Ўзбекистон | 22:42 / 14.07.2025
3821
2 дақиқада ўқилади

«Ташаббусли бюджет»да 823 та маҳаллага танаффус берилди

Ўзбекистон бўйлаб 823 та маҳалла «Ташаббусли бюджет»нинг охирги иккита мавсумида кетма-кет ғолиб чиққани сабаб, кейинги иккита мавсумни ўтказиб юборади. Бугундан бошланган 2025 йил 2-мавсуми ва келаси йил 1-мавсумида бу маҳаллалар ўз лойиҳалари билан қатнаша олмайди. Ғолиб чиқолмаётган маҳаллаларнинг имкониятини ошириш мақсадида шундай қилинмоқда.

Фото: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

«Ташаббусли бюджет»нинг 2025 йил 2-мавсуми ва 2026 йил 1-мавсумида 823 та маҳаллага танаффус берилади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилди.

Илк марта қўлланаётган янги қоидага кўра, бундан аввалги икки овоз бериш: 2024 йил 2-мавсуми ҳамда 2025 йил 1-мавсумида кетма-кет ғолиб бўлган маҳаллалар кейинги икки овоз беришда танаффус олади.

Яъни мазкур маҳаллалар (шунингдек, ушбу маҳаллаларда жойлашган мактаб, боғча, тиббиёт муассасалари ва бошқа ташкилотлар) навбатдаги икки мавсум доирасида ўз лойиҳалари билан иштирок эта олмайди.

Танаффус бериладиган маҳаллалар рўйхати билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.

Ғолиблар рўйхатига аниқлик киритилган ҳолларда, ҳар мавсум бошланишидан аввал танаффус берилаётган маҳаллалар рўйхати Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг расмий саҳифалари ҳамда OpenBudget порталида эълон қилиб борилади.

Наманган шаҳридаги Даштбоғ, Когон шаҳридаги Нурафшон ва Шуманай туманидаги Бегжап маҳаллаларининг 2025 йил 1-мавсумидаги лойиҳалари рад этилгани сабабли уларга танаффус берилмайди.

Мавзуга оид