан олдин иссиқ сув ҳароратини 45 даражага туширишади, шундай ҳолатлар бўлганда одамлар куймаслиги учун. Бугун ҳам сув ҳароратини 45 даражагача туширишиб, шундан кейин босимни 1 дақиқада кўтариб боришган. (Бу вақтда иссиқ сув таъминоти иккинчи қувур орқали давом эттирилган – таҳр.)

Агар босим бирданига кўтариб юборилганида, гидравлик зарба юзага келиб, фақат битта жой ёрилмаган бўларди.

Қандай хулоса чиқарилади, бу каби ҳолатлар такрорланмаслиги учун иш тартибига ўзгаришлар киритиладими?

— Синов қоидаларини ўзгартириш бўйича назорат органларига таклифимизни берамиз. Биринчидан, юқори босимда текширмасдан, замонавий ултратовуш аппаратлари билан текширишни таклиф қиламиз.

Иккинчидан, агар шунақа юқори босимли синовларни давом эттирсак, одам юрадиган жойларни сиз айтганингиздек лента билан ўраб қўйиш – биринчи мақсадимиз бўлади.

Ҳозирги синовлар қозонхонадан бошлаб, охирги нуқтагача бўлади. Яна бир таклифимиз – текширишни бўлиб-бўлиб, 500 метрдан 1 километргача бўлган қисмларга ажратиб, алоҳида синовдан ўтказиш бўлади.

Синовлар бўйича ҳозир янги график тузиляпти. Ўзи режамиз бўйича август охиридан сентябр ўртасигача кейинги синовлар бўлиши керак. Ҳозир айтиб ўтган таклифларимиз асосида, синов тартибига ўзгартириш киритиб, шундай ҳодиса бўлмаслигига ҳаракат қиламиз.

Мавзуга оид