Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Крокус» теракти ижрочилари айбига иқрор бўлди ва пушаймонлигини билдирди
4 август куни Москва ҳарбий суди «Крокус Сити Холл» концерт залида содир этилган теракт бўйича жиноий ишни мазмунан кўриб чиқишни бошлади.

Фото: EPA/ТАСС
Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл» биносида содир этилган терактнинг тўрт нафар бевосита ижрочиси ўз айбига иқрорлигини билдирди ва жабрланувчилардан кечирим сўради, деб хабар берди жабрланувчилар вакили Людмила Айвар. Унинг сўзларидан Interfax иқтибос келтирди.
«Фаридуний, Мирзоев, Файзов, Ражабализода ўз қилмишида айбини тан олди, пушаймон бўлди, жабрланувчилардан кечирим сўради», деди у журналистларга.
4 август куни Москва ҳарбий суди «Крокус Сити Холл» концерт залида содир этилган теракт бўйича жиноий ишни мазмунан кўриб чиқишни бошлади. Мажлис ёпиқ режимда ўтказилмоқда. 19 нафар судланувчига теракт, террорчилик фаолиятига кўмаклашиш, террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида тайёргарликдан ўтиш ва бошқа жиноятлар бўйича айбловлар қўйилган.
Айвар сўзларига кўра, бошқа айбланувчилар айбини қисман тан олган ёки терактда айбини тан олмаслигини айтган. Шу билан бирга, улар теракт ижрочиларига пул ўтказганини, шунингдек, хонадонни ижарага берганини тасдиқлаган. Бироқ, уларнинг ниятидан бехабар эканини таъкидлаган.
Адвокатнинг айтишича, суд мажлисида судланувчиларнинг шахсига оид материаллар ўрганилади, шундан сўнг давлат айбловчиси уларни ҳибсга олиш муддатини яна 6 ойга узайтиришни сўрайди.
2024 йил 22 март куни Москва яқинидаги Красногорск шаҳрида «Пикник» рок-гуруҳининг концерти бошланишидан олдин «Крокус Сити Холл» концерт залига бир неча эркак бостириб кириб, томошабинлар ва ходимларга қарата ўқ узди. Шундан сўнг, бинода ёнғин юз берди. Россия Бош прокуратураси хабарига кўра, теракт оқибатида 147 киши ҳалок бўлди, 336 киши жароҳатланди. Уч киши бедарак йўқолди. Етказилган зарар 5,7 млрд рублни ташкил этди.
2024 йил май ойида Россия Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников «террорчиларнинг тайёргарлик ҳаракатлари, молиялаштирилиши, ҳужуми ва чекиниши Афғонистон-Покистон ҳудудида бўлган «Вилоят Хуросон» гуруҳи аъзолари томонидан интернет орқали мувофиқлаштирилгани» ҳақида хабар берди.
ИИВ маълумотларига кўра, улар ҳужумнинг тўрт нафар ижрочиси - Далержон Мирзоев, Муҳаммадсобир Файзов, Шамсиддин Фаридуний ва Саидакрами Ражабализодани ёллаб, уларни хорижда тайёргарликдан ўтказган.
Тергов версиясига кўра, жиноят Украина махсус хизматлари иштирокида режалаштирилган ва амалга оширилган. Россия Тергов қўмитасининг таъкидлашича, теракт содир этилгандан сўнг тўрт нафар ижрочи Украинага қочишга уринган, бироқ Брянск вилоятида қўлга олинган.
Мавзуга оид

23:06 / 04.08.2025
Россия ядровий ракеталарини яна Европага қаратишини маълум қилди

20:33 / 04.08.2025
Трамп Россия нефтини сотиб олаётган Ҳиндистонни жазолашга ваъда берди

20:09 / 04.08.2025
Россияда жиноятчи мигрантларнинг қариндошларини жазолаш таклиф қилинди

19:11 / 04.08.2025