Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Қўлга тушган» тизим: селектор воқеаси муаммога кўзгу тутди
Селекторида ўтирган амалдор иш жойида аёл кишини қучоқлаган кўйи камерага тушиб қолгани турмоқни «портлатди». Бу «қаҳрамон» катта бир туманда бўлим бошлиғи экан. Аввалроқ худди шундай лавозимдаги бошқа бир мулозим ўз хонасида гиёҳванд модда истеъмол қилгани акс этган видео тарқалганди. Бугун шу ҳақида гаплашамиз. Йўқ, хабарлар тафсилотига тўхталмоқчи эмасман, шахсан менинг ким кимни қучоқлаши-ю, нима чекиши билан ишим йўқ. Шу икки эпизод мисолида бюрократик тизимдаги муаммоларга тўхталамиз.

Бюрократик портфел
Охирги кунларда яна бирор вазирлик ёки қўмита ташкил этилмаган бўлса, Ўзбекистонда 32 та вазирлик ва қўмита бор. Ҳали бу қисқартирилгани, аввал бундан ҳам кўп эди. Таққослаш учун 1,5 миллиардга яқин одам яшайдиган Хитойдаги марказий аппаратда бош вазир, унинг тўрт ўринбосари ва беш нафар давлат маслаҳатчисини қўшиб ҳисоблаганда, 32 киши ишлайди. 350 миллионлик Америка 15 та вазирлик билан қандай яшамоқда, ҳайронман.
Майли, бошқа давлатларни қўяйлик, айтмоқчи бўлганим – бизда ҳукумат бюрократик портфели жуда катта. Юқоридаги 32 та вазирлик ва қўмитадан ташқари яна агентликлар, бошқа давлат ташкилотлари бор. Ва ана шу барча давлат ташкилотларининг вилоят, шаҳар ва туманларда бўлимлари! «Облоно», «районо», «гороно».
Кучишлатар тузилмаларни бюрократик портфелга қўшмаймиз, уларнинг қиладиган иши кўп. Ўзбекистон катта давлат: 37 миллиондан ортиқ одам яшайди, орган ходимларининг иши кўп, уларнинг давлатга оғирлиги тушмайди. Лекин кўплаб давлат ташкилотлари ўзи нима иш билан шуғулланяпти, деган саволни тез-тез ўзимизга беришимиз керак.
Масалан, бугун биз ушбу мазмунда ролик қилишимизга сабаб бўлган «запал» Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги туман бўлимида содир бўлган. Бу бўлимда давлат ишчилари нима иш билан банд бўлишади ўзи? Саволни бошқачароқ бераман: қайси бирингиз бандлик бошқармаси орқали ишга жойлашгансиз? Бу лавозимдаги бир мулозим селектор вақтида камера қаршисизда аёл кишини қучоқлаб тургани, бошқаси кабинетида ниманидир тутатиб ўтирганига қараганда, қиладиган иш кўпга ҳам ўхшамайди...
Ҳурматли давлат ишчилари, биз хусусий сектор вакилларидан бу гапимиз учун ранжиманг, шахсан мен жуда кўп виждонли, профессионал, ўз вазифасини чин дилдан бажарадиган давлат хизматчиларини биламан. Уларнинг солиқ тўловчилар ҳисобидан оладиган маошлари она сутидай ҳалол. Иссиқда соатлаб чироқсиз чорраҳада қолиб кетадиган ЙПХ ходими, ярим тунда ширин уйқусидан туриб ўт ўчиришга югурадиган ФВВчилар, тирбандликда амаллаб беморни касалхонага етказадиган тез ёрдам ҳайдовчиси отасининг пешона терисидай ҳалол ризқ топмоқда, лекин жуда кўп ташкилотлар нима иш билан банд ўзи, деган савол фақат мени қийнаса керак.
Контракти учун велосипедда овқат етказаётган «доставкачи», Корзинкадаги фаррошлар, минг хил мижознинг қош-қовоғига қарашга мажбур Yandex ҳайдовчилари топадиган тўрт сўм пулидан қуртдай қилиб солиқ тўлайди. Ва бу жамиятни ушлаб турадиган қаҳрамон ўрта синф вакиллари чарчаб уйга борганда, ҳар замонда бўлса ҳам, шу тўлаган солиғим нималарга сарфланаркин ўзи деб ўйлайди. Солиқлар эвазига очилган давлат ташкилотида боягиндақа ишлар бўлганини кўрса, ранжийди. Йўқ, ўрта синф меннаткаши бу борада сизга эътироз қилмайди, ёқангиздан олмайди, бунга вақти ҳам йўқ, лекин уйга чарчаб бориб шу ҳақда ўйлаганида, юрадиган нимадир узилади.
Азизлар, биз ажойиб юртда яшаймиз. Меҳнаткаш одамларимиз – бу юртнинг энг катта бойлиги. Ҳар бир ишни қилаётганда мана шу меҳнаткаш ўрта синфнинг овозини чиқармай берадиган саволларига виждон билан жавоб бера олишни ҳам ўйлаш керак... Омон бўлинг.
Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов
Мавзуга оид

10:42 / 25.07.2025
Ишдаги ишқнинг якуни: селекторда “қўлга тушган” амалдор ишдан олинди

22:15 / 12.03.2025
Malibu'дан Tahoe'гача – амалдорларнинг “иномарка”лари қандай автомобилга алмашди?

16:34 / 11.03.2025
Амалдорлар “маҳаллий” хизмат автомобилларига ўтказилмоқда

13:45 / 07.01.2025