Жаҳон | 08:27
2601
2 дақиқада ўқилади

Эронда сув захиралари энг паст даражага тушиб кетди

Эрон президенти Масъуд Пезешкиён губернаторлар билан учрашувда мамлакатда жиддий сув тақчиллиги борлигини маълум қилди.

Фото: Ali Khara/WANA

"Бугун Теҳрон сув ресурсларининг жиддий қисқариши билан юзма-юз турибди, захираларимиз эса хавотирли вазиятда, – дея унинг сўзларидан иқтибос келтирган "Анадолу" агентлиги. – Бу инқирозни жамоатчилик билан мувофиқлаштирмасдан енгиб ўтишнинг иложи йўқ. Батафсил баҳолар шуни кўрсатадики, сув захиралари тугайди, ресурслардан шу пайтгача нотўғри фойдаланилган".

Ҳозирги вазиятда табиатни ёки бошқа одамларни айблаб бўлмаслигини таъкидлаб, ўтмишдаги нотўғри қарорлар бу ҳолатга олиб келганини қайд этди.

"Бизга нозик, илмий ва узоқни кўра оладиган бошқарув керак. Мамлакатни сув инқирозидан қутқариш учун ҳукумат ҳам, халқ ҳам ушбу миллий жараёнга максимал даражада эътибор қаратиши ва фаол иштирок этиши зарур", – дея қўшимча қилди давлат раҳбари.

Эронда давом этаётган қурғоқчилик туфайли тўғонлардаги сув сатҳи пасайган, дея маълум қилди Теҳрон вилояти сув бошқармаси баёнотда. Пойтахтни таъминловчи сув захиралари сўнгги асрдаги энг паст даражага етди.

Ҳукумат, шунингдек, аҳолини сув истеъмолини чеклашга чақирди, чунки мамлакат давом этаётган жазирама тўлқини шароитида жиддий сув танқислигига дуч келмоқда.

Мавзуга оид