Ўзбекистон | 20:16 / 18.07.2025
1323
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Жанубий Корея божхоначиларига 6 бош хизмат итини етказди

Итлар Жанубий Кореяда иқлимга мослашиш жараёнлари якунига етгач, халқаро аэропорт ва денгиз портларида хизматга сафарбар қилинади.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

18 июл куни жанубий кореялик божхоначилар Ўзбекистон Миллий кинология марказида 6 бош хизмат итини қабул қилиб олди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси хабар берди. Қайд қилинишича, итлар Жанубий Кореяда иқлимга мослашиш жараёнлари якунига етгач, хизматга сафарбар қилинади.

Шу йилнинг июн ойида кореялик мутахассислар Миллий кинология маркази билан 6 бош хизмат итини харид қилиш юзасидан икки томонлама шартнома имзолаган эди. Шартнома доирасида Тошкент халқаро аэропорти орқали итлар тегишли ветеринария диагностика ва кўриклардан муваффақиятли ўтказилиб, халқаро ташиш учун зарур бўлган ҳужжатлари расмийлаштирилган ҳолда Жанубий Кореяга жўнатилди.

Шундай қилиб, ҳозирга қадар Миллий кинология марказида етиштирилиб, гиёҳвандликка қарши курашиш йўналишида тайёрланган ва Жанубий Кореяга юборилган хизмат итлари сони 12 бошга етди.

Таъкидланишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида божхона хизматларининг кинология соҳасидаги ҳамкорлиги амалий натижаларга бой бўлмоқда.

Жумладан, 2023-2024 йилларда Миллий кинология марказида тайёрланган ва Жанубий Корея божхона хизматига юборилган 6 бош лабрадор зотига мансуб хизмат ити бугунги кунда халқаро аэропорт ва денгиз портларида хизмат қилмоқда.

Мавзуга оид