Жаҳон | 14:24 / 12.07.2025
3248
2 дақиқада ўқилади

Bloomberg: Украина Тюмен вилоятидаги газ қувурини портлатиб юборди

10 июл куни Тюмен вилоятидаги ҳарбий ишлаб чиқариш объектларини газ билан таъминловчи магистрал қувурда портлаш содир бўлди. Bloomberg агентлиги маълумотларига кўра, портлаш учун жавобгарликни Украина ўз зиммасига олди.

Фото: Bloomberg

Тюмен вилоятининг Ханти-Манси автоном округидаги Лангепас шаҳрида 10 июл куни Оренбург, Челябинск ва Свердловск вилоятларидаги ҳарбий ишлаб чиқариш объектларини табиий газ билан таъминлайдиган магистрал қувурда портлаш содир бўлди. Украина ҳарбий разведкаси бунинг учун жавобгарликни ўз зиммасига олди, деб хабар берди Bloomberg 11 июл, жума куни воқеани «махсус операция» деб атаган Украина Бош разведка бошқармаси (ГУР) ходимига таяниб. Агентлик бу маълумотни мустақил равишда тасдиқлай олмади.

"Газпром" маълумотларига кўра, 2024 йилда қувур орқали мамлакат ичидаги истеъмолчилар учун деярли 396 миллиард куб метр газ ўтказилган. Объект Москвадан 3000 км узоқликда жойлашган.

Украина матбуоти ҳисоб-китобларига кўра, ушбу газ қувурининг портлаши оқибатида кўрилган зарар 1,3 миллион доллардан ошиши, билвосита йўқотишлар эса 76 миллион долларни ташкил қилиши мумкин. Украина разведкасининг фикрича, ботқоқли ҳудуддаги оғир геологик шароит туфайли таъмирлаш ишлари камида бир ой давом этади.

Айни пайтда Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ Украинага қурол етказиб беришни қайта бошлаганини айтди. «Бизда энг юқори даражадаги сиёсий сигналлар бор — яхши сигналлар, айниқса АҚШдан, европалик дўстларимиздан. Барча маълумотларга кўра, етказиб бериш қайта тикланган», — деди у.

Мавзуга оид